Сифатсиз кўмир олган маҳаллалар ёҳуд “кўмир таппи” тайёрлаганлар

Фото: Kruz.uz
Фото: Kruz.uz

Қиш эшик қоқиб келиши билан аҳоли аёзли кунлардан эсон-омон чиқиб олиш тадоригини кўришга тушади. Бунда ҳар доимгидек газ, кўмир ва ўтин муаммоси кўндаланг туради. Аммо бу муаммолар ҳануз ўз ечимини кутиб тургани ҳеч кимга сир эмас. Самарқанд вилоятидаги туманларда ҳам газ ва кўмир билан боғлиқ муаммолар учраб турибди.

Қонунчилигимизга мувофиқ, газ бўлмайдиган ҳудудларда аҳоли кўмир маҳсулоти билан узлуксиз равишда таъминланади.

Шунингдек, Самарқанд вилояти ҳокимининг 2018 йил 15 октябрдаги фармойишига асосан 1 декабрга қадар вилоят аҳолисига ажратилган кўмир маҳсулотларини тўлиқ етказиб бериш белгиланган. Бир тонна кўмир аҳоли учун 273 минг сўм, брикет эса 375 минг сўм этиб қийматида. Хўш, аҳоли бугун кўмир билан тўлиқ таъминланганми?

Мисол учун вилоятдаги  Булунғур туманини олайлик. Туманда 4200 та хонадонга табиий газ қувурлар орқали киради. “Ўзтрансгаз” газ тарқатиш бўйича Самарқанд вилояти филиалининг Булунғурдаги 2-сон участкаси маълумотига кўра, 26 560 та хонадон суюлтирилган газ билан ўз вақтида таъминланмоқда. Аммо “ўз вақтида” ибораси газ таъминот корхонасининг нуқтаи назари, албатта. Чунки аҳолига 45 кунда суюлтирилган газ етказиб беришни ушбу ташкилот меъёр сифатида белгилаган. Аслида фуқаро битта кичик хонани 24 соат давомида илиқ ҳароратда ушлаб туриш учун суюлтирилган газдан фойдаланса, 45 кунга мўлжалланган маиший газ баллони 6 кунда бўшайди. Газ таъминоти идоралари суюлтирилган газ фақат овқат пишириш ва чой қайнатиш учун деб, доимо таъкидлаб келишади. Шундай экан, маиший газ баллони табиий газнинг муқобили эмас. Иситиш эса барибир фуқаронинг ўзи ҳал қилиши лозим бўлган муаммо сифатида қолмоқда. Шу боис ҳам фуқароларга кўмир етказиб беришнинг долзарблиги ортаётир.

 Хуллас, ҳақиқий аҳволни билиш учун маҳаллаларда яшовчи аҳоли омборлардан арзонлаштирилган нархда кўмир олганми ёки йўқми, уларнинг бу ҳақда хабари бормикан деган саволларга жавоб изладик.

— Белгиланган нархда маҳаллада кўмир тарқатилишидан бехабарман,  — дейди Булунғур тумани “Мингчинор” маҳалласида яшовчи З.Синдоров. — Яхшиямки, вақтида моторли арра сотиб олган эканман. Қиш келди дегунча ўтин майдалашга кўпчилик чақира бошлайди. Хизмат ҳаққига ўтин келтириб, уйни иссиқ сақлаб турибман. Ўтин йўқ вақтида кўпчилик, баъзан ўзим ҳам бир қоп кўмирни 12 минг сўмга сотиб оляпман. Тахминан 10-12 кило чиқади. Кўмирнинг ўзини ҳам ёқиб бўлмайди. Бугунги кунда  бир машина ўтин 1,5 миллион сўмга сотиляпти.

Тумандаги “Бешкуви” маҳалласида 3700 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ушбу маҳалла аҳолиси учун бу йил 46 тонна кўмир ажратилиши белгиланган. Айни вақтда шундан 36 тоннаси олинган, холос. Аҳоли жон бошига 200 килограммдан ҳисобланган. Аммо ажабланарли томони шундаки, аҳоли имтиёзли нархда кўмир берилишидан хабардор эмас. Устига устак арзонлаштирилган кўмир сифатсиз, ярмидан кўпи кукундан иборат экан. Имкони борлар ёқилғи килосини ўртача минг сўмдан сотиб олишаётган экан. Аксига олиб чироқ ҳам тез-тез ўчаётган экан.

Электр энергияси хусусида туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Икром Муродовнинг маълумот беришича, аҳоли уйни иситиш мақсадида электр иситкичлардан ёппасига фойдаланаётгани боис катта миқдорда ток сарфланиши натижасида трансформаторлар ишдан чиқаётган экан. Натижада тинимсиз авария ҳолатлари юз бермоқда. Таъмирлашга вақт сарфланиб, электр энергиясида узулиш ҳолатлари бўлаётгани таъкидланди.

Дарҳақиқат, айнан кўмир танқислиги ва сифатсизлиги, ҳатто электр таъминотига ҳам таъсир ўтказиб, катта зарар келтирмоқда. Тумандаги аҳолига кўмир тарқатиладиган омбор мудирининг фикри эса умуман бошқача.

— Аҳолига белгиланган миқдордаги кўмирни тўлиқ етказиб беряпмиз, — дейди омбор мудири С.Қаюмов. — Барча маҳалла лимит бўйича кўмирини олиб бўлган. Кўмир сифати ҳақида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас. Сиз кўриб турган кукунлар аслида брикет ишлаб чиқариш учун хомашё.  Барча маҳалла раиси кўмир сифатига эътирозим йўқ қабилида ёзма равишда маълумот берган.

Лекин, буни қарангки, аҳолига берилаётган кўмирнинг сифатсизлиги рад этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Буни тумандаги барча аҳоли тасдиқлайди.

Аввал маълумот берганимиздек, Самарқанд вилояти Пайариқ тумани “Хўжаобод” маҳалласидаги хонадонларнинг бирида иккита газ баллони портлаган. Хонадон эгалари куйиш жароҳати олган. Суриштирувга кўра, маҳалланинг ярмида табиий газ бор. Аммо аҳолининг қолган қисми газ баллонлардан фойдаланади.

— Охирги марта маҳаллада арзон нархда 2017 йили кўмир сотилган, — дейди“Хўжаобод” маҳалласида яшовчи Ж.Эргашев, — Шундан сўнг кўмир тарқатилмади. Ўшанда ҳам тарқатилган кўмирнинг ярмидан кўпи кукундан иборат эди. Ўтган йили бир қўшнимиз 4 тоннача олиб келган кўмирни элаганда ундан бир тонна ҳам кўмир чиқмади. Ўшанда маҳалладагиларнинг кўпчилиги кукундан "кўмир таппи" қилиб уйини иситишда фойдаланишганди.

Қишнинг ўртасига ҳам келиб қолдик. Аммо ҳануз кўмир илинжида ўтирган маҳалладошлар йўқ эмас. Ис газидан заҳарланишлар кўпайиб бораётгани аянчлидир. Аммо барча муаммолар бир-бирига занжирдек чамбарчас боғлиқлиги кундек равшан.

Яқинда Каттақўрғон тумани “Зарқўрғон” маҳалласида яшаган тўрт кишидан иборат оила ис газидан заҳарланиб вафот этди. Воқеа гувоҳларининг айтишича, оила бошлиғи суюлтирилган газда ишлайдиган, Эронда ишлаб чиқарилган иситиш қурилмаси сотиб олган ва уни ёқиб қўйиб ухлаган. Натижада ўзи, хотини, 15 ёшли қизи ва 13 ёшли ўғли вафот этган. 20 ёшли ўғли алоҳида хонада ётгани учун тирик қолган.

Каттақўрғондаги Эронда ишлаб чиқарилган печкалар билан савдо қилувчи дўкон ҳозирда ёпиб қўйилган. Аммо бу масаланинг ечими бўла олармикан?

Вилоят ҳокимлигининг хабарига кўра, 7 та кўмир тарқатиш базалари мавжуд бўлиб, улар Булунғур, Жомбой, Пастдарғом, Каттақўрғон, Нарпай, Пахтачи ва Самарқанд шаҳрида жойлашган. Аммо мутасаддилар иш жараёнида ҳамон оқсоқлик кўзга ташланаётгани кўриниб турибди.

Совуқ кунда қишлоқнинг бир кунида қишлашнинг ўзи аслида биз шаҳарликлар учун туб маънода “қаҳрамонлик” эмасмикан?!

Нилуфар ЮНУСОВА

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш