Қўшнисини танимаётган «қўшнилар»

Ёки «ҳамсоятовоқ» деган одатимиз бор эди. Бирор тансиқроқ овқат қилинса, қўшнига ҳам илиниларди. Шу тахлит ўша товоқ ичидаги таоми билан қўшнилар ўртасида айланаверарди. Бола эмасмизми, қўшнидан таом келган маҳали барчамиз олдимиздаги косалар қолиб, «ҳамсоятовоқ»қа ёпишар, онам эса бирозгина оғриниб, «ҳа, энди бизнинг овқатимиз ёқмай қолдими?» дердилар. Шунда отам ҳазил аралаш «Ҳамсоянинг овқати ширин» мақолини келтирарди. Вақт ўтиб, ўша мақолнинг туб моҳиятини англагандек бўляпман. Аслида овқат эмас, қўшничиликдаги оқибат, меҳр ширинлигига ишора экан бу...

Дарча

Болалик хотираларимдан бувимнинг уйидаги қўшни ҳовлини ажратиб турувчи паст девор ва дарчани бош­қача энтикиш билан ёдга оламан. Барча ҳовлида ана шундай дарчалар бўлар, биз, болаларни дарвоза ошиб, кўчага чиқишга қўйишмагани учун, аксарият ҳолларда ана шу дарчалар орқали ҳовлиларни кесиб қишлоқ чеккасигача бўлган масофага қадар қувлашмачоқ ўйнардик. «Ҳамсоятовоқ»лар ҳам шу эшикдан айланарди. Бу эшик хотин-халаж, болалар учун эди. Эркаклар асосий дарвозадан кириб-чиқишарди.

Орадан бир йилча ўтиб, бизнинг дарчалар ошиб, ҳовлиларни кесиб қувлашмачоқ ўйнар чоғимизда бир дарча ўрнида ғишт терилиб, сомоншувоқ қилинаётгани сабаб «охирги манзил»га ета олмай орқага қайтдик.

Болалардан гап қолармиди?! Катталар эса сабабини аниқлашди. Икки ёнма-ён қўшни ўзаро жанжаллашиб, эшик ўрнида девор кўтарибди. Ўша воқеа қишлоқда фавқулодда ҳодиса сифатида шов-шув бўлди. Кейин эса ҳар икки қўшни билан бутун қишлоқ аҳолиси «қўшничилик иззатини билмагани учун» гаплашмай юрди. Аслида ўша кезларда жамоатчилик назорати кучли экан. Маҳалладошлар нафратидан қўрққан қўшнилар тез орада ярашиб, дарчани тиклашди, бизга ҳам қувлашмачоқ масофаси узайди.

Қўшнининг ҳаққи

Отам томорқадаги экинларга жуда қаттиқ турарди. Вақтида суғормасак, ўтамасак ёки тагини юмшатмасак, оларимизни олардик. Исроф­ни ёмон кўрадиган отам негадир томорқамизнинг кўчага туташ қисмидаги ҳосилни йиғиштиришга келганда эринчоқлиги тутар, «бу томонни кейин йиғиштирамиз ёки ҳали хом, вақти бор», дея бизни бошқа ишга йўналтирарди. Шу билан ўша ҳосилни кўрмасдик. Йўлдан ўтадиган қўшни ва маҳалладошлар ҳавасга ўша ҳосилдан бир-бир олиб тугатишарди. 

Бир гал баҳор ойида қўшни ўртоқларимиз билан кўча томондаги дарахтга чиқиб, довучча еяётгандик (ҳовли ичидаги дарахтларга ҳосил пишгунча тегинишга қўрқардик). Узоқдан дадамнинг қорасини кўрган ўртоқларим ўзларини дарахтдан ташлаганча, урра қочиб қолишди. Дадам келгунларига қадар мен ҳам тушиб олдим. Аммо не кўз билан кўрайки, дарахт атрофи майдонидаги экинлар пайҳон қилинган, барча айб ва жавобгарлик, табиийки, менинг зиммамга тушарди. «Татиб» кўришим мумкин бўлган «савачўп» оғриғини ҳис қилиб йиғлаб юбордим. 

Аммо ўшанда отам негадир менга индамади. Пайҳон қилинган экинларга ачиниш билан қаради-да, «Эссиз, қўшнининг ҳаққи эди. Ўзларига ўзлари қилишибди», дедилар. Кейинчалик ҳам отамнинг кўча томондаги дарахт ва экинлар ёки девор оша қўшни томонга тарвақайлаган шохлардаги ҳосилга нисбатан, «тегманглар, бу — қўшнининг ҳаққи» деганларини кўп эшитганман...

Унут бўлаётган қадрият

Бугун аксарият ҳолларда кишиларнинг бир-бирига қариндошлар, қўшнилар орасида меҳр-муҳаббат кўтарилаётганидан ёзғиришларига гувоҳ бўляпмиз. Яқин-яқингача бунга сабаб сифатида шаҳарлардаги кўп қаватли уйлар, унда девор-дармиён, рўбарў турса-да, қўшниларнинг бир-бирини танимаслигини сабаб сифатида кўрсатардик.

Балки ушбу важ муаллифлари ўзларича ҳақдир. Аммо биз кўрган «дом»ларда истиқомат қилувчи аҳоли қўшничилик ва оқибатда айрим қишлоқларда яшовчи аҳолини ортда қолдирса қолдирадики, асло кам эмас.

Бизнингча, қўшничилик қадриятини давом эттириш ҳам, аввало, тарбияга боғлиқ.

Яқинда ўша қишлоғимда таъзияга бордим. Одатда бутун қишлоқ ёпирилиб, оёқ қўйишга-да жой топилмайдиган маъракада бор-йўғи 50-60 нафарча киши тўпланганди, холос. Секингина ўзимга яқин кишидан бунинг сабабини сўрадим. Ҳа, энди тўй-маърака ўз-ўзи, ака-ука, қариндош билан бўлиб қолди. Ҳозир ҳамманинг иши бор. Ким ҳам ишдан ортарди...

Тўғрику-я, аммо болалигимизда оталаримиз, боболаримизнинг ишлари бўлмаганми?! 12 ёшга тўлганимдан сўнг қишлоқда таъзия бўлди, дегунча, отам мени ҳам ки­йинтириб етаклаб борарди. Яқинда бувимнинг таъзиясига шу ёшдаги ўғлимни ки­йинтираётгандим, аёлим ўртага тушиб қолди, майит боланинг тушига кираркан, бола қўрқаркан... 

Таъзия бувимники бўлгани учун мен ўғлимни олиб кетдим, аммо бирор қўшнининг таъзиясида аёлимнинг шу важига қаршилик қила олармидим? Барча болалар ҳам «тушига кириш» баҳонасида қўшничилик, қариндошлик меҳрлари кўпроқ боғланадиган ана шундай қад­риятлардан мосуво бўлмаяптими?! Ўсмирликда қўрқиш баҳона маъракага бормаган йигитликда ўша маъракада ўтириш, қатнашиш кўникмасига эга бўлмагани учун даврадан оёғини тортади. Бора-бора бола-чақали бўлганда таъзияга бориш ортиқча ишдек кўринади. Кейин эса отаси қўшнисининг таъзиясини деразадан кузатган бола қўшни маъракасига борармиди...

Тамаддунга қарши эмасману аммо ана шу тамаддун баҳона кириб келаётган баъзи «оммавий маданият»нинг қадриятларимизга салбий таъсири билан чиқишолмайман.
Яна ўша, болалигимизда, қўшниларнинг уйида тўй бўлиши билан биз учун байрамнинг чеки бўлмасди. Биз учун тўй дастурхонининг қизиғи йўқ, сарпо кийган куёв, оқ кўйлакдаги келинни кўришга ишқибоз эдик. Санъаткорнинг қўшиқни куйлаши ҳам биз учун мароқли эди.

Бўйимиз чўзилгани сари тўй қиладиган қўшнига ҳали стол-стул ташиш, чодир тортиш, ўчоқ ковлаш ишларида ёрдам берардик. Оқибат шу тарзда мустаҳкамланиб борарди. Энди эса Европадан андоза олиб тўйларимизни ресторанда ўтказяпмиз. Рес­торандаги тўйга болаларни элтиш уят. Кейин унда қўшнилар кўмагига ҳам эҳтиёж йўқ. Дастёр официантлар бор...

Дарвоқе, ҳашар жараёнлари ҳам қўшничилик оқибатининг бир кўриниши эди. Бугун эса мардикор усталар хизматга шай. Харажати ҳам ҳашардан анча арзон тушади. Негаки, ҳашарчиларга пул бермаганингиз билан, қўй сўйиб, дастурхон ёзишнинг харажати анчага боради. Аммо ҳашардаги дийдор, қўшниларнинг гурунги, бозор ҳазиллари завқи ўзгача бўларди. Ғишт ёки чой ташиб юрган болаларга ҳам бу ўзига хос тарбия эди.

Хуллас, қўшничилик ҳам азалий қадриятларимиздан бири. Буни ҳозирдан асрамасак, кейин уни йўқотиш қимматга тушади. Луғатимиздан «Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши» каби мақолларимиз йўқолиб кетмаса яхши бўларди...

Акбар РУСТАМОВ
«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш