Белгиланган вазифалар нега бажарилмади?

Фото: Mahalladosh
Фото: Mahalladosh

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани «Боғаро» маҳалла фуқаролар йиғинида узоқ йиллар давомида бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмаган, ҳудуд абгор ҳолга келиб қолганди. Шу боис маҳалла 2018 йилда «Обод қишлоқ» дастурига киритилганидан барча мамнун бўлди. Бироқ маҳаллани ободонлаштириш юзасидан белгиланган вазифалар деярли бажарилмагани кўпчиликнинг ҳафсаласини пир қилди.

Туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникация ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Абдурашид Абдураҳимовнинг айтишича, тумандаги «Боғаро» ва «Янги ҳаёт» маҳалла фуқаролар йиғини 2018 йилда «Обод қишлоқ» Давлат дастурига киритилган. 11 гектар ҳудудда жойлашган «Боғаро» маҳалласидаги ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 4 минг 400 метр тармоқни реконструкция қилиш режалаштирилган. Айни пайтда бу ишлар амалга оширилган. Режага мувофиқ, 132 та бетонли таянч устунлар ўрнатилган, 11 минг 600 метр ҳаво электр тармоғи тортилган. 11 минг 600 метр ички йўллар буткул таъмирланган. 

Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал, деганларидек, йиғинлар ҳудудига ташриф буюрдик. «Боғ­аро»ни айланар эканмиз, ҳоким ўринбосарининг сўзлари исботини кўрмадик. Режадаги 132 та бетонли таянч устундан 126 таси ўрнатилмагани, минг метр ўрнига 3 минг 200 метр ҳаво электр тармоғи тортилганидан аҳоли норози. 11 минг 600 метр ички йўлларни таъмирлаш белгиланган бўлса-да, бу кўрсаткич бор-йўғи 6 минг метрга бажарилгани-ку одамларнинг ишончини сусайтириб юборган. 

Маҳаллада ҳаммом, бекат, мини маркет ва дорихона қуриш ишлари ўз ҳолига ташлаб қў­йилгани етмаганидек, новвойхона, маиший хиз­мат кўрсатиш мажмуаси қурилиши билан боғлиқ ҳаракатлар, ҳатто, бошланмаган. 

— Тўғриси, «Обод қиш­лоқ» Давлат дастурига киритилганимизда жуда қувонгандик, — дейди йиғин раиси Равшан Қулаҳмедов. — Қишлоғимиз обод бўлиши учун аввалига каттаю кичик бирдек ҳаракат қилдик. 2018 йилнинг май ойигача ноқонуний қурилмалар, тартибсиз қурилган уйларни бузиш билан шуғулландик. Дастур бўйича режалаштирилган ишларимиз тўлиқ бажарилмай қолди. Бунга, эҳтимол, 18 май куни кучли ёмғир натижасида келган сел сабабдир. 

Аҳоли билан суҳбатлашганимизда, мутасадди раҳбарлар айтган 4 минг 400 метр ичимлик суви тармоғи реконструкция қилинган бўлишига қарамай, одамлар ҳамон сувсизликдан азият чекишаётганига гувоҳ бўлдик. 

— Сел келгунга қадар дастур бўйича ишлар қизғин амалга оширилаётганди, — дейди маҳалла фаоли Малика Алимардонова. — Мана, етти ойдирки, ҳамма сел муаммоси билан овора. «Обод қишлоқ» дастури унутилгандек гўё. Дас­тур доирасида маҳалламизнинг янги замонавий биноси қурилиши ҳам поёнига етиши керак эди. Бироқ ҳалигача маҳалла идораси фойдаланишга топширилгани йўқ. 

Бир ҳақиқат аниқки, одамларнинг ишончи ҳам сел каби оқиб кетгандек...

Яқин 10 йилдан буён бу муаммо ҳал бўлмаяпти

Қумқўрғон туманидаги «Азларсой» маҳалла фуқаролар йиғини 1997 йилда ташкил этилган. Ҳозирда маҳаллада олти мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ўшандан буён аҳоли ичимлик сувини сотиб олади. Йиғин раиси Бойқобил Қурбоновнинг айтишича, яқин 10 йилдан буён бу муаммо ҳар бир йиғилишда, туман, вилоят сессияларида айтилади, бироқ натижа йўқ. 

— Сув — ҳаёт манбаи. Инсон саломатлиги кўп жиҳатдан ичимлик суви сифатига боғлиқ. Сувсизликдан деҳқончилик ҳам қилолмаймиз, — дей­ди шу ерлик Менглимурод Мамаражабов. — Эккан экинимиз сувсизликдан қуриб қолади. Ичимлик сувини ойма-ой 50 ёки 100 минг сўмдан сотиб оламиз. Сув муаммоси ҳақида айтмаган одамимиз, мурожаат қилмаган идорамиз қолмади. Юртбошимиз ташаббуси билан одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётган бир вақтда бизнинг мурожаатимиз билан ҳеч ким қизиқмаяпти. 

«Азларсой» маҳалласи 2019 йил «Обод қиш­лоқ» Давлат дастурига киритилган. Ажаб эмас, йиллар давомида ҳал бўлмаган ичимлик суви муаммоси жорий йилда бартараф этилса...

Нигина ШОЕВА
«Маhаllа»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш