«Кумушкент»да касал бўлмаган маъқул

Фото: Mahalladosh
Фото: Mahalladosh

Сиз кўриб турган бу манзара Самарқанд вилояти Оқдарё тума­нидаги «Кумушкент» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жой­лашган 19-оилавий поликлиника филиалида суратга олинган.

Бино ҳар жиҳатдан эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолган. Хусусан, унинг девор­лари ёрилиб, поллари илма-тешик бўлиб кетган. Иссиқлик тизими, замонавий жи­ҳозлар ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Ҳатто, хоналардаги ҳарорат кўчадагидан совуқроқ.

Кундузги стационар хонасида беморлар учун номигагина қўйилган икки-учта ялан­ғоч темир каравот, дори-дармон сақлаш учун қўйилган эшиги ёпилмайдиган эски шкафдан бошқа ҳеч вақо йўқ. Бутун бошли муассасанинг чекка бир хонасида иккита ҳамшира совуқдан қунишиб, нималарни­дир ёзиб ўтирибди. Улардан бирининг ай­тишича, олти нафар патронаж ҳамшира меҳнат қилаётган мазкур тиббиёт муас­сасаси ҳудуддаги Кумушкент, Холмерган, Тарнов, Қиёт, Карки каби қишлоқлардаги 4 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади.

— Дарҳақиқат, бу ерда ҳам, ундан сал нарироқдаги «Пичоқчи» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган филиалимизда ҳам аҳвол яхши эмас, иккаласининг ҳам бино­си эскириб, талабга жавоб бермай қолган, — дейди 19-оилавий поликлиника мудира­си Дилноза Ҳамроева. — Шу боис ҳозирда Тўртайғир қишлоғида ҳар иккала филиал учун янги икки қаватли оилавий поликли­ника биноси қуриляпти. Айни пайтда уни жиҳозлаш ишлари якунига етиб қолди.

Суҳбатдошимиз айтган филиал ва янги қурилаётган бино ҳақида батафсил маълу­мот олиш мақсадида «Пичоқчи» маҳалла фуқаролар йиғини идорасига борганимиз­да кундузги соат 14 дан 20 дақиқа ўтган эди. Йиғин биносида бор-йўғи учта хона бўлиб, уларнинг учаласида ҳам қулф осиғ­лиқ турарди. Бинога девор-дармиён қўшни бўлганлардан раиснинг қўл телефони ра­қамини олиб, у кишига қўнғироқ қилдик. Аммо уринишларимиз бесамар кетди.

Шундан сўнг, қишлоқда қад ростлаёт­ган янги поликлиника биносини бориб кўрдик. Афсуски, у ерда ҳам қоровулдан бошқа ҳеч кимни тополмадик...

Сусткашлик ва лоқайдлик нафақат эри­шилган ютуқларнинг йўққа чиқишига са­баб бўлади, балки аҳоли саломатлигига ҳам салбий таъсир этмай қолмайди. Шун­дай экан, оилавий поликлиника мудираси айтган янги бино ҳақиқатда тезроқ ишга тушса, зарур асбоб-ускуналар билан таъ­минланса, ўйлаймизки, ушбу ҳудудда яшовчи қарийб 11 минг аҳоли замонавий тиббий хизматлардан фойдаланиш имко­ниятига эга бўлади. Ҳар ҳолда, биз шунга умид қилиб қоламиз!

Ёрмамат РУСТАМОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш