Китоб дўкони деҳқончилик бозори эмас, маънавият маскани бўлмоғи керак!

Фото: ziyouz.com
Фото: ziyouz.com

Китоб ҳақида сўз борганда унинг қандай муқовада, мазмунда, ёки ҳажмда бўлишидан қатъий назар эзгуликка чорловчи илм манбаи деб тушинамиз, ва албатта шундай ҳам бўлиши шарт.

Бугун қандай мазмунда китоб изламанг, топасиз уни. Чунки биз яшаётган фан ва технология ривожланаётган бир даврда китоб чоп этиш муаммо эмас. Китоб дўконларидаги турли ранг-баранг муқоваларда қатор терилиб кўзни қувонтиргувчи китобларни кўрганда “мана мени ол, сен излаган китоб менман” дея чорлаётгангандек туйилади инсонга. Аммо ана шу қулай даврнинг ҳам баъзида дилни ранжитгувчи салбий жиҳатлари ҳам бор. Келинг уларнинг айримлари ҳақида танишайлик.

Маънавият пулга тобеми?

Пул яшаш учун эҳтиёжимизнинг бир қисми эканлиги рост. Пул бўлса муаммолар ечимини ҳал этишнинг осонлашиши ҳам бор гап. Аммо дунёда шундай “нарсалар” яъни туйғулар борки, уларни пул билан баҳолаб бўлмайди. Масалан меҳр, яхшилик, хайру саҳоват, маънавият ва бошқалар.

Тирикчилик учун инсон қай касбни танламасин, қандай меҳнат қилмасин албатта топаётган пулида ҳалоллик мужассам бўлишини истайди. Ҳатто, шундай касблар борки, бу касб эгаларининг қилаётган ишлари, дилидаги мақсадида пулдан-да муҳимроқ, ВИЖДОН, ИЙМОН каби туйғулар биринчи ўринда бўлиши, устун туриши талаб этилади. Масалан Шифокор кўнглини оғритган инсон ҳузурида нажот сўраб келганда, Иймонини ўртага қўйиб, гинаю адоватларни унутиб, бор илми билан беморнинг ҳаётини сақлашга ҳаракат қилиш керак.

Мен китоб чиқарадиган ноширларни ҳам шундай касблар қаторида туришни истайман. Чунки, улар чиқарган бир китоб миллионлаб инсонларнинг ҳаётига кириб боради. Ўқиган ҳар бир китобхоннинг қалбига “ниманидир” етказади. Ана шу “нимадир” эса эзгулик, яхшилик сари чорловчи нур бўлиши лозим.

Афсуски, ноширлар орасида бозорда савдо қилаётган чайқовчиларни эслатадиганлари ҳам йўқ эмас. Улар ҳузурига келган муаллифнинг истеъдоди, ёзган асарининг бадиий қувватига эмас, чўнтагига қараб баҳолайдилар. Оқибатда эса мазмуни саёз, усти ялтироқ китоблар чоп этилиб тарқалишига сабаб бўлади. “Пулини олгину, айтганини қилавер” деган шиор эса бу касб эгалари учун айтилмаганлигини тушиниб етишмаяпти.

Устоз Абдулла Қаҳҳор шундай деганди: “Учувчиликни билмаган одамни самолёт штурвалига яқин йўлатмайдилар. Аммо ёзувчиликнинг кўчасига кирмаган одам “асар” ёзиб ташласа, ҳеч кимнинг иши йўқ!”. Афсуски, шундай. Китоб ҳам бизнесга айланиб улгурди.

Ноширлар ҳақида сўз бораётганда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг айни шу мавзудаги мақоласида ёзган бир қизиқ воқеаси ёдимга тушди. Бу воқеани ёзувчига  ўзи гувоҳи бўлган бир таниши айтиб берган. Хуллас, башанг кийинган бир одам хонага киради ва директорга “зўр роман” ёзиб ташлаганини, шуни тезроқ ва чиройлироқ китоб қилиш кераклигини, тахминан беш минг нусхада чоп этишнинг “харажати” қанча бўлишини сўрайди. Нашриёт раҳбари китоб ўртачароқ ҳажмда бўлса, шунча тираждаги нашр баҳоси тахминан фалон сўмларга тушишини, шунинг учун ўн беш-йигирма фоизини олдиндан “предоплата” қилиш лозимлигини айтади. Бояги “классик адиб” дипломатидан бир салапан халта пул чиқариб, “мана, ўша “предоплата”, уч ойда китобимни чиқарсангиз, қолганини оласиз”, дейди.

Эҳтимол бу сал ошириброқ айтилгандир. Аммо ҳозир ҳам бундайлар топилади деса, ёлғон бўлмайди. Тўғри, китоб чиқариш учун зарур бўлган қоғоз, ранг, қўшимча қурилмалар учун харажат пуллари керак. Бундан ташқари нашриёт ходимлари учун маош, шунингдек, нашриёт раҳбарларининг ҳам бола-чақаси, оиласи учун пул зарур. Аммо китоб деҳқон бозоридаги картошка эмаски, пулини олиб, исталганча чиқариб сотаверса. У илм, у маънавият, у тўғри йўлни кўрсатгувчи маёқ!

Муҳаррир — иккинчи муаллифдир

Бундан 40-50 йиллар аввал ижодкор  китоб чиқариши учун анчагина машаққат чеккан, китоб чиқариш қийин бўлган. Ўша даврларда 25-30 ёшли ижодкорнинг китоби чоп этилса, замон аҳли “Ёшгина бўла туриб китоби чоп этилибдими?” дея қойил қолишган. Эътибор беряпсизми, “ёшгина” дейишяпти?! Хўш, бугунчи? Лоф эмас-у, 4-5 синф ўқувчиларининг ҳам китоблари расталарни безаб турибди. 20-25 ёшли айрим ижодкорлар эса (агар ижодкор деб бўлса) 10-15 та китобини чиқариб улгурди. Маълумот учун, сўз мулкининг султони Ҳазрат Навоий бутун умри давомида 20 томлик асар ёзган. Қодирий, Чўлпонларнинг асарлари 3-4 китобда жам бўлгулик. Энди, бугуннинг ижодкорлари 30 ёшга етмасдан 10-15 та китоб чиқариб қўйганига нима дейсиз? Майли, яхши китоб бўлса, омадини берсин, биз бундан хурсанд бўламиз фақат. Аммо, саёз бўлса-чи? Ўқиган китобхонни “заҳарламайдими?” Хўш бунга ким айбдор, китоб ёзган муаллифми, ёки чоп этган нашриёт? Бизнингча, ҳар иккаласи ҳам бирдек айбдор.

Юқорида биз 40-50 йиллар аввалги ижодкорларнинг анча кеч китоб чиқаргани ҳақида “айбладик”. Бунга сабаб уларнинг “китоб чиқаришга пули бўлмаган, нашриётлар кам бўлган, ёки технология ҳозиргидек бўлмаган” дейсизми? Эҳтимол шундай ҳамдир, аммо асосий сабаб бу бўлмаган деб тушунаман. Асосий сабаб эса ТАҲРИР ЮҚОРИ БЎЛГАН.

 Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Ойбек, Шуҳрат каби буюк ижодкорлар яшаган даврларда чоп этилган асарларни эсланг. Ҳали ҳамон адабиётимизни безаб, дурдона асарлар бўлиб турибди. Чунки, ўша даврларда ҳар қандай китоблар чоп этилмаган, муҳаррирлар таҳриридан ўтмаган. Ўтгани эса биз билган буюк асарларга айланган. Демакким, яхши асарларнинг, яхши китобларнинг дунё юзини кўришига муаллифдан ташқари, муҳаррирнинг ҳам ўрни беқиёсдир..

Китоб чиқариш осон,  аммо ўқишга арзийдиган китобларни топиб ўқиш қийин бўлган замонда яшаётганимиз рост. Бироқ, бу дегани китобхонларни алдаш керак дегани эмаску?!  Мана масалан: муқовада кирилл,  китоб ичида эса лотин алифбосида ёзилган мана бу китобга нима дейсиз?

Сизнингча, пулини тўлаб қўйса,  таҳрир, таҳлилсиз чиқариш мумкинмикан?  Ёки бир китобни ҳам лотин,  ҳам кирилл алифбосида чиқариш дегани шуми?! Бу каби камчиликларни кўплаб кузатиш мумкин.

Бугун биз халқни, ёшларни китобхонликка, китобга меҳр беришга чорлаётган бир даврда эса афсуски, ана шундай етарлича таҳрир бўлмаган, имловий хатоларга “бой” ва мазмуни саёз китоблар ҳам чиқиб турибди. Бу эса фақат ва фақат китобхонларни китобдан меҳрини совутишга хизмат қилади. Илтимос қилардикки, китоб чоп этаётган ҳар бир нашриёт раҳбаридан — даргоҳингиздан маош олиб, фарзанди, оиласини боқаётган муҳаррирларга талабни қаттиқроқ қўйинг.  Илтимос қилардикки, китоб чиқараётган ҳар бир ижод аҳлидан — шон-шуҳрат қозониш учун эмас, яхши китоб қолдириш учун ижод қилинг. Фикрларимизни эса, Абдулла Қаҳҳорнинг қуйидаги сатрлари билан якунлашни лозим топдик:

“Ҳақиқий ёзувчи қандай машҳур бўлиб кетганини ўзи билмайди. Уни халқ кўтаради. Мен ҳалиям борман, деб эслатиш учун бўш асарларни эълон қилиш шарт эмас”.

Комилжон Аслонов

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш