Ўзбек олими Бутунжаҳон Фанлар академияси аъзолигига сайланди

Фото:фанлар академияси матбуот хизмати
Фото:фанлар академияси матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институти назарий астрофизика бўлими бошлиғи, физика-математика фанлари доктори, профессор Аҳмедов Бобомурат Жўраевич Бутунжаҳон Фанлар академияси (The World Academy of Sciences, TWAS) аъзолигига сайланди. Бу ҳақда Фанлар академияси матбуот хизмати хабар берди.

TWAS академияси 1983 йилда Нобель мукофоти лауреати, назариётчи физик олими Абдус Салам ташаббуси билан дунёда фан ва техниканинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилган. Унинг аъзоси бўлиш – бу жаҳон миқёсидаги олим бўлишни англатади.  

Бутунжаҳон фанлар академиясининг 2018 йил 27 ноябрида Италиянинг Триесте шаҳрида бўлиб ўтган 28-Бош ассамблеясида дунёдаги 104 та мамлакатдан 46 нафар янги аъзолар сайланган, шулар орасида Ўзбекистон Республикасидан Бобомурат Аҳмедов ҳам бор. 

Аҳмедов Бобомурат Жураевич – физика-математика фанлари доктори, профессор, Астрономия институтининг назарий астрофизика бўлими бошлиғи, шу билан бирга, Ўзбекистон Миллий Университети профессори ҳамдир. Унинг асосий илмий ишлари гравитация назарияси, умумий нисбийлик назарияси, релятивистик астрофизика ва компакт гравитацион объектлар физикаси соҳасидадир. У гравитация назарияси, майдонлар назарияси, релятивистик ва ядро астрофизикаси соҳаларида юқори илмий-педагогик тажрибага эга ва шу кунгача унинг муаллифлиги  ва ҳаммуаллифлигида 200 дан ортиқ илмий ишлар чоп этилган.  Олим 2018 йилда “Йил олими—2018”, 2012 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.

Шунингдек, у Марказий Деҳли Университетининг фахрий профессори, Италиянинг Триесте шаҳридаги Халқаро назарий физика марказининг релятивистик астрофизика ва гравитация соҳасида минтақавий координатори, Ҳиндистоннинг Университетлараро астрономия ва астрофизика маркази ва ТАТА фундаментал тадқиқотлар институтининг аъзоси ҳамдир.

Бобомурат Аҳмедов Ўзбекистонда релятивистик астрофизика соҳасида янги илмий мактаб яратган бўлиб, у ҳалқаро эътирофга эришиб улгурди ва ушбу мактабдан бир қатор фан докторлари ва фан номзодлари етишиб чиққан ҳамда кўплаб истеъдодли ёш олимлар тарбияланиб келмоқда.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш