Муҳаррир пора олаётганда қўлга тушди

Инсон қандай вазифада фаолият кўрсатмасин, виждони ва қонун олдида бурчли эканини ҳис этиши керак. Айниқса, у мудом халқ эътиборидаги ижод соҳасига доир бўлса, масъулият яна бир карра ошади. Бироқ нафс амрига қулоқ тутиб, қинғир ишнинг бошини тутган кишилар ҳам учрайдики, уларнинг биргина қилмиши кўпчиликнинг бутун соҳага нисбатан қарашларини ўзгартириши мумкин.

Қашқадарё вилояти телерадиокомпанияси муҳаррири лавозимида ишлаб келган Р.Т. ҳам, афсуски, ана шундай инсонлардан бирига айланди, деб хабар бермоқда mahalladosh.uzнинг Қашқадарё вилояти мухбири. У Касби туманидаги умумтаълим мактабларининг бирида ўқитувчи бўлиб ишлаб келаётган Р.Й. га мактаб директори бўлиши учун ёрдам беришини айтиб, ундан пул таъма қилади.

Унга пулни беришга рози бўлган Р.Й. бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимларига хабар беради. Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ва Қарши шаҳар прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Р.Т. 3 миллион 500 минг сўмни фирибгарлик йўли билан олаётган вақтда қўлга олинди.

Ҳамма жойда ўз вазифасига нолойиқ одамлар учраганидек, бундайлар журналистикада ҳам топилади. Кимдир журналистликни халқ дарду ташвиши билан яшаш, шу билан обрў, ҳурмат-эътибор қозониш воситаси деб билса, бошқа биров ОАВ вакилларига берилган ваколатдан ўз манфаати йўлида фойдаланишга интилади. Қонун олдида эса ҳамма бирдек жавобгар.

Изоҳ 2

2018-11-07 15:03:42

Расво булибдида. Гуруч курмаксиз булмайди. Бу хак гап. Онамизда шундайлар борлиги журналист деган машаккатли касбни бир умр ардоклаб келаётганлар шаънига хам дог тушираяпти.

Изоҳ қолдириш