Маҳалла марказлари 4 миллиард сўм эвазига барча қулайликларга эга бўлади

Фото: Daryo.uz
Фото: Daryo.uz

Маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини оширишга бўлган эътибор халқни рози қилиш, фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечириши, манфаатларининг ҳимоя этилиши йўлидаги ҳуқуқлари қадр топиб бораётганидан далолат.

Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида 207 та маҳалла фуқаролар йиғини фаолият кўрсатади. Ушбу маҳаллаларда 106686 та хонадон мавжуд бўлиб, уларда 512004 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Маълумки, мамлакатимизда маҳалла марказларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, "Ўзбекистон", "Сўғдиёна", "Гулистон",  "Боғдод", "Мотрид",  "Боғи Феруза", "Даҳбедий", "Қўшҳовуз", "Ширин", "Бешчинор" ҳамда "Машъал" сингари маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар бунга мисол бўла олади. Қувонарлиси шундаки, ушбу маҳаллаларда янги маҳалла марказлари барпо этилиб, ходимлар яқин кунларда шинам ва барча қулайликларга эга бўлган биноларга кўчишади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш республика кенгашининг 2019-2029 йиллар бўйича комплекс ривожлантириш режасига биноан, янги йилдан маҳалла институти фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида аҳамият қаратилади. Режага биноан биноларнинг 60 фоиздан ортиғи янгидан қурилди. Қолган қисми эса қайта таъмирдан чиқарилган. Бу ишларга 4 миллиард сўм­дан зиёд маблағ сарфланмоқда. Қайд этиш жоизки, қурилиш ишларининг аксар қисми тадбиркор ва ҳомийларнинг беғараз ёрдами туфайли амалга оширилди.

Маҳалла марказларининг моддий-техник базасини мус­таҳкамлаш, қурилиш-таъмирлаш, шунингдек, мебеллар, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва интернет билан таъминлаш борасидаги ишлар доимий равишда давом эттирилади. Хусусан, ҳар бир маҳалла марказида замонавий услубдаги кутубхона ҳам ташкил қилиниши белгиланган.  

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш