Тўйни қисқартиряпмиз. Аммо нега тўйдан кейинги “олди-берди”лар оилаларни бузаётгани билан ишимиз йўқ?

Холида опа “Қиз узатдим, энди харажатни ҳам, ҳаракатни ҳам тўхтаман”, деб ўйлаганида “чучварани хом санаган экан”. Тўйдан бир-икки ҳафта ўтар-ўтмас янги қудалар келадиган бўлишди. Тўйдан аввал ортиқча “олди-берди”лар қилинмаслиги ҳақида қудаси билан гаплашиб олганди. Шу боис Холида опа дастурхонни чиройли ясатиб, келинлари билан биргаликда турли хил таомлар пиширишни режалаштириб қўйди, холос.

“Қуда чақириқ”дан бир кун олдинги қўнғироқ Холида опани шошириб қўйди:

— Ойи, биз кўпчилик борадиган бўлдик, бериладиган пакетларингиз етадими?

— Қўйсанг-чи, қизим, қудам билан “олди-берди” сарполар қилмаймиз, деб келишгандик-ку.

— Ойижон, қайнонамнинг: “Қовурдоқ” куни биз уларга пакет қилгандик энди қудамнинг ҳимматини кўрамиз”, деб телефонда гаплашаётганини эшитиб қолдим...

Ҳа, она-да. Тўй сарполариниям қилсам қизимнинг бахти учун дея қарзга ботиб бўлса-да қимматроғидан олган она яна ишга киришди. Келинларнинг бири бозорга иккинчиси ширинликлар дўконига югурди. Тез орада аёл қудалар учун хрусталь идиш ва ширинликлар солинган пакетлар, эркаклар учун сарпо тўнлар ҳозирланди.

Меҳмонларга турли-туман таомлар тортиляпти. Янги келин онасини четга тортди. Қайнонаси ва куёвга нималар олинганини сўради. Қайнонага бир кийимлик материал ва куёвга тўн эканини эшитган қиз яна нималардир қўшиш керак дея туриб олди. Шошилинчда топилган нарса ҳам — янги қуда Сапура опа берган нимча эди. Холида опа “яхши нарса, қудамнинг ўзи кияр” дея уни ҳам қайнона пакетига қўшди.

Ана энди куёвга нарса қидириш керак. Холида опанинг келини шивирлаб “Ўғлингизнинг банний халати бор, бир марта кийганлар балки шуни…”. Ҳовлиқиб турган аёлларга ҳам бу гап ёқиб тушди. Халат янги пакетларга солиняпти. “Секин-секин ҳеч ким эшитмасин” дейди аёллар. Кўпқаватли уй эмасми? “Ҳеч ким эшитмасин” деган гапларни янги куёв эшитиб улгурган экан.

Қудалар совға-саломлар тўлдирилган пакетларни,  қайнона эса қимматбаҳо ширинликлар, қаҳваю чойларгача солинган патнисни, совға дея берилган пакетни қўлтиқлаб чиқиб кетишди.

Холида опа “Ҳаммаси яхши бўлди, бир амалладик-а” дея қувонди. Кечга бориб қиз яна қўнғироқ қилиб қайнонасининг “ўзим қилган нимчани ўзимга қайтаришди” дея қилган тўполонию, куёвнинг банний халат кийилганини эшитиб қолгани ҳақидаги гапларни онаизорга йиғлаб етказди.

Куриб турганингиздек, ҳеч кимга керак бўлмаган бу “олди-берди”лар қудалар, ҳатто ёш келин-куёвлар ўртасига совуқчилик туширди. Ёшлар-ку ярашиб кетишар, лекин қудалар ўртасидаги норозилик кайфияти-чи?

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар ва маҳалла фаоллари тўй ҳамда бошқа маросимларни қисқартириш бўйича бир қатор чора-тадбирларни амалга оширишмоқда. Аммо тўйдан кейинги тадбирлар-чи? Нега уларни ҳеч ким назорат қилмайди? Маҳалла фаоллари мана шундай сарполар билан кутадиган қудаларни чақиртириб, уялтирса бўлмайдими?

Холидахон қизининг тинчини ўйлаб юрган бир пайтда қудасининг туғилган куни кўнглига таскин бўлди. Қудасига ҳадя қилган қимматбаҳо тилла узуги гўёки вазиятни юмшатди. Энг қизиғи, бу узук қизининг тинчини қанча кунга ёки ойга кафолатлайди?

Мана шундай “икир-чикир”ларга кўпчилигимиз гувоҳ бўлсак-да, ҳамон шу хатоларни такрорлаймиз. “Урф-одат, қадрият-да” дейишади айримлар. Йўқ бу урф-одат ҳам қадрият ҳам эмас. Сиз ва биз каби одамлар ўйлаб топган кераксиз “машмашалар” холос.

МОҲИМ.

Изоҳ 2

2019-01-11 11:58:47

Сиз ва биз ўйлаб топган "машмашалар" деганда кимни назарда тутилмоқда? Аниқроқ қилиб айтсак аёлларимиз бу "машмашаларни" ўйлаб топаётганликларини билмайдиларми.

2019-01-11 14:30:38

рост гап

Изоҳ қолдириш