Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ

Ўзбек адабиётининг йирик намояндаси шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур умрининг кўп қисмини от устида, жангу жадалларда кечирган бўлса- да, инсоният учун бой манба ёзиб қолдирди. У, аввало, ҳассос шоирдир. Лирикаси марказида ҳасбихол, Ватан соғинчи, муҳаббат ва ҳижрон, инсоннинг пок севгисини улуғлаш, висол орзуси, вафодорлик мавзулари туради.

Ўзбек адабиётининг йирик намояндаси шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур умрининг кўп қисмини от устида, жангу жадалларда кечирган бўлса- да, инсоният учун бой манба ёзиб қолдирди. У, аввало, ҳассос шоирдир. Лирикаси марказида ҳасбихол, Ватан соғинчи, муҳаббат ва ҳижрон, инсоннинг пок севгисини улуғлаш, висол орзуси, вафодорлик мавзулари туради.

Бобур девон тузганми?

Буюк шоир, айниқса, туркий шеърият анъаналарини Ҳин­дистон адабий муҳитига олиб кирган ва сарой шоирларининг туркча шеър ёзишларига катта раҳнамолик қилган. У ўзбек ва форс тилларида ижод қилди. Аммо унинг мумтоз девончи­лик анъанаси асосида девон тузгани маълум эмас. Бироқ бир рубоийсида ва «Бобурно­ма»нинг 1509-1510 йиллари воқеалари баёнининг бир ўр­нида Самарқанд ҳокими Пўлот Султонга девонини юборгани­ни таъкидлайди. Айни пайтга қадар «Бобур девони»нинг 9 та қўлёзмаси топилган бўлиб, кейинги тадқиқотларга кўра, шоирнинг ҳали илм аҳлига маълум бўлмаган яна бир қўлёзма нусхаси ҳам мавжудлиги аниқланган.

Манбаларда келтирилишича, Бобур шеърларининг умумий ҳажми 400 тадан ортади. Бо­буршуносликдаги кейинги тад­қиқот ишларида Бобур саккизта шеърий жанрда ижод қилган. Шундан ғазаллар – 126 та (3 таси тугалланмаган), маснавий – 12 та, қитъа – 23 та, туюқ – 20 та, фард – 117 та, муаммо – 54 та, рубоий – 230 та ва бир нечта масну шеърлардир.

Бобур бадиий асарлардан ташқари, мусиқа илми, ҳарб ишига оид қимматли илмий асарлар ҳам яратган, аммо улар бугунга қадар топилган эмас. Унинг «Аруз рисоласи» ўзбек мумтоз шеърияти назария­сини ўрганишда муҳим ўрин эгаллайди. Фитрат таъбири билан айтганда, Бобур Мирзо адабиёт ва санъат дунёсида энг теран қараш эгаси бўлган. У ушбу рисолага аруз илми тараққиёти тарихида биринчи бўлиб, 537 вазнни жамлайди ва бу вазнларга етмишга яқин машҳур шоирлар ижодидан турли мисоллар келтиради. Бо­бур ўзбек мумтоз поэзиясида қўлланиб келинган 289 вазн ва уларнинг шакллари таърифини беради. Умумаруз илмини ўзи ихтиро қилган 248 янги вазн билан бойитиб, арузшунослик илмига катта ҳисса қўшади.

Ҳумоюн ва Комронга мактуб

Бобур Мирзо меҳрибон ота, исломшунос олим, етук тар­жимон ҳам эди. У Хожа Аҳрор Валийнинг насрда битилган панднома, насиҳатнома аса­ри – «Волидия»ни бетакрор тарзда назмда 243 байтда тар­жима қилди. Унинг «Рисолайи волидийя» таржима асари ва 2258 байтдан ташкил топган «Мубаййин»и барча замонлар учун ҳам қимматлидир.

«Бобурнома»да ёзилишича, Заҳириддин Муҳаммад Бобур фарзандларининг таълим-тар­бияси ҳақида ҳамиша ўйлаб, уларни ўқиш ва ўрганишга тарғиб қилган. У «Мубай­йин» рисоласини Ҳумоюн ва Комронга диний масалаларни ўргатиш учун назмда ёзади. Бобурнинг Ҳумоюн ва Ком­ронга ёзган мактублари ҳам шу мавзуга қаратилган. Масалан, у Комронга ёзган мактубида бундай дейди: «Фарзанди ар­шад ва аржуманди саодатни­шон Муҳаммад Комрон Мирзо баҳодирга саломи муҳаббат анжомидан сўнг улким, кўкал­тош ва ичкиларинг била сабақ ўқурға ружуъ келтуруб эр­мишсен. Бу жиҳаттин кўнгулга сурур ва хотирга ҳузур етиб на бисёр хушҳоллиқ юз берди. Тангри таоло даргоҳидин уми­дим борким, жамиъи қобилият ва салоҳият бобида комил ва мукаммал бўлуб камолға ет­гайсен». Албатта, Бобурнинг бундай саъй-ҳаракатлари зое кетмади. Унинг тўртала ўғли, қизи, набиралари ва уларнинг фарзандлари илму санъат, шеъ­ру адабиётда ном қозондилар. Айниқса, Бобур ва бобурийлар хонадони аёллари орасидан шавкатли ҳукмдорлар, оқила маслаҳатгўйлар, етук дониш­мандлар, забардаст олималар, сухондон шоиралар ва зукко санъатшунослар етишиб чиқ­қанига гувоҳ бўлиш мумкин. Жумладан, шарқ аёллари ичра танҳо муаррих – ўзининг тенг­сиз тарихий асари «Ҳумоюнно­ма» ва нафис байтлари билан машҳур Гулбаданбегим, ўз шеърий ижоди билан машҳур Гулчеҳрабегим, шунингдек, Нуржаҳонбегим (Меҳринисо), Оромбегим (Дилором) Ҳаёт­бегим, Фанобегим (Фанонисо) Жаҳонаробегим, Зебунисобе­гим каби оқила ва фозилалиги билан гўзал, элга машҳур бўл­ганлар етишиб чиқди.

Қимматли маълумотлар манбаи

Бобурга дунёвий шараф кел­тирган буюк асари, шубҳасиз, «Бобурнома»дир. Унда 1494- 1529 йиллари Марказий ва Кичик Осиёда, Яқин ва Ўрта шарқ мамлакатларида кечган воқеалар баён этилган. Асар қимматини оширадиган жиҳат­лардан яна бири унда бир ярим мингдан зиёд шахслар номи зикр этилган. Шундан етти юз нафарга яқини шоҳлар, ҳоким­лар, амир-амалдорлар, дин ула­молари, илм-фан, санъат ва адабиёт аҳли, деҳқон­лар, ҳунарманд ва бошқа касб эгаларидир. Бу шоҳ асарда, айниқса, илм-фан, санъат ва адабиёт аҳли­га катта ўрин берилгани алоҳида эътиборга молик. Навоий, Жомий, Биноий, Муҳаммад Солиҳ, Ҳи­лолий, Сайфи Бухорий, Мир Ҳусайн Муаммоний, Шайхим Суҳайли, Юсуф Бадений, Аҳмад Ҳожибек, Беҳзод, Султон Али, Ҳожа Абдулло Марворий, Шоҳ Музаффар, Ғулом Шодий, Ҳусайн Удий каби бир қатор шоирлар ва санъат­корлар ҳақида қизиқарли фактларнинг мавжудлиги бугун­ги кунда ўша даврни ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Масалан, асарнинг ўн олти ўрнида Ҳазрат Алишер Навоий ҳақида қимматли маълумотлар берилади.

Цезардан севимлироқ

Бобур Мирзонинг бой ада­бий-илмий меросининг нечоғ­ли буюк эканини кўп асрлардан бери Шарқ ва Ғарб олимлари томонидан билдирилиб кели­наётган фикрлардан ҳам билиш мумкин. Улар Бобурнинг инсо­ний фазилатларини, шунинг­дек, унинг йирик лашкарбоши, ҳаёт қийинчиликларидан қўрқ­майдиган саркарда, илм-фан ва санъатни севадиган, ижод аҳлини қадрловчи олижаноб шахс эканини чуқур ҳурмат би­лан тилга олишади. Жумладан, инглиз тарихчиси Эдуард Хол­ден, аввало, Бобурни машҳур Юлий Цезар билан қиёслашни лозим топади. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг болалик ва ўсмирлик йиллари ҳақида роман ёзган «Бобурнома»нинг инглиз таржимони Уильям Эрскин Бобурни Осиё подшоҳ­ларига қиёслаган ҳолда «Сахо­вати ва мардлиги, истеъдоди, илм-фан, санъатга муҳаббати ва улар билан муваффақият­ли шуғулланиши жиҳатидан Осиёдаги подшоҳлар орасида Бобурга тенг келадиган бирор­та подшоҳ топилмайди», – дея баҳолайди.

Бу қомусий асарнинг илм- фан соҳасидаги ўрни ҳақида яна кўплаб ёзиш мумкин. Бир сўз билан айтганда, Бобур қолдирган бой мерос, айниқса, «Бобурнома» неча асрлардан буён ўзбек ва дунё олимлари­нинг доимий диққат марказида бўлиб келмоқда. Бугунга қадар асар дунёнинг 17 та тилига таржима қилинган ва айрим таржималарнинг қўлёзма нус­халари бор. Биргина форсча таржимасининг 20 та қўлёзма нусхаси мавжуд. 17 та тилга қилинган ҳар бир таржима эса турли даврда қайта ва қайта нашр этилган. Дунё бўйича шоир ҳаёти ва ижодига доир ёзилган катта-кичик асарлар­нинг умумий сони 12 мингдан ошади. Жаҳон адабиётининг йирик намояндалари томони­дан Бобур ва бобурийлар ҳақи­да 30 дан зиёд тарихий-бадиий романлар ёзилган, ўнлаб луғат ва таржима асарлари яратилган.

Ҳозирда Бобур асарлари­нинг котиблар томонидан тур­ли йилларда кўчирилган қўлёз­ма нусхалари хорижий мамла­катларда, хусусан, Франция, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Туркия каби давлатларнинг ки­тоб фондлари ва музейларида сақланиб келинмоқда.

Шуҳрат ҲАЙИТОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори.


Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ,
Кимки ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ.

Бу замонни нафъи қилсам айб қилма, эй рафиқ,
Кўрмадим ҳаргиз, нетайин, бу замондин яхшилиғ.

Дилраболардин ёмонлиқ келди маҳзун кўнглума,
Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ.

Эй кўнгул, чун яхшидин кўрдунг ёмонлиғ асру кўп,
Эмди кўз тутмоқ не яъни ҳар ёмондин яхшилиғ.

Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ
Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.

Яхшилиғ аҳли жаҳонда истама Бобур киби,
Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш