“Гап”даги қизлар

Фото: Яндекс
Фото: Яндекс

Бугун шаҳар ёки туман марказларидаги исталган овқатланиш шохобчасига кирсангиз, 10-15 нафар аёллар йиғилишиб,” гап” ўйнаётганининг гувоҳи бўласиз.    Яқинда, оналар бошлаган мана шу “анъана” қизларга ҳам юққани ҳақида эшитиб, хайрон бўлиб қолдим. Хўш, эндигина  16-17 ёшга кирган  қизларни “гап” ўйнашга нима мажбур қиляпти? Бу “гап”ларнинг оқибати нима билан тугайди?

— Қизим бу йил касб-ҳунар коллежининг иккинчи босқич ўқувчиси,— дейди Саломат исмли аёл. —Ўқиш бошланганидан сўнг синф сардори қизларни йиғиб, “Гап ўйнаймиз, ким шу гапга қўшилса, бизни гуруҳда юради”, деб шарт қўйибди. Ҳар бир қиз ҳафтасига 50 минг сўмдан  берар экан. Гапдан тушган пулга кийим олишармиш. Қизимга сен ўйнамай қўяқол, ундан кўра дарсларинг ҳақида ўйла, десам, “Қизлардан ажралиб қоламан, кейин ҳеч ким мени гуруҳга қўшмай қўяди”,— дейди. Ноилож, рози бўлдим.

— Ўтган йили қизим иккинчи курсда ўқирди, суҳбатга қўшилди Нодира опа. — Май ойининг охирги кунлари  тўсатдан ошқозонида кучли оғриқ бошланди. Шифокорга олиб бордим. Узукун очлик ва ташналикда юравергани учун ошқозонида яллиғланиш бошланибди. Кейин билсам, тушлик учун берган пулларимни йиғиб, “гап”га тўлаб юрган экан. Коллеждаги дарслари соат учда тугайди. Ундан сўнг қўшимча дарсларга боради. Уйга соат еттиларда кириб келади. Эрталабки чойи билан куни бўйи оч юриб, кечқурун овқатланади. Ёз бўйи шифокорга қатнаб, даволаш муолажаларини олдик. Жони оғриқдан қийналди шекилли бу йил ўзи “гап”га қўшилмайман, деб қолди.

Атрофдагиларни фикри муҳим

Одина ОТАЖОНОВА,

Психология фанлари номзоди, доцент:

—16-17 ёшли қизларда атрофдагиларга тақлид кучли бўлади. Лидерларнинг сўзларига эргашиш, кучлироқ тенгдоши томонидан фикр айтилдими ўшанга хўп, деб бўйсуниш ҳисси бу ёшда юқорироқ.   Уларнинг ўз анъаналари бор. Уюшқоқлик кучли бўлганлиги сабабли ана ўша анъаналардан воз кечишга қатъият етишмайди. Аслида энг яқин ўртоғи битта бўлади, лекин  гуруҳдан ажралиб қолишдан чўчийди. Ўзлари ёқтирмаган нарсаларини қабул қилишга мажбур бўлишади. Эътироз билдиришга эса атрофдагиларнинг пичинг гапларидан чўчийди. Шу сабаб баъзида уларда нотўғри ишларга ҳам  тобеликни кўрасиз. Бу ёшда улар кўпроқ обрў-эътиборга интилишади. Ўзларини эмас, атрофдагиларнинг эътибори, фикри муҳим.

Она бўлиш эҳтимоли камаяди

Нодира БЕРДИЕВА, олий тоифали акушер гинеколог:

— Қиз болаларнинг ўз вақтида овқатланмасликлари ёки парҳез тутишлари натижасида организмда оқсил, минерал моддалар камайиб кетади. Бу эса иммунитетнинг сусайишига олиб келади. Оқибатда тез-тез касалликка чалинадиган бўлиб қолишади. Бу  улар жинсий органларининг ривожланишида ҳам нуқсонлар келтириб чиқаради. Қиз бола 18-20 ёшгача парҳез тутиши мумкин эмас.

Ошқозон ичак системаси бузилиши натижасида, ҳазм органларида муаммо бошланади. Ҳозир кўп қизлар қабзият(ич қотиш),дан азият чекишади. Бунга қиз боланинг ўзи ҳам, онаси ҳам эътибор бермайди. Бунга касаллик, деб қарашмайди. Аслида қиз боланинг жинсий организмида энг кўп муаммолар қабзиятдан келиб чиқади. Ҳайзнинг оғриқ билан ўтиши, гармонал ўзгаришлар, камқонлик каби.

 Ҳар бир қиз вояга етиб, турмушга чиққач, она бўлишни истайди. Аёл ҳомиладор бўлганидан сўнг ҳар ойда 1 килограммдан  вазн қўшилиши керак. Туғруқ жараёнигача бу 10 килограммга етади. Қиз боланинг балоғат даврида вақтида овқатланмай юрганининг оқибати мана энди билинади. Витамин ҳамда минералларни етишмаслиги ҳомилани ривожланишига таъсир кўрсатади. Ҳомиладор бўлганидан сўнг, витаминли овқатларни истеъмол қилиш зарур. Овқатни кам истеъмол қилишга одатланган ошқозонни мажбурласангиз-да, таомни  қабул қилишни истамайди. Натижада бундай аёллардан нимжон  болалар туғилади. Ёки  бола тушиш кузатилади.

Маош олса ҳаммаси эсдан чиқади

— Бошқаларни билмадим-у, шахсан менга дугоналарим билан гап ўйнаш ёқади,—дейди Шохсанам исмли коллеж ўқувчиси. — Онамга камчиликларимни айтсам, “ Бироз шошмай тур, маошим чиқсин, кейин олиб бераман”,— дейди. Маоши чиққанидан кейин бошқа ҳаражатлар кўпайиб кетиб, яна ёдларидан кўтарилади. Шу сабаб тушликка берган пулларини тежаб-тергаб, гапга ишлатаман. Ўтган йили гапдан тушган пулга оёғимга туфли, эгнимга жемфер яна этик ҳам сотиб олдим. Ҳозирги қизлар кийинишингизга қараб дугона бўлади. Эгнингиз юпун бўлса, ҳеч ким эътибор қилмайди.

Оналардан ўрганишяпти

Саломат ая, 70 ёш.

— Тўрт нафар фарзандим бор. Уларни ўқитиб, уйли-жойли қилгач, нафақага чиқдим. Кўнгил яқин дугоналар келишиб, нафақа пулидан гап ўйнашни режалаштирдик. Сафимизда ўн нафар аёллар бор. Бизни ёшимизда гап ўйнаш ҳам кайфиятимизга, ҳам соғлиғимизга фойдали. Уй-рўзғор, невара-чеваралар ташвишидан бироз чалғиймиз. Аммо ҳали турмушга чиқмаган, бирор касбнинг этагини тутмаган қизларни гап ўйнашни ташкил қилишларига мутлақо қаршиман. Менимча, бу қизлар ҳозир коллежда ўқитилаётган фанлар ҳақида ўйлашлари  зарур. Ҳафтасига пул йиғиб, гап ўйнаш уларни ўқишдан чалғитади. Баъзида  ёшгина жувонларни бир ойда уч-тўртталаб гапга боришлари ҳақида эшитиб қоламан. Улар маблағни қаердан топишади, хайронман. Менимча, оналар ибрат бўляпти бу қизларга. Улар газета, китоб ўқимайди. Вақтларини сериал кўриш-у, ғийбат гапларга сарфлайди.

Ўзбошимча бўлиб қолишади

Меърожбек ХАЙДАРОВ,

“Қўйлиқ ота” жоъме масжиди имом ноиби:

— Пайғамбаримиз (с.а.в)муборак ҳадисларида: “Уч-тўрт киши бўлиб йўлга чиқсанглар, ораларингдан бир кишини раҳбар қилиб, тайинлаб олинглар. Ўшанда манзилга етасизлар” , деган жумлалар бор. Оналаримиз, қизларимиз оиланинг бошлиғи бўлган эркакка яъни отага итоат қилса, улар бошлаган йўлдан борсалар албатта хатога йўл қўйишмайди. Афсуски, кўпинча оналаримиз  отасидан беркитиб қизларининг муаммоларини ҳал этишга уринадилар. Қарз-ҳавола қилиб бўлса ҳам уларни кийим-кечак, моддий нарсалар билан таъминлашга интиладилар. Юқорида фикр билдирилганидек тўй-томошо, гап-гаштакларга ҳам отасидан рухсат сўрамай кетишга одатланишади. Бундай оилада улғайган қизлар оилали бўлгач турмуш ўртоғи, қайнона-қайнотасини менсимайдиган, сўзига қулоқ солмайдиган ўзбошимча бўлиб қолишади.

Ушбу мавзу юзасидан коллеж ўқитувчиларининг мулоҳазаларини ҳам олмоқчи бўлдим. Аммо фикримдан қайтдим. Ахир уларнинг айтадиган фикрлари аниқ. “Бизнинг коллежимизда бундай ишларга йўл қўйилмайди! Шу каби муаммоларнинг олдини олиш учун, маънавий-маърифий ишлар яхши йўлга қўйилган”... Хуллас, хулоса сиздан азиз ўқувчи!

Нигора РАҲМОНОВА  

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш