Жаҳонгир Позилжоновнинг “Меҳмоним” қўшиғи Бадиий кенгашдан ўтмади

Фото:
Фото: "Ўзбеккино" агентлиги

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси қошидаги қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳолаш Бадиий Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Кенгашда 16 нафар хонанда томонидан тақдим этилган видеоклиплар кўриб чиқилди. Бу ҳақда “Ўзбекконцерт” ахборот хизмати маълум қилди.

“Ниҳол” мукофоти совриндорлари Ирода Дилрознинг  “Ўғлим”, Шароф Муқимовнинг “Қора кўзлар”, хонандалар Зилола Мусаеванинг (Шаҳзода) “Мен ўша”, Отабек Муҳаммадзоҳиднинг “Она”, Қиличбек Мадалиевнинг “Севги”, Жасур Мавлоновнинг “Нетай” қўшиқларига ишланган видеоклиплари муҳокама қилиниб эфирга узатишга тавсиялар берилди. “Мароқанд” гуруҳининг “Торимнинг сири”, Элвин Мирзезаде ва Шаҳризода Аҳмедова билан ижро этган “Ҳасрат” қўшиқларига олинган видеоклипларига истисно тариқасида рухсат берилди.

Хонандалар Жаҳонгир Позилжонов ва Дилафрўз Ҳайитметовалар ижро этган “Меҳмоним” дуэти,  Севара Юсупованинг (Севара таҳаллуси билан эфирга чиқаётган)  “Узун йўл”, Маҳлиё Омоннинг “Фарғонадан”, Жаҳонгир Отажановнинг “Қадди баланд”, Достон Убайдуллаевнинг “6-хонадон”, Алишер Зокировнинг “Майли, майли” қўшиқларига олинган видеоклиплари муҳокама қилиниб, уларда баъзи жузъий камчиликлар кўзга ташлангани сабабли рад этилди.

Хонандалар Бадиий кенгаш аъзолари томонидан рад этилган видеоклиплардаги қўшиқ матни, мусиқаси, видеоклип дастури (сценарийси)нинг ғоявий-бадиий савиясига алоҳида эътибор қаратиб, кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб, Бадиий кенгашга қайта топширишлари мумкинлиги маълум қилинди.

 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш