Фарзандимизни “ҳадя”ларга ўргатяпмиз(ми?)

Фото: journalby.com
Фото: journalby.com

Янги йил байрам ўтганига бир ҳафтадан ошган бўлса-да, ҳамкасбларим ҳамон байрам таассуротлари билан ўртоқлашишмоқда.

– Болангизнинг “боғча опаси”га нима бердингиз? – деди Малика.

– Пул йиғилмайди, дейилган. Яхшиям, ширинликлар олиб борибман “боғча опаси”га. Бошқа ота-оналар совға-саломлар билан боришган экан, – деди Салимахон.

— Эҳ, шу совға бериш ҳам бор бўлсин, — дея жиғибийрон бўлди Фароғатхон. — Болалар учун Янги йил совғасига пул йиғилмайдиган аксинча, болажонлар учун ота-оналар ширинликлар тўлдирилган совғақопчалари олиб келадиган бўлгандик. Шу десангиз, ота-оналар фарзандлари учун совғақопчаларига қўшиб, катта-катта қўғирчоқлар, машиналар ҳам олиб келишди. Бошқа болалар термулганча қолишди...

– Боғча опаларга совға бермасангиз-чи, унда нима бўлади?

– Бериш керак-да, у ерда болаларимиз бор. Тузукроқ совға қилсангиз, болага яхши қарайди.

Ўйлаб қолдим: аёллар ана шу совғалари аслида “пора” эканини билишармикан?! Балки била туриб, ўзлари айтганидек, совға берса, кўнгиллари хотиржам бўлар...  

Юртбошимиз коррупцияга қарши таъсирчан кураш механизмларини жорий этиш керак, дея бизни сергакликка чорлаётган бир пайтда бундай иллат илдизи ичимизда эканини чуқур ўйлаб кўрайли. Бугун ота-она фарзанди учун боғча опага совға беради, эртага бу ҳолат мактабда, кейинчалик институтда, сўнг ишга кириш учун ҳам ана давом этади. Натижада, бола онгида бирор манфаат эвазига иш битириш мумкин, деган фикр шаклланиб бораверади. Бундай йўл билан порахўрларни ўзимиз тарбияламаяпмизми?!

Сўнгги йилларда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш, турли жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир. Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия ташкил этилгани бу йўналишдаги ишларни изчил ва тизимли амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шундай ишлар самараси ўлароқ, ўтган йилларга нисбатан коррупция билан боғлиқ жиноятлар 30-40 фоизга камайди.

Кишилар орасида “ҳалол луқма” деган ибора бор. Ҳалоллик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик тушунчалари юксак бўлган оилаларда тарбияланаётган болалар келажакдаги орзуларига ҳам ўз кучи билан етишади.

Шундай экан, тамагирлик, порахўрлик иллатининг олдини олишда фарзандларимизга намуна бўлайлик. Биринчи навбатда, ота-оналарнинг ўзлари совға кўринишидаги “пора”ларни беришдан тийилиши, жоиз бўлса ташкилотларда айнан шу ҳолатни назорат қилувчи жамоатчилик гуруҳлари ташкил этиши мақсадга мувофиқ.

Моҳичеҳра ЛАТИПОВА.

Изоҳ 1
Mamuraxon

2019-01-08 07:51:32

Muhim mavzu

Изоҳ қолдириш