Нега ўсмирлар жонига қасд қилмоқда?

Фото: Zaclip.com
Фото: Zaclip.com

Кундалик турмуш ташвишларидан ортиб бағрингизда ўсиб улғаётган фарзандингиз ёки унинг дўстларининг феъл-атворлари, қизиқишларини ҳеч кузатганмисиз. Ўғлингиз ёки эндигина балоғатга етаётган қизингиз билан дилдан суҳбатлашасизми? Аслида фарзанд она билан кўпроқ яқинроқ бўлади, дейишади. Бу исботланган хаёт тажрибаси. Ўша яқинликни яратиш эса онанинг қўлида. Ишда ўтириб телефон орқали назорат қилишингиз ёки маълум бир фанга, тўгаракларга вақтини бириктириб қўйишингиз мумкин. Лекин боланинг ҳам ўз хаёллари, дилида сақлаб юрадиган гаплари бор. Бир ўйлаб кўринг, бу ҳақда болангиз баралла айта оладими?

Яқинда маҳалладош ўсиб улғайган дугонамнинг фарзандим тенги 17 ёш қизи ўз жонига қасд қилганлиги ҳақидаги хабар мени сергак торттирди. Қизнинг ўз жонига қасд қилиш сабаби эса номаълумлигича қолди. У ҳеч кимга ҳеч нарса демаган, на хат ва на бир оғиз гап қолдирган. Барча дарду ташвишларини ўзи билан бирга олиб кетган. Фақат онаси руҳий ҳолатидаги тушкунликни сезган холос. Аммо буни одатий ўспиринликка йўйган. Баъзан бундай тушкунлик ҳолатларини оддийгина қабул қиламиз, аммо бунинг ортидан аянчи фожиалар рўй беришини кеч англаймиз.

— Ота-она жигарбандидан фарқли равишда руҳияти мустаҳкам шаклланган бўлади, — дейди психолог Феруза Норбоева. — Ўсмир бола депрессиясининг профилактикаси низоли вазиятларда қочишдан иборат эмас, у ҳали бунга тайёр эмас. Бунинг имкони йўқ. Шундай психологик иқлим яратиш керакки, ўсмир ўзини ёлғиз, тан олинмаган ва номукаммал ҳис этмасин. Шундай даврда ота-онадан сезгирлик талаб қилинади. Депрессиянинг белгиларини эрта аниқлаш жуда муҳимдир. Ота-она ўз фарзандини эшитмаслиги самимий суҳбатдош бўлолмаслиги ёмон. Психологияда ўсмирлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш борасида  3та омил ажратиб кўрсатилади. Турли ижтимоий қатламлардан чиққан боланинг тенгдошлари олдида ўксиб қолиши, оилавий низо ва босимлар, қўпол муносабат ҳамда беписанд бўлиш, ниҳоят, номукаммалликни ҳис этиб, шу каби туйғуларни енгиб ўтолмаслик, муаммолар олдида ожиз қолишдир. Асосийси, масалани ташқаридан эмас, ичкаридан туриб асл моҳиятига кирилмаса, ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичлари кўпайиб бораверади. Ўсмир бундай ҳолат билан тўқнашса, бунда атрофдагиларни айблаш ҳар доим тўғри ечим эмас. Энг аввало, уни руҳиятини емираётган хаёллардан қутқаришимиз керак. Носоғлом ғоя нима эканлигини англашга туртки бўлсаккина, у ўзини ичкаридан туриб тафтиш қила олади.

Шу ўринда яна бир фикр. Ҳар бир оилада диний таълимот тушунчаси ҳам шаклланиши лозим. Чунки динимизда ўз жонига қасд қилиш қатъиян қораланди. Бу ҳақида фарзандларни хабардор этиш ота-онанинг бурчидир. Динимиз таълимотида инсоннинг ўз жонига қасд қилиши қаттиқ қораланади. Аллоҳ таоло айтади: “...ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо сураси, 29-оят). Қолаверса, кўплаб саҳиҳ ҳадисларда ўз жонига қасд қилиш оғир гуноҳ экани ва уни амалга оширган осий банда жаҳаннам ўти билан абадий азобланиши таъкидланади. 

 Шунингдек, жаҳон динларининг барчасида ўз жонига қасд қилувчилар қаттиқ қораланади ва гуноҳ сифатида қаралади. Айрим халқларда ўз жонига қасд қилувчилар қабристондан ташқарига кўмилади. Ислом динида эса ўз жонига қасд қилганларга жаноза ўқилмайди.

  • Ўсмирлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолати афсуски учраб туради, — Мукаррама Пиримқулова Пайариқ тумани “Тошҳовуз” маҳалласи фаоли, — Оилавий ажримлар, ота-онадан бирининг хорижга ишлаш учун кетиши, натижада болаларнинг қаровсиз қолиши кабилар ҳам муаммонинг илдиз отишига сабаб бўлмоқда. Чунки, ўтган йили ота-онаси хорижда ишлайдиган бувисини қўлида қолган 17 ёшли ўсмир ўзини осиб қўйди. Хўш, моддий тарафдан ҳамма нарсаси етарли болага нима етишмаган? Ҳеч ким ота-она меҳрини бера олмайди. Ота-она назорати фарзанд тарбиясида бирламчи омилдир. Фарзандларни моддий таъминоти билан бирга маънавиятини ҳам бойитишимиз лозим. Маънавияти юксак инсон ҳеч қандай қабиҳ ва жаҳолат ишларига қўл урмаслиги тайин.

Дарҳақиқат, бугунги кунда ўсмирлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолати бутун дунёда йилдан йилга энг катта муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Бунинг асл сабаблари мутахассислар томонидан ўрганилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ўз жонига қасд қилганларнинг асосий қисми 14-19 ёшдаги ўспиринлар ҳиссасига тўғри келади.  Эътиборли томони, суиқасд ҳолатлари аҳоли яшаш даражаси паст мамлакатларда кўпроқ кузатилади. Жорий йилда ЖССТ ўз жонига қасд қилиш даражаси энг юқори 10та давлат рўйхатини тузиб, унда Ўзбекистон  давлати 5 –ўринда турибди. Бу биз учун фожиа эмасми? Биз фарзанд тарбиясидаги хато ва камчиликларимизни сарҳисоб этсаккина муаммолар ўз ечимини топади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўз жонига қасд қилиш "бирданига бир куни" рўй бериб қолмайди. Ўтказилган тадқиқотларга кўра, ўзини ўлдирган ўсмирлардан 90 фоизи қайсидир даражада руҳий саломатлик муаммосига эга бўлганлар.

Бу ўринда тушкунликдан (депрессия) тортиб, вос-вос, зўравонлик ва гиёҳванд моддаларга муккасидан кетиш тилга олинади. Лекин бошқа томондан яшаш шароитининг ўзгариши, мактаб ва дўстлар билан муаммолар, жинсий мойиллик юзасидан ноаниқлик ҳам омиллар сифатида келтирилади. Шунинг учун мутахассислар эрта огоҳ берувчи хавотирли белгиларга эътибор қаратишни таъкидлайди. Ўсмирлар асосан қашшоқлик, оила аъзолари ёки тенгдошларининг салбий муносабати, рад этилган севги, ўқишдаги ўзлаштириш пасайиши, бедаво касаллик, болаликдаги зўравонликлар асорати, гиёҳванд ва алкоголь маҳсулотлар истеъмоли оқибатида ўз жонларига қасд қилиши исботланган.

Хулоса шуки, фарзанд тарбиясидаги маъсулият кундан кунга ортмоқда. Чунки бугунги ўсмир кундалик ахборот оқими билан чамбарчас боғлиқ. Унинг ҳар бир ҳаракатидан хабардор бўлиш ўзимизнинг қўлимизда.

Маълумотлар

  • Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунёда ҳар 40 сонияда бир одам ўз жонига қасд қилади. Ҳар йили 100 минг кишидан ўртача 11 киши ўз ҳаётига чек қўяди.
  • Жаҳонда содир этилган ўз жонига қасд қилиш ҳолларнинг 75 фоизи камбағал давлатларда рўй беради.
  • Ўз жонига қасд қилганлар орасида аёлларга қараганда эркаклар кўпроқ.
  • Жаҳонниннг баъзи минтақаларида ўз жонига қасд қилиш 15-19 ёшда бўлганлар орасидаги ўлимга сабаб бўлувчи асосий омилга айланган. Масалан, Жануби-шарқий Осиё мамлакатларида.
  • Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бир йилда суицидлар сони бир миллионга яқинлашиб қолаётганидан хавотирга тушмоқда. Агар вазият шу тариқа давом этадиган бўлса, 2020 йилга бориб ўз жонига қасд қилувчилар сони бир ярим баробар ошар экан. Шу сабабли ҳам ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш Халқаро ассоциацияси Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда Жаҳон ўз жонига қасд қилишларнинг олдини олиш кунини ўтказар экан, дунё ҳукуматлари ва жамоатчиликка мурожаат қилиб, инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида масъулиятни ҳис қилишга чақирмоқда.

Ўзбекистонда

  • Ўзбекистонда эса 1990-2016 йиллар давомида ўсмирлар ўлими икки баравар (400 нафар) ошди.
  • Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси маълумотга кўра, ўтган йили вояга етмаганлар ўртасида уч ойнинг ичида 153 та ўз жонига қасд қилиш ҳолати қайд этилган.
  • 2018 йил 2 ноябрь куни Қарши тумани, «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғинида яшаган, 2004 йилда туғилган, Қарши туманидаги 63-мактабнинг 8-синф ўқувчиси бўлган Носир Тўйчиев (исм-фамилияси ўзгартирилган) ўзи истиқомат қилиб келган уй айвонига ўзини арқон билан осган. 
  • Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳридаги 5-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси ўзини осган.
  • Самарқанд вилоятида 2018 йилда  уч ойнинг ўзида 91 киши ўз жонига қасд қилган. Ўз жонига қасд қилганларнинг 45 нафари аёллар ва 46 нафари эркаклар бўлган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 тага кўпайган. Ўз жонига қасд қилганларнинг 50 нафари вафот этган.
  • Тошкент вилоятида 2018 йил 17 апрель куни номаълум сабабларга кўра, 5 киши ўзини осгани ва улардан 3 нафари воқеа жойида вафот этган.

Қонунчилигимизда

2018 йил 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Унга кўра, 2018 йил 1 майдан бошлаб хусусий тиббиёт ташкилотларига руҳий ҳолат бузилишини ва хулқ-атвор бузилишини ташхис қилиш ва даволаш бўйича аҳолига айрим хизматлар кўрсатишга рухсат этилади.

2018 йил 1 октябрдан бошлаб диспансер кузатуви остидаги шахслар тўғрисидаги маълумотлар, уларнинг психиатрия муассасаларида қанча муддат бўлганликлари, берилган дори воситалари, кўрсатилган ижтимоий хизматлар ва тақдим қилинган имтиёзлардан иборат бўлган, шунингдек, бу соҳадаги ишларнинг ҳолати тўғрисида тезкор ахборот олиш имконини берувчи ушбу шахсларнинг ягона электрон реестри юритилиши амалиётга жорий этилади.

Шунингдек, 2018 йил 1 апрелдан бошлаб ички ишлар органлари ўз жонига қасд қилинган ҳар бир ҳолат тўғрисида психиатрия хизмати муассасаларига зудлик билан хабар бериши белгилаб қўйилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2018 йил 1 майга қадар бўлган муддатда психиатрия муассасаларини ўз жонига қасд қилиш ҳаракатлари тўғрисида мажбурий равишда хабардор этиш тартибини ишлаб чиқади, дея белгилаб қўйилган.

Дунё мамлакатлари қонунларида

Бугунги кунда бир қатор мамлакатларда ўз жонига қасд қилишга уринган шахслар жазога тортилади. Масалан, Ҳиндистонда ўзини ўлдиришга уринган шахс бир йил озодликдан маҳрум қилинади ёки жаримага тортилади. Сингапурда ҳам ўзини ўлдиришга уринган шахслар бир йил қамоқда ўтиришга мажбур.

Нилуфар ЮНУСОВА

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш