Маҳалла ёрдами боқимандалар учунми?!

Бухоро шаҳар Мирзо Улуғбек номли маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Шаҳло Холиқованинг (исм-фамилияси ўзгартирилди) таҳририятга фуқаролар йиғини томонидан оилага ҳеч қандай амалий ёрдам кўрсатилмаётгани хусусидаги аризасини ўрганиш учун кетар эканмиз, йўл-йўлакай фуқаронинг аҳволига ачиниб, масалага нохолис ёндашган йиғин ходимларини ич-ичимиздан койиб бордик.
Мабодо учрашиб қолгудек бўлсак, турли баҳоналар билан фикримизни ўзгартиришга таъсир этмасин дея, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Бухоро шаҳар кенгаши ва ўша маҳалла ходимларини ҳам хабардор этмасдан, тўғри мурожаатда кўрсатилган манзилдаги уйга бориб, кейин маҳалла масъулларини чақиртирдик.
— Фуқаронинг турмуш ўртоғи шахсий автомашинасида киракашлик билан шуғулланади, уч нафар фарзанди бор, — дейди Мирзо Улуғбек номли маҳалла фуқаролар йиғини раиси Соҳиб Шукуров. — Бу оила яқин кунларгача кам таъминланганлик нафақаси олиб турган эди. Аммо фарзанди икки ёшга тўлгач, оила даромадлари қайта ҳисобланиб, белгиланган мезондан ошиқ бўлгани учун, кам таъминланган оилалар рўйхатидан чиқарилди. Шундай бўлса-да, фарзандининг боғча тўловини имтиёзли нархда амалга ошириш учун маҳалла маълумотномаси берилди. Уйини таъмирлаш учун эса тадбиркорлар кўмагида ҳашар уюштиргандик.
Раис шу важларни айтар экан, даъвогар томон ер чизиб қолди.
— Келинга илгари бир неча марта иш таклиф этганмиз, — дейди раис сўзини давом эттириб. — Аммо барчасини рад этди. Энди одам боқимандаликдан қочиб, ишлашни ҳам ўрганиши керак-да. — Ишлолмайман-да, ревматизмим бор...
Аниқланишича, фуқарога саломатлигидан келиб чиқиб, уй меҳнатига оид ишлар ҳам таклиф этилган, бироқ....
Яна бир аризани ўрганиш учун Шофиркон туманига борамиз. Мурожаат эгаси ўзининг ночор аҳволи, ногиронлигини баён этиб, ўзи истиқомат қилаётган маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари умуман хабар олмаётгани, моддий ёрдам сўраб ёзган мурожаатини бир неча бор рад этгани, моддий ёрдам тайинлашда таниш-билишчилик қилаётганидан шикоят қилганди. Айтилган манзил бўйича бордик . Аммо...
Ҳашаматли дарвозанинг ўзиёқ хонадон туриш-турмушини акс эттириб турарди.
Қия очиқ дарвозадан яп- янги «Nexia» автомашинаси, қарийб қирқ метр узунликда дид билан қурилган баланд иморат, замонавий эшик-ромлар, тахминан 20 сотихча келадиган томорқа экин майдони кўриниб турибди.
— Аризани отам ёзган эдилар, — деди уйдан эринибгина чиққан 25-30 ёшлардаги бир йигит. — У киши бир неча кундан буён вилоятдаги касалхонада даволаняптилар.
Очиғи, келишимиздан олдин ариза муаллифининг у билан телефон орқали сўзлашувимизда бу ҳақда гапирмагани ёки маҳалладагиларнинг маълумотга эга эмаслиги (одатда қишлоқ жойда бу тахлит даги маълумотлар бир зумда тарқалади) таажжубимизни уйғотди.
Фаоллар мурожаат муаллифининг ўғли билан суҳбатлашиб, айни пайтда уларнинг моддий ёрдам ажратиш тўғрисидаги мурожаати оила даромадлари Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ, тасдиқланган Низом асосидаги мезонлардан юқори бўлгани боис ижобий ҳал этилмаслигини тушунтиришди.
Оиланинг моддий аҳволини янада яхшилаш мақсадида туман бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда йигит ҳамда аёлини иш билан таъминлаш бўйича таклиф беришди.
— Сиздан иш эмас, моддий ёрдам сўралган, — деди йигит сўзимизни охиригача тингламай. — Сиз аризани яхшилаб ўқинг-да сўралган масала бўйича ўз ишингизни қилинг! Менга қарорни пеш қилаверманг. Нима, битта моддий ёрдамни ҳал қилолмайсизми? Маҳалла ҳам буни чўнтагидан бермайди-ку. Берсангиз давлатнинг пулини беряпсиз!
Фуқарога яна бир бор Низом талаблари тушунтирилиши ҳам, нафақалар нотўғри тайинланса, фуқаролар йиғини раиси жавобгарликка тортилиши борасидаги огоҳлантириш ҳам бефойда бўлди. Кетар чоғимиз айтган сўзлари эса барчасидан ошиб тушди:
— Яхшиликни билмаганлар! Майли шулар жабр кўрмасин, деб аввал олдинглардан ўтиб сизларга ёзгандик. Ана энди кўрасанлар. Отамга айтаман: ПОРТАЛга ёзадилар!
Гарчи тўрт мучаси соғ йигитнинг бу таҳдиди эсанкиратмаган бўлса-да, унга ачинганимиз рост. Ижтимоий ҳимоя йўналишида маблағ ажратиш борасида мамлакатимиз етакчи ўринларда туриши сир эмас. Айниқса Президентимизнинг ташаббуслари билан ташкил этилган Халқ қабулхоналари, виртуал қабулхоналар фуқароларнинг тўғридан-тўғри мурожаатларини давлатимиз раҳбариятига етказиш, қуйи бўғинларда тўрачилик, аҳоли билан ишлашда бепарволикка йўл қўйган айрим раҳбарларни ғафлат уйқусидан уйғотишда муҳим туртки бўлди.
Аммо ана шундай эътибор, ғамхўрликдан ғайриқонуний манфаатлар йўлида фойдаланиш мақсадида, айнан Виртуал қабулхонани пеш қилган ҳолда ҳақиқатда ҳам муҳтож, кам таъминланган фуқаролар ризқига кўз тикаётган баъзи кимсаларнинг хатти-ҳаракатлари кишини чуқур ташвишга солади.
Ха лқимизда: «Қўлдан берганга қуш тўймас», деган ибратли мақол бор. Шу боис айни пайтда кам таъминланган фуқароларга ажратилган ёрдамларнинг аксарияти шунчаки еб-кетарга эмас, балки уларни маълум тадбиркорликка йўналтириш мақсадида берилмоқда. Аммо айрим ҳолларда баъзи фуқароларимизнинг ногиронлигини ёки кам таъминланганлигини пеш қилган ҳолда тадбиркорликка йўналтирилган имтиёзларни рад этиб мунтазам равишда моддий ёрдамлар таъма қилаётган кимсалар ҳам афсуски, йўқ эмас.
Биз ривожланишни ўз олдимизга мақсад қилган эканмиз, аввало, бу борада ўзгаришни ўзимиздан бошлашимиз, боқимандалик кайфиятидан халос бўлишимиз керак. Зеро, мамлакатимизда халқ учун амалга оширилаётган ҳар бир ўзгариш ислоҳотлар мамлакат тараққиёти ва аҳоли манфаати учундир.
Акбар РУСТАМОВ
«Mahalla»
Изоҳ 0