Азадаги бидъатлардан қачон воз кечилади? Меъёр унутилган жойда тартиб бузилиши аниқ

Фото: thethinkingmuslim
Фото: thethinkingmuslim

Аллоҳ таоло инсон зотини азиз ва мукаррам қи­либ яратган. Унинг туғилиши каби куни келганда вафот этиши ҳам айни ҳақиқатдир. Туғилиш ва охиратга сафар қилиш оралиғи эса умр неъмати саналади.

Мусулмон киши вафот этар экан, унинг олдида тирик бан­даларнинг тўртта вазифаси ву­жудга келади. Бу — майитни ювиш, кафанлаш, унга жаноза намозини ўқиш ва дафн этиш ишларидир.

Одатда бу амалларни ҳам­жиҳатлик билан ўз вақтида адо этамиз. Аммо шундан кейин бизни қизиқтирадиган биринчи савол шу бўлади: «Марҳумнинг худойиси, маъракаси қачон экан?»..

Азадорлар кимлар, қайси бир яқини кўк, қайсиси қора либослар кийиши керак? Булар­дан ўтиб, «пайшанбахўрлик», «якшанбахўрлик» каби ўринсиз маросимларни ўтказиш ҳақида қайғурамиз. Хўш, аслида ислом динида инсон вафоти билан боғлиқ таъзия маросимларида қандай йўл тутмоқ керак? Қай­си удумлар бидъат саналади?

Азанинг муддати қанча?

«Таъзия» сўзи бошига муси­бат тушган кишиларни сабрга чақириш, уларга тасалли бе­риш ва кўнгилларини кўтариш маъносини англатади. Халқона тилда фотиҳагарчилик, яъни жанозадан кейинги уч кун ичи­да майитнинг яқинлари кўнг­лини кўтариб кетмоқлик дейи­лади. Абдуллоҳ (р.а.) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай дейдилар: «Ким мусибатда бўлган одамга таъ­зия изҳор қилса, унга ўша му­сибатдаги кишига берилган ажр баробарида мукофот бе­рилади».

«Мотам», «аза» сўзлари аёл­ларга тегишли бўлиб, хафалик учун зийнат ёки шу кабилардан ўзини тийиш маъносини англа­тади. Шаръий истилоҳда эса, аёл маълум муддат ичида зебу зийнат ва шу каби бошқа нар­салардан ўзини сақлаши тушу­нилади. Эри вафот этган аёл қа­марий ой ҳисобида тўлиқ тўрт ой ва ўн кун мотамда бўлади. Эридан бошқа қариндошлари учун эса фақат уч кун аза тути­ши мумкинлиги баён этилган.

Гувоҳи бўлганимиз, аза кунларида аёлларнинг қора ва кўк либосга бурканиб олишла­ри хурофот ва бидъатдан ўзга нарса эмас. Динимиз одам ва­фотидан сўнг бошқа кишилар таом ва либосларини бундай ўзгартиришлари маъқулланган иш эмаслигини таъкидлайди. Азадор аёлнинг зебу зийнат ва бошқа нарсаларга берилмас­лиги замирида унинг мотамда­лиги, атрофдаги одамлар унга нисбатан бўлар-бўлмас сўзлар­ни ишлатмаслиги ва унга совчи қўймаслиги, ҳазил-мутойиба қилмаслиги, дилини оғритиб қўйгувчи сўзларни айтмаслиги, асосийси, ўтган кишига бўлган меҳр, шафқат ва раҳмат ифода­си мужассамдир.

Таом билан йўқлаш — фазилат

Халқимизда ажойиб одат бор. Таъзия кунларида яқин қариндошлар томонидан муси­бат етган хонадонга оби-таом тақдим қилинади. Бунинг асо­си Абдуллоҳ ибн Жаъфар (р.а.) Пайғамбаримиз (с.а.в.) ривоят қилган ҳадисда келтирилади: «Жаъфарнинг аҳлига сизлар таом қилиб беринглар. Чун­ки, уларнинг бошига уларни машғул қиладиган мусибат келиб қолди». Яъни, «Улар­нинг бошига шундай ташвиш тушдики, таомни ҳам ўйламай қўйишди. Шунинг учун атроф­даги қавму қариндошлар унинг хонадондан оби-таом ила хабар олиб туринглар», деганидир. Шунга мувофиқ, биринчи уч кун ичида майит чиққан хона­донда меҳмонлар, келди-кетди учун таом пишириб бериш мак­руҳ бўлади. Бундай кунларда мусибат билан ташвишланган оилаларни атрофдагилар оби- таом билан йўқлашлари мусул­мончиликнинг шарафли фази­латларидандир.

«Қаъда қаримас» нима дегани?

Ўтган кишини йўқлаш, ҳақ­қига дуо қилиш, истиғфор ай­тиш садақа ва ҳаж амаллари каби баданий ибодатлардан эканига барча уламолар итти­фоқ қилишган. Афсуски, мар­ҳумларни йўқлаш деганда, баъ­зан «уч», «етти», «йигирма», «қирқ», «йил оши», «пайшан­балик» каби худойи ва маро­симларни тушунамиз. Аслида эса йўқлаш деганда, дуо, ис­тиғфор, Қуръон тиловати каби амаллар тушунилади. Таомлар тириклар қорнини тўйғазиш­даги омил — восита, холос. Бу каби маросимлар одамлар га­пирмасин, маҳалла нима дей­ди, каби мулоҳазалар юзасидан ҳам қилинади. Бундай эҳсон­ларни кишилар ўзидан, оила­сидан, қарамоғидан орттир­гандагина балоғатга етмаган болаларнинг ҳаққини аралаш­тирмай, кўнгли истаган пайтда холис ва камтарона тарзда ўтка­зиши мумкин.

Халқимизда: «Қаъда қа­римас» ибораси ишлатилади. Тошкент вилоятида «қаъда», яъни марҳумнинг яқин киши­синикига «аза кўчирди» иши бўлиб, унга яқин-қариндошлар ва маҳалладошлар таклиф эти­лади. Афсуски, азани бир жой­дан иккинчи жойга кўчириш ҳам ўйлаб топилган хурофот­лардан биридир.

Мухтасар айтганда, таъзия ўз-ўзини кўрсатиш майдонига айланиб қолмасин. Зеро, мар­ҳумга ҳурмат бажо келтиради­ган жой турли хурофот ва бидъ­атлардан маънан ва моддий холи бўлиши лозим.

Хайрулла ТУРМАТОВ,

Ўзбекистон Мусулмон­лари идорасининг

 Тош­кент вилояти вакили, ви­лоят бош имом-хатиби.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш