Хоразмда «Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби» очилди

Фото: oila markazi
Фото: oila markazi

Хоразмда «Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби» очилди. Ушбу мактаб «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан Ёшлар иттифоқи ва Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Бу ҳақда Ёшлар медиа маркази хабар бермоқда.

Мазкур мактабни очишдан асосий мақсад ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, бўлғуси келин-куёвларга ҳаётий тажрибалардан сабоқ бериш, уларнинг оилавий муносабатлар бўйича билим ва кўникмаларини оширишдан иборат.

Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази директори, сенатор Дилором Тошмуҳамедова, Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Хоразм вилояти Кенгаши раиси Мансур Машарипов, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулсара Қурбонбоева ҳамда мутасадди ташкилот раҳбарлари, вилоятдаги ёш оила вакиллари иштирок этишди.

Ёш оилаларга семинар-тренинглар ўтиш учун вилоятдаги энг намунали оилалардан бири Машариповлар оиласи ҳам таклиф этилиб, оиланинг бирдамлиги, тотувлигида нималарга эътибор қаратиш тўғрисида ҳаётий мисоллар келтирилди.

Очилиш маросимидан сўнг махсус тренерлар томонидан ёш оила вакиллари учун биринчи ўқув-семинар ўтказилди.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш