Суннат тўйидаги совғалар келиннинг отасига солинадиган солиқми?

Халқимизда болани хатна қилишдаги маросим суннат тўйи деб аталади. Хатна қилингандан кейин эса зиёфат уюштириш одати бор. Шу ўринда савол туғилади: хўш, хатна қилиш суннатми ёки хатнадан кейинги зиёфат суннатми?

Хатна муносабати билан зиёфат қилиш аслида баъзи саҳобаларнинг одати, қилган ишларидир.

Ақиқа ва суннат бир-биридан фарқли

Солим (розияллоҳу анҳу): «Мен ва Нуаймни Ибн Умар­нинг ўзлари хатна қилган ва бизга бир қўчқор сўйган. Мен Ибн Умарнинг бизнинг номимиздан қўчқор сўйга­нидан болаларга мақтаниб, ўзимча қувониб, шодланиб юрганман» (Имом Бухорий ривояти). Демак, суннат тўйи, яъни хатна муносабати билан қўй сўйиб, зиёфат бериш пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг сун­натлари эмас, балки баъзи са­ҳобаларнинг одатлари экан. У зот (соллаллоҳу алайҳи васал­лам)нинг ўзлари набиралари Ҳасан (розияллоҳу анҳу)нинг номларидан битта қўй сўйиб, ақиқа қилганлар.

Ақиқа фарзанд туғилгани муносабати билан сўйила­диган ҳайвон (одатда қўй) га айтилади. Бу хусусда пай­ғамбаримиз(с.а.в)дан қуйидаги ҳадиси шариф келтирилади: «Ҳар бир янги туғилган бола таваллуди муносабати билан етти кунлигида сочи олиниб, исм қўйилиб, ўтказиладиган ақиқа маросими билан гаров қилингандир». Демак, ақиқа билан суннат тўйи бир-бири­дан фарқли амаллардир.

Афсуски, бугунги кунда халқимиз ичида суннат тўйи қиламан деб, дабдаба ва ор­зу-ҳавасга берилиб суннатни бидъатга алмаштираётганлар ҳам бор.

Келиннинг отаси — тўйнинг бош ҳомийси

Битта фарзандни хатна қил­дириш суннатини бажариш учун суннатдан сўнгги исроф­гарчиликларга йўл қўйилмоқ­да. Бундан ташқари, айрим ҳу­дудларда тўй баҳона келиннинг отасига буқа, тойчоқ ва бошқа солиқлар солиниб, бунинг ор­қасидан кўплаб келишмовчи­ликлар чиқаётгани ҳам аччиқ ҳақиқат. Аслида тўй қилаётган киши қуда томонга солиқ со­лишдан олдин ўйлаб кўриши керак: хўш, мен нима учун тўй беряпман, зурриёт кимники, менинг тўйим учун нега бошқа биров жабр тортиши керак? Ана шу саволларга виждони олдида адолатли жавоб берган киши қуда томонга оғирини ташламайди, бидъатларга, риё­га берилмайди.

«Мен набирамни ёки ўғ­лимни тойга миндириб ай­лантираман, буни ҳамма кў­риб қўйсин», деб керилаётган кишилар бу хатти-ҳаракати билан бошқаларга ёмон ўрнак бўлаётгани, динимизга зид иш тутаётгани, неъматни исроф қилаётганини билишармикан?!

Аллоҳ таоло Қуръони ка­римда: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман», деб ваъда қилгани­дек, шукроналик кайфиятида юрсак, яна ҳам зиёдасига эри­шамиз. Аммо неъматларга шукр қилмасдан буйруқларни бажар­май, қайтариқлардан қайтмасак, оятнинг давомида марҳамат қилинадики: «Агар куфр келтир­сангиз, албатта, азобим шиддат­лидир». (Зарият сураси 56-оят.)

Маҳалладошларга яхши ўрнак бўлайлик

Бойлиги етарли бўлганда ҳам неъматни исроф қилиш, нафснинг ҳавосига учиб, кўнг­ли тусаганидан қайтмаслик мусулмон одамга ярашмайди­ган ҳол. Негаки, у билан бир маҳаллада яшаётган кишилар маблағи етса-етмаса, шундай дабдаба қилгиси келади, қарз олса-да, тўйни тўкин-сочин, «эсда қоларли», бошқалар мақ­тайдиган даражада ўтказишга интилади. Натижа эса кундек равшан: қулоғигача қарзга ботади, ишлагани хорижга кетади, ўзини ўтга-чўққа уриб, охири соғлиғидан айрилади.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Аслида орзу-ҳавасга берилмас­дан суннат қандай бўлса, шун­га амал қилиб фарзанднинг келажаги учун бирор хайрли ишни қилиш мумкин-ку. Агар эҳсон қилмоқчи бўлсалар, динимиз кўрсатган кишиларга қилиш керак. Ана шунда бу амал ҳақиқий яхшилик, савоб­ли бўлади.

Аллоҳ таоло ўз каломида «Ва Аллоҳга ибодат қилинг­лар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қа­риндошларга, етимларга, мис­кинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳиб­ларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар...», дея марҳамат қилган.

Агар бир амал шариатга зид бўлса, уни суннат деб атаб пай­ғамбаримиздан қолган пок амал номига доғ тушириб қўймайлик.

Хайрулла АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Хоразм вилоятидаги вакили.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш