Юзи кесилган аёл, ёҳуд “Instagram” фожеаси

Фото: Яндекс
Фото: Яндекс

Бугун ҳаётнинг ҳеч бир жабҳасини рекламасиз тасаввур қилиш қийин. Болалар таглигидан тортиб, рўзғордаги эски-туски буюмларгача рекламанинг асосий мавзусига айланди. Бунда айниқса,  ижтимоий тармоқлар жуда қўл келади.  Рекламадан кундалик ҳаётда энг кўп фойдаланадиган — санъаткорлар.   Шу боис буни кўпчилик табиий қабул қилади.

Куни кеча туман кўп тармоқли шифохонасининг жарроҳлик бўлимига келтирилган аёл  айнан “Instagram”  қурбонига айланишига бир баҳя қолди.  У  санъаткор аёлларга ҳавас қилиб ўзининг чиройли қомати акс эттирилган суратини “Instagram” га жойлаштиради. Оқибатини ўйламаган бу аёлда ҳеч қандай ғараз ният йўқ, шунчаки унда қизиқиш устун келган,  дугоналарига ҳавас қилган. Кўп ўтмай тармоқдаги эркаклардан “Гўзалсиз”, “Танишайлик”, “Кетворган экансиз” (айрим уятли сўзларни ёзишга истиҳола қилдик) каби хабарлар кела бошлайди. Аёлнинг телефони эрининг қўлига тушиб қолади ва жанжал бошланади. Эр жаҳл устида хотинининг сочидан тортиб, бошини ойнага уради. Ойна зарбдан чил-чил синиб, аёлнинг юзини кесиб юборади. Жаҳлини жиловлай олмаган эр юзидан тирқираб қон оқаётган аёлини суратга олади. “Мана энди кесилган юзингни“Instagram” даги “ака”ларингга юбор”, дея дўқ уради. Сўнг хотинини  ўзи шифохонага олиб келади.

Жарроҳлар томонидан аёлга биринчи ёрдам кўрсатилиб, юзининг йиртилган жойлари тикилди. Эркак ҳам тегишли жазосини олди. Аммо аёлнинг ойдек юзида бир умрлик чандиқ эсдалик бўлиб қолди. Хўш, бунда ким айбдор?

Қадим-қадим замонлардан ўзбек аёлларининг гўзаллиги, латофату фидойилиги  шоир, ёзувчилар томонидан ғазалу достонларда мадҳ этилиб келинган. Аслида аёлнинг гўзаллиги ўзини кўз-кўз қилишда эмас, уни покиза сақлашда. Шундай экан, яна сирли хилқатга айланинг. Шунда оила бошлиғи-эркакнинг кўнгли сиздан хотиржам бўлади. Ишончи ортади. Нигоҳлари сизга ўринсиз рашк билан эмас, меҳр билан боқади.

 

Нигора РАҲМОНОВА 

Изоҳ 1
123123

2018-12-05 11:46:06

Эри ошириб юборган булши мумкин лекин тугри иш килган

Изоҳ қолдириш