Шифокорга ишинг тушмасин...ми? Ёхуд тез тиббий ёрдам нега тез эмас?

Фото: Mahalladosh
Фото: Mahalladosh

Барчамиз иссиқ жонмиз. Тобимиз қочиб, соғлигимиз ёмонлашга­нида шифокор кўмагига эҳтиёж сезамиз. Бундай вазиятда дастлаб «Тез ёрдам»га қўнғироқ қиламиз. Агар тез тиббий ёрдам ходимлари бир зумда етиб келиб дастлабки муолажани кўрсатишса кайфиятин­гиз ҳам, соғлигингиз ҳам яхшиланади. Бироқ аксинча бўлса-чи?

Афсуски, сўнгги вақтлар­да тез тиббий ёрдамнинг суст ишлаши, чақирув бўлган жой­га 1 соат ёки ундан узоқроқ вақт ўтгач етиб келиши ҳақи­да эътирозлар қулоққа тез-тез чалинади. Хўш, бундай кечи­кишларга сабаб нима? Чиндан тиббий ёрдам ходимлари ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашадими? Ёки тех­ника воситаларининг етиш­маслиги билан боғлиқми?

Ҳолат

Бугун юртимизда соғлиқ­ни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, айниқса, тез тиббий ёрдам хизматини такомил­лаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, давла­тимиз раҳбарининг 2018 йил 16 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тад­бирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди.

Бироқ тизимни такомил­лаштириш юзасидан кўри­лаётган чора-тадбирларга қа­рамасдан, тез тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида қўйилган вазифаларни тўлиқ бажариш­га тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммолар ва камчиликлар сақланиб қолаё­тир.

Хусусан, «Тез ёрдам» бри­гадаларининг чақирув жойига ўз вақтида етиб бормаслиги билан боғлиқ ҳолатлар ҳамон учраб турибди. Бу эса аҳоли­нинг ислоҳотларга ишончини сусайтириши мумкин.

— Расмий маълумотларга кўра, тез тиббий ёрдам 15- 20 фоизга кечикади, — дей­ди Республика шошилинч «Тез ёрдам» илмий маркази Тошкент шаҳар «Тез ёрдам» станцияси бош шифокор ўринбосари Илҳом Аслонов. — Бунинг ўзига яраша сабаб­лари бор. Биринчи навбатда, айни пайтда ўткир респиратор вирусли инфекциялар фаол­лашган вақт бўлгани боис мурожаатлар икки баробарга ортган. Табиийки бу жараён­да, иш ўзи-ўзидан секинлаша­ди. Шунингдек, чақирувлар­ни рўйхатга олиш, тез ёрдам бригадаларининг жўнатили­ши билан боғлиқ жараён ав­томатлаштирилган тизимга ўтказилмаган. Бу ҳам маълум фурсатни талаб этади. Яъни мурожаат келиб тушгач, опе­ратор бўш турган тез ёрдам машинасини қидириши ва унга чақирувни етказишигача бўлган давр оралиғида вақт тўхтаб турмайди. Шу каби оворагарчиликларни бартараф қилиш мақсадида жорий йил 1 апрелгача тез тиббий ёр­дамнинг мурожаатларни қабул қилиш хизмати тўлиқ автомат­лаштирилган тизимга ўтиши режалаштирилган. Бунинг самарасида 15 дақиқада бита­диган масала 1 дақиқадаёқ ҳал бўлади.

Сабаб

Республика шошилинч «Тез ёрдам» илмий маркази Тошкент шаҳар «Тез ёрдам» станциясидан маълум қили­шича, тез тиббий ёрдамнинг кечикишига асосий сабаблар­дан яна бири асоссиз чақи­рувлардир. Мурожаатларни саралашнинг амалдаги тарти­би мавжуд куч ва воситалар­ни энг муҳим чақирувларга хизмат кўрсатиш учун йўнал­тириш имконини бермайди, натижада ёлғон чақирувлар сони ошмоқда ёки сурункали касалликлари авж олган, би­роқ ҳаёти хавф остида бўлма­ган беморларга хизмат кўр­сатилмоқда. Яъни бирламчи тиббий ёрдамга муҳтож бўл­маган, даволаш курсларини ўташи лозим бўлган фуқаро­лар томонидан келиб тушаёт­ган мурожаатларнинг ортиши чиндан тез ёрдамга муҳтож беморларга етиб бориш вақ­тини ортга сурмоқда. Тошкент шаҳар «Тез ёрдам» станция­сида мурожаатлар 36 та дис­петчер томонидан қабул қи­линади. Қўнғироқлар ана шу кўрсаткичдан ошган тақдирда, телефонлар ўз-ўзидан банд бўлади.

«Тез ёрдам»да дори­лар етарлими?

Яна бир масала, «тез ёр­дамда оддий дорилар ҳам бўл­майди», деган эътирозлар ҳам учраб туради. Бу ҳам янглиш тушунча. Зеро, тез тиббий ёр­дам учун аниқ рўйхат бўйича бўлиши шарт бўлган биринчи ёрдам дорилари тасдиқланган. Бугунги кунда рўйхатда кў рсатилган дорилар билан тез ёрдам бригадалари 100 фоиз­га таъминланган.

Бир жиҳатга эътибор бе­риш лозим. «Тез ёрдам» да­волаш билан эмас, балки даволашгача бўлган даврда биринчи ёрдамни кўрсатиш билан шуғулланади. Айтай­лик, қон босими ошган фуқа­рога қон босимини вақтинча тушириш ва даволаш бош­лангунга қадар бўлган вақтда меъёрида ушлаб туриш тез ёрдамнинг асосий вазифаси­дир. Бироқ аксарият фуқаро­ларда тиббий маданиятнинг етишмаслиги туфайли касал беморлар томонидан шунчаки қон босимини тушириш учун ҳам бир кунда 3-4 маротаба тез ёрдам чақириш ҳолатла­ри кўп кузатилади. Натижада бирламчи тез тиббий ёрдамга муҳтож беморларга боришда кечикишлар юзага келади. Ўз вақтида тиббий ёрдам кўрса­тилмаган ҳолатлар эса аянчли якун топиши мумкин.

Ечим

Президентимизнинг «Ўз­бекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тад­бирлари тўғрисида»ги қарори доирасида тез тиббий ёрдам хизматини ривожлантириш­га амалий кўмаклашиш ва унинг моддий-техника база­сини яхшилаш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди.

— Мазкур қарор доирасида «Тез ёрдам» хизматида бен­зин, дори ёки автомобиллар билан боғлиқ барча муаммо­лар тўлиқ бартараф этилди, — дейди Илҳом Аслонов. — Фақатгина «Тез ёрдам» маши­наларининг етишмовчилиги учраб туради. Бироқ бу муам­мо ҳам тез орада ҳал қилини­ши белгиланган.

Дарҳақиқат, бугунги кун­да пойтахт миқёсида тез ёр­дам автопарклари тўлиқ ян­гиланган. Яъни хизматдаги автоуловларнинг барчаси соз ҳолатдаги янги машиналар. 1 апрелгача бутун республика­даги автопарклар ҳам тўлиқ шай ҳолатга келтирилади. Энг асосийси, тизим «Hunday» ва «Toyota» русумли замонавий тиббиёт уловлари билан таъ­минланмоқда. Айни пайтда Тошкент шаҳар «Тез ёрдам» станциясида 35 та ана шу ру­сумдаги тез ёрдам автомо­биллари мавжуд. Жорий йил якунигача Президент қарори доирасида ичи тўлиқ тиббий амалиётларни ўтказишга мўл­жалланган 75 та замонавий тез ёрдам автомобиллари кел­тирилади. Шунингдек, тоғли ҳудудлар аҳолисига ҳам си­фатли тиббий хизмат кўрса­тилишини таъминлаш мақса­дида йўлтанламас типидаги автомобиллар ҳам амалиётга татбиқ этилади.

Соғлиқни сақлаш вазир­лиги маълум қилишича, 2020 йилдан бошлаб тез ёрдам ти­зимида авиация хизмати ҳам йўлга қўйилиши белгиланган. Натижада хизмат номига мос равишда тез бўлиши таъмин­ланади.

Бу жараёнда соҳа ходим­ларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масаласи ҳам асо­сий вазифалардан биридир. Шу боисдан Президент қаро­рида таълим тизими босқич­ларида сифатли кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, Шо­шилинч тез тиббий ёрдам илмий амалий марказида тиб­биёт соҳасига оид кадрлар бирламчи тиббий ёрдам бўйи­ча малака оширишмоқда.

Тез тиббий ёрдамни ривож­лантириш жамғармаси маб­лағлари ҳисобидан тиббиёт соҳаси илғор ривожланган давлатларда малака ошириш­лар ташкил этилади. Жорий йилда тез ёрдам тизимидаги 97 нафар мутахассис хорижий давлатларга юборилиши режа­лаштирилган.

Хулоса

Шифокорлик – масъулият­ли, шу билан бирга, шарафли касб. Қалби либоси каби оп­поқ бўлган ушбу касб эгала­рининг беминнат кўрсатган хизматлари, касбига бўлган садоқати туфайли қанча-қан­ча инсонларнинг ҳаёти сақ­лаб қолинади. Улар савобли меҳнатлари ортидан инсонлар кўнглига қувонч, хурсандчи­лик улашади, обрў қозонади. Аммо баъзи ҳолатларда маъ­навиятсиз инсонлар томони­дан тиббиёт ходимларининг асоссиз калтакланиши киши дилини хира қилади. Афсус­ки, бундай ҳолатлар охирги пайтларда тез-тез учраётгани тажрибали шифокорларнинг бирламчи тизимдан кетиб қо­лишларига сабаб бўлмоқда. Шу боисдан аҳолининг тиб­бий маданиятини ошириш, шифокорларни ҳимоя қилиш­нинг қонуний асосларини иш­лаб чиқиш зарур.

Халқ орасида, «Шифокор­га ишинг тушмасин», деган гап юради. Давлатимиз то­монидан тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган исло­ҳотларнинг асл мақсади эса «Яхшиям шифокорлар бор!» деган қарашни шаклланти­ришдан иборатдир. Бунинг учун барчамиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши­миз лозим.

Фарҳод ТОЛИПОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш