Қалб ҳеч қачон қаримайди, ёҳуд муҳаббат — соппа-соғ юрган адабиёт ўқитувчиси...

Фото: photographers
Фото: photographers

Оилалар хиёнат, моддий етишмовчилик, атрофдагиларнинг халақит беришидан пароканда бўлмоқда. Умид билан бир ёстиққа бош қўйган эр-хотин фарзандсизлик туфайли ажрашмоқда. Бундай хунук ҳолатнинг статистикада фоизлари ҳам бор. Аммо назаримда 100 фоиз оилалар эр-хотин ўртасида муҳаббат йўқлигидан  бузилмоқда. Агар икки ёш бир-бирини севса хиёнат қилмайди, бир-бирини севса моддий етишмовчилик қийинчилик туюлмайди, бир-бирини севса атрофдагилар билан курашиб яшайди, бир-бирини севса фарзанд боқиб олиб бўлсада яшайди. Фақат муҳаббатгина оилани сақлаб қолади. Баъзида  моддий қийинчилик бор жойда севги бўлмайди, дейишади. Бекор гап — агар бир-бирингизга муҳаббатингиз бўлса   моддий қийинчиликни биргалашиб енгишингиз мумкин. Нима учун айни пайтда бекаму кўст узатилаётган қизлар арзимаган қийинчиликларни деб янги оиласини осонгина ташлаб кетаяпти. Ёки йиллаб отасиникида юраверади. Агар у эрини ростдан ҳам севса бир кун усиз ўтган кунига ачинмайдими?

Муҳаббат нима? Муҳаббат ҳақида ҳамиша, ҳар қандай ёшда  нимадир ёзгимиз ёки ўқигимиз келади. Чунки қалб қаримайди. Баъзилар эса, “қариганда муҳаббатга бало борми” ёки  “оила қургач муҳаббат ўлади”, дейишади. Йўқ, муҳаббат ўлмайди. Уни ўлдиришади, уни ўлдирамиз. Донишмандлар айтганидек, муҳаббат ҳам, никоҳ ҳам таъмирлаб турилиши керак бўлган бинога ўхшайди. Уни таъмирлаб турмасангиз нураб бораверади. Таъмирлаш эса инсон қалбидан жуда катта оқилалик ва фидойиликни талаб қилади.

Сизга гул тутмаётган, сиз билан қўл ушлашиб боғ айланмаётган, сизга серенада куйини ҳадя қилмагани учун муҳаббат йўқ дейсизми? Бизда романтика нима? Бизда турмуш ўртоғингизнинг ташвишли ҳолга тушганида “нега менга бир оғиз айтмадингиз”, дея ўкинганингизда унинг “сени ташвишланмасин”, дегани сизга нисбатан муҳаббати эмасми? Муҳаббат серенада, муҳаббат романтика, муҳаббат даста-даста гул совға қилиш, муҳаббат чиройли жойларда сайр қилиш, муҳаббат чиройда деганлар адашади. Муҳаббат тиз чўкиб узук совға қилиш ёки атиргул гулкосаларини пойингизга тўкиш дегани эмас. Муҳаббат мен болалагимда тез-тез гувоҳ бўладиганим  Мажид бобонинг оёқ қўли ишламай, букчайиб қолган, бир умр бефарзанд ўтган Тиниқ момони ёзда ҳар куни елкасида опичлаб супага олиб чиқиб қўйгани. Бобонинг “момонг қуёшнинг чиқишини томоша қилишни яхши кўради-да”, дея айтган гаплари — севги. Муҳаббат — соппа-соғ юрган адабиёт ўқитувчиси — дугонам юролмай қолганда уни ҳар куни аравачада эрининг ўзи турли тадбирларга олиб бораётгани. Тўшаккка михланган куни дугонам эрига “мен розиман, бошқасига уйланинг”, деб айтганида, турмуш ўртоғи аразлаб уч кун гапирмай қўйгани муҳаббат. Яна у кундузи хотинини тадбирма-тадбир олиб юриш учун тунги сменада ишлайди. Уларникига борсам қалбим ёришади, уларникида соф муҳаббатни, ўлмас севгини кўраман. Муҳаббат кеча яқинда руҳий хасталиклар шифохонасида гувоҳи бўлганим: хотираси панд бераётган хотинига “ҳамма нарсани унутсанг ҳам мени унутмаслигинг керак”, дея ҳазиллашиб кўнгил кўтараётган эркак.

Ҳусни билан мақтанолмайдиган (ўзи шундай дейди ҳар доим) бир дугонамни 3 ёш кичик йигит севиб қолди. Йигитни оиласидагилар уни олиб бермаймиз деб аюҳаннос солди. Аммо йигит шу қиздан бошқаси керак эмас деб туриб олди. Дугонам уларнинг оиласига боргач анча қийналди. Аммо бир гапни тинмай такрорларди: мен муҳаббатим учун курашаман. У билан ҳазиллашиб, “эрингнинг оиласи мутлақо бошқа олам, катта қозон. Бир-бирини аямайди, ким зўр бўлса ўша ғолиб, аммо  сен уларнинг оламига сираям кирма, керак бўлса улар сенинг оламингга кирсин”, дердим. Дугонам шундай қилди. Соф қалбини, беғубор туйғуларини сира ўлдирмади. Қаранг-ки орадан 20 йил ўтди. У ҳозир тўрт овсинининг ичида энг севимли келин, янга, рафиқага айланди.

 Биз кузатувчи эмасмиз, биз атрофимиздагиларни кузатиб ўзимизнинг қалбимизни таъмирлаб турмаймиз. Шунинг учун ҳам қарашларимиз қаричларимиздан-да майда.

Муҳаббат Аллоҳнинг инояти деганди менга бир кекса одам. Уни Худо ҳаммага ҳам марҳамат қилавермайди, деганди яна.

Баъзида гўзалликни севиш билан ҳақиқий муҳаббатни чалкаштирамиз. Баъзида эр кетиб қолмаслиги учун аёллар ўзига қараб юриш керак, деган ақидани илгари сурамиз. Бу мен учун худди муҳаббатни  мажбуран ушлаб қол деганга ўхшайдиган гап. Инсон ҳар хил ҳолатда бўлади. Ҳар куни чиройли кийиниб, пардоз-андоз (яна эриб мендан кетиб қолмасин деб) қилишга баъзан қунт бўлмайди, баъзан ҳафсала, баъзан вақт. Менимча муҳаббат сиз охори тўкилган кийимда юрсангиз ҳам эрингиз сизни ҳар доим гўзал кўриши, сиздан камчилик қидирмаслиги. Эрингга доим чиройли кўриниб юр дегани, эринг эртага қарисанг ёки касал бўлиб михланиб тўшакка ётсанг қарамасаям бўлади, ўзига қарайдиганига кетаверсин, деганими? Оч қоринга муҳаббат ҳам ёқмайди, дейишингиз мумкин. Аммо муҳаббат ана шу оч қоринга ёққани учун ҳам муҳаббат дейилади.

Шундай одамлар бор хотини ёки эри қандай бўлса камчиликлари билан бир умр яхши кўради, шундай одамлар бор идеал одамдан ҳам камчилик қидириб муҳаббатини ўлдириб яшайди. Айнан ўша идеал, камчиликсиз инсонни қидириб яшайдиган ва ўша камчиликсиз одамни ҳам қадрламайдиган одамлар муҳаббат йўқ дейишади. Аслида у севишни билмайди. Ҳа, ҳа у севишни билмайди. Севгини тушунмайди янаям аниқроғи қалб муҳаббат тарбиясига муҳтож. Гўзалликдан қидиради. Гўзалликдан муҳаббат қидирган одамнинг муҳаббати муҳаббат эмас. Қалб гўзаллигини қидирган одамнинг муҳаббати муҳаббат. Буни тушунтириш жуда қийин ва осон. Инсоннинг қалбини ҳис қилган ва тушунган одамга, унинг ташқи гўзаллиги иккиламчи бўлиб қолади. Бу меҳр дейишингиз мумкин. Муҳаббат бўлмаса бирор инсонга меҳр туғиладими?

Фақат сиз буни муҳаббат деб ҳис қилганингизда у муҳаббатга айланади. Агар ўртангизда жиддий муаммо бўлмаса, ҳозирдан ўзингизда шу туйғуларни ҳис қилишни бошланг... Романтикачи дейсизми? Романтика сизнинг қалбингизда. Ўша серенада, ўша атиргул гулкосалари барчаси сизнинг қалбингизда фақат уни тинглай билсангиз, гулкосаларини кўра олсангиз бас. Сиз муҳаббатни бир умр ҳис қилиб яшамоқчимисиз, унда уни ўлдирманг. Ёнингиздаги одамни ҳис қилинг. Бу жуда қийин ва жуда осон иш.

 Барно СУЛТОНОВА

 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш