Маҳалла биносини нега олиб қўйишди?

Фото: Mahalladosh
Фото: Mahalladosh

Таҳририятимизга Наманган вилоятининг Чортоқ туманидан хат келди. Номани ўқир эканмиз, унда бошқа мурожаатлардан ажралиб турадиган жиҳат бордек туюлди. Шу боис уни қайта-қайта ўқиб, ўрганишга тутиндик.

Тумандаги Алишер Навоий номи билан аталувчи маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишла­ри бўйича ўринбосари, етмиш беш ёшли Жўрахон ая Қобу­лова томонидан йўлланган мазкур номада кейинги йил­ларда маҳаллада олиб бори­лаётган хайрли амаллар кенг ёритилган. Хусусан, йиғин фаолларининг оилаларни мус­таҳкамлаш, тўйларни тарбига солиш, ёш авлод тарбияси бо­расидаги амалий ҳаракатлари тўлқинланиб тасвирланган. Бундан илҳомланиб, муаллиф билан телефон орқали боғлан­дик. Мақсадимиз, Жўрахон Қобулованинг ушбу сатрлари­ни мақола тарзига келтириб, газетада ёритиш эди. Лекин ая билан суҳбатлашганимиздан сўнг, фикримиз ўзгарди.

Билсак, йиғин фаоллари омонатгина ўтиришган экан

Начора, Навоий маҳалласи қайдасан, дея йўлга тушдик. Йиғинни топиш қийинчилик туғдирмади, туман марказида экан. Айниқса, икки қаватли бино рўпарасида аллома аж­додимизга ўрнатилган ёдгор­ликни кўриб, ҳавасимиз келди. Лекин бу ҳайкалда қандайдир мунг бордай туюлди: атрофда­ги қаровсизлик, ташландиқ ҳо­лат кишини таажжубга солади. Наҳотки, йиғин фаоллари шун­доққина рўпараларида турган, маҳаллага номи берилган улуғ зот сиймосига шу қадар эъ­тиборсизлик қилсалар. Кейин билсак, фуқаролар йиғини бу ерда омонат жойлашибди. Ке­линг, шу ўринда масалага чу­қурроқ назар ташласак.

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида ёзги кинотеатр си­фатида фойдаланилган бино ташландиқ ҳолга келиб қол­гач, маҳалла фаоллари ташаб­бус кўрсатиб, уни таъмирлай­дилар ва ҳашар йўли билан иккинчи қаватни тиклаб, фу­қаролар йиғини учун бериша­ди. Биринчи қаватда эса ички ишлар органи бўлими жойла­шади. Шу тартибда 2018 йил­нинг май ойигача ишлаб кели­шаётган эди. Бирданига туман ҳокимлиги вакиллари талаби билан йиғин ходимлари жой­лашган иккинчи қаватни бў­шатишга тўғри келди.

«Кўч-кўронимиз билан кўчада қолдик»

— Ўша вақтда бу ҳолни мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиши билан изоҳла­дилар, — дейди йиғин раиси Абдурашид Дедабоев. — Биз рози бўлиб, жиҳозларни ҳов­лига олиб тушдик. Бироқ ора­дан ҳеч қанча кун ўтмай, биз­нинг жойимизга бошқа бир ташкилот кўчиб кирди. Маҳал­ла ходимлари эса кўч-кўронла­ри билан кўчада қолдилар.

Тўғриси, эшитганларимиз чўпчакка ўхшайди. Ахир, шундай бўлиши мумкинми?! Кейинги йилларда фуқаро­ларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига берилаётган эъ­тибор, ваколат, яратилаётган шароитлар қаердаю, тайёр би­нони олиб қўйиб, ходимларни кўчага чиқариб қўйиш қаер­да? Ишонгинг келмайди...

«Фуқароларни уйда қабул қилдик»

Газетага хат ёзган етмиш беш ёшли Жўрахон ая Қобу­лова — ёшига нисбатан анча тетик онахон ташрифимиздан хурсанд бўлиб, муаммони ўр­тага ташлади:

— Қарийиб икки ой фу­қароларни уйда қабул қили­шимизга тўғри келди. Туман ҳокими билан жуда кўп уч­рашдик. Охири, аввалги бино­мизнинг биринчи қаватидан битта хонани бизга ажратиб беришди. Таъмирталаб, ша­роит йўқ бўлса-да, иложсиз, шу ерда ишлаяпмиз. Энди, йи­ғиннинг 4 нафар ходими ҳамда қарийиб 10 кишидан иборат жамоатчилик комиссиялари раислари тўпланиб олган хо­нани тасаввур этаверинг.

Дарҳақиқат, фуқаролар йи­ғини ходимларининг бугун кўнгли ўксиган. Ахир ҳар то­монлама қулай, кенг ва ёруғ иш жойларини тортиб олиб, ўзларини кўчага ҳайдашса-да, охири кўзбўямачилик учун барчани битта каталакдек хо­нага тиқиб қўйишса, алам қилмайдими?!

«Эшикни бузиб киришдию, номимизни ёзувчига чиқаришди»

— Мен хонани бўшат­маган эдим, — дейди ўша пайтда «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси сар­дори бўлиб ишлаган Аҳаджон Нурматов. — Чунки хонамда ишга оид муҳим ҳужжатлар сақланаётган сейф бор эди. Афсуски, якшанба, яъни дам олиш куни менинг йўқлигим­ни била туриб, эшикни бу­зиш йўли билан хонамни бў­шатишган ва жиҳозларимни ташқарига чиқариб қўйишган. Шундан сўнг, бир қатор ҳуж­жатларни тўплаб, ҳуқуқимиз­ни ҳимоя қилиш мақсадида мутасадди идораларга муро­жаат қилдик. Лекин бундан наф бўлмади, номимиз ёзув­чига чиқди, холос.

Кетма-кет ва ҳайратланарли қарорлар

Ҳужжатлар билан таниша­миз: туман ҳокимининг қарор­ларидан нусхалар. Биринчиси 2018 йилнинг 16 январида им­золанган «А.Навоий номида­ги МФЙ, Истиқлол кўчаси, 32-уйда жойлашган 2 қават 9 хонадан иборат бино ва ин­шоотларни А.Навоий МФЙ балансига маъмурий бино си­фатида фойдаланишга бериш тўғрисида»ги 63-сонли қарор. Иккинчиси эса ўша йилнинг 17 май куни, яъни орадан тўрт ой ўтиб, қабул қилин­ган 799-сонли қарор. У юқо­ридаги манзилда жойлашган бинонинг 2-қаватини туман ҳокимлиги тасарруфига қайта­риб олиш тўғрисида экан. Ва ниҳоят, учинчиси, таъбир жоиз бўлса, энг асосийси ва энг ҳай­ратланарлиси, иккинчиси би­лан бир сана, ҳатто, кетма-кет қабул қилинган 800-сонли қа­рор: юқоридаги манзилда жой­лашган бинонинг 2 қаватини «Агросаноат мажмуи ва озиқ- овқат хавфсизлигини таъмин­лаш устидан назорат қилиш инспекцияси» туман бўлимига ўтказиб бериш тўғрисида».

Демак, прокуратура ҳу­зурида ташкил этилган янги инспекциянинг туман бўлими айнан Навоий номидаги ма­ҳалла фуқаролар йиғини би­носига жойлаштирилган. Ана сизга сабаб!

Ойлик маош рўзғордан ортмаса

— Туман ҳокимининг би­ринчи қароридан сўнг бинони тегишли тартибда рўйхатдан ўтказиш учун кадастр идо­расига боргандим, — дейди А.Нурматов. — Лекин зарур тўловга маблағ йўқлиги боис бироз тўхталиб қолдик. Очи­ғи, бу пулни тўлайдиган масъ­ул топилмади. Бизнинг ой­лик маошимиз эса ўзимиздан ортмайди. Янги ташкилотга ҳоким қарори чиқарилгандан уч кун ўтиб-ўтмай кадастр қилиш имконини топишибди. Қойил қолиб ўтирибмиз. Ҳо­зиргача арз қилмаган идора­миз қолмади. Туман, вилоят ҳокимликларидан ташқари ҳуқуқни мухофаза этувчи идо­раларгача шикоят ёздик. Нати­жа эса ўзгаргани йўқ.

Биз масалага ойдинлик ки­ритиш ва холисликни таъмин­лаш мақсадида туман ҳоким­лиги мутасаддилари билан учрашмоқчи эдик. Афсуски, туман ҳокимининг иши кўп­лиги боис у билан кўришиш ва фикрларини билишнинг имкони бўлмади. Саволлари­мизга эса туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қў­митаси раиси Адиба Асрақу­ловадан жавоб олдик:

— Мазкур маҳалла фуқаро­лар йиғинига бино ажратиш масаласида иккита йўналиш­да иш олиб борилмоқда, — дейди А.Асрақулова. — Ху­сусан, жорий йил дастурига асосан туман бўйича 10 та маҳалла фуқаролар йиғини­га янги бино қуриш режа­лаштирилган. Улар орасида Алишер Навоий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини ҳам бор. Ҳозирда бунинг учун туман марказидан муносиб жой ўрганилмоқда. Шу би­лан биргаликда, айни пайтда тумандаги барча нодавлат нотижорат ташкилотлари, жумладан, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлими­ни ҳам марказлашган ҳода бир бинога жойламоқчимиз. Шун­да, фонднинг бўшаган бино­сига ушбу маҳалла фуқаролар йиғинини киритиш мумкин.

Холислик ҳамиша устувор бўлмоғи шарт!

Қарасак, суҳбатдошлари­мизнинг арз-додлари ҳали- бери тугайдиган эмас. Хона эса совуқ, боз устига ўзининг дарди билан келаётган фуқа­роларнинг кўплигидан торги­на жойда узоқ қолиб бўлма­ди. Навоий номидаги маҳалла фаоллари эса яна навбатдаги ташкилотга хат ёзиш ҳарака­тига тушиб қолдилар. Назари­мизда, муаммо туманнинг ўзи­да ҳал бўладигандек, бунинг учун туман ҳокимлиги янги кўчиб кирган ташкилотга ёки маҳалла фуқаролар йиғинига бошқа қулайроқ жой ажрати­ши лозим. Бунда холислик ус­тувор бўлиши, моҳият ва зару­рият ҳисобга олиниши керак. Балки, мутасаддилар шу ҳақда ўйлаб кўришар. Ахир, туман ҳокими бевосита фуқаролар­нинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини муво­фиқлаштирувчи кенгаш раиси ҳисобланади. Ёки Чортоқда бундай эмасмикан?!

Илҳомжон РАҲМАТОВ  

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш