Айбдор” СМС, ёхуд бузилган оила

Оила — муқаддас қўрғон, улуғ даргоҳ. Азалдан аждодларимиз бу қўрғоннинг мустаҳкам бўлишига алоҳида эътибор қаратганлар. Шунинг учун ҳам халқимизда оиланинг устуни саналмиш эркак ва аёлни улуғлаб, бирини “қўрғон”, бирини эса “соябон” деб аташган. Аммо афсуски, ҳаётимизда бу мустаҳкам қўрғонга айрим ҳолларда дарз кетмоқда.

Хўш, ажримларнинг кўпайиши сабаби нима? Бунга сабаб — бесабрлик ва ишончнинг мўртлиги, ҳурматнинг юзакилигими? Ёки кўнгил ва ақл тарозиси паллаларидаги муозанатни тўғри тақсимлай олмаяпмизми?

Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор деганларидек, ҳар яхшининг ҳам бир ёмони бор. Техника тараққиётида юқори чўққи сари одимлаётган давримизда, интернет, мобил алоқа хизматларини нақадар зарурлигини таъкидлаб ўтирмаймиз. Афсуски, баъзида виртуал ҳаётга берилиб кетиш кўплаб фожеаларни келтириб чиқаряптики, бунинг касри бегуноҳларга ураётгани билан ҳам ачинарли. Қуйида ана шундай воқеалардан бирини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Хулоса чиқариш эса сизларнинг ўзингизга ҳавола:

                       *              *               *

Юзига келиб тушган қаттиқ тарсакидан чўчиб уйғонган аёл хаёлларини жамлаб олишга улгурмасдан иккинчи юзига ҳам тарсаки тушди.

– Йўқол уйимдан, кўрнамак! Ўлдираман сени!

Шапалоқ зарбидан қизарган юзларини силаб турган аёлнинг кўзларига ёш қалқиди.

 – Қайси хушторингни топиб олдинг? Бу смсни  ким ёзди?! – важоҳат билан бақирган эр аёлнинг кўзларига унинг телефонини яқинлаштирди.

Кўзларига милтиллаб турган ёш билан аёл смсни зўрға ўқиди: “Сизни жуда соғиндим, эртага учрашайлик”.

– Ахир бу рақам эгасини …

– Ўчир овозингни, ўзингни оқлашга уринма. Бошқа гапингни эшитишни хоҳламайман, йўқол уйимдан. Агар эртага ишдан келиб қорангни кўрсам, ўзим ўлдираман сени.

Бўлмади…

Ширингина бахтли оилага нуқта қўйилди. Уч яшар қизалоғи билан аёл қариб қолган муштипар онаизорининг олдига қайтиб келди.

                       *              *               *

Яқинда тўйи бўлаётган қайинсинглисига келин либоси танлаш учун аёл ва қайинсингил либослар салонига отланишди. Кун бўйи улар узоқ айланишди. Энг чиройли келинлик либосларини кўришди. Ҳатто улардан бирини танлаб буюртма ҳам қилиб қўйишди. Офтобнинг иссиғида юриб чарчагач,  бирор нима тамадди қилиб олиш илинжида йўлнинг четидаги кафелардан бирига киришди.

Буюртма қилган таомлари келгунга қадар қизгина телефонини титкилашга тушди.

- Вой, заряди ўчиб қолибдику. Келинойи телефонингизни бир зумга бериб туринг.

Қизгина телефонда узоқ суҳбатлашди. Бўлажак турмуш ўртоғи – севилиб, севиб топган йигит билан. Бўлғуси тўйлари, тўйдан кейинги ҳаёти, орзулари ҳақида тўлиб – тошиб гаплашишди.

Аёл ва қайинсингил уйга қуёш уфққа бош қўяётганда келишди.

Турмуш ўртоғи ва қизалоғини кечки ширин овқатлари билан сийлаган аёл, дастурхонни йиғиштириб, идишларни ювгач ухлаш учун хонасига кириб кетди. Чунки бугун у чарчаганди.

Қизалоғи билан уйнаб ўтирган йигитни стол устида турган хотинининг телефонидан келган овоз диққатини тортди. Смс келган эди унга бегона рақамдан: “Сизни жуда соғиндим, эртага учрашайлик”.

Кундузи қўнғироқ қилиб гаплашгач рақамни ўчириб ташлаган қизгина: “Бу менинг рақамим эмас, келинойимнинг рақами” – дейишни унутган эди. Ширингина, бахтли оиланинг бахтига нуқта қўйган хабар эди бу …

Комилжон АСЛОНОВ

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш