Гулнор Сулаймонова: «Қайнонам қўлламаса, Барчиной бўлолмасдим...»

Халқаро ареналарда «Енгилмас» номи билан танилган Сурхондарё вилояти Денов туманида туғилган Гулнор Сулаймоновани замонавий Барчиной десак арзийди. Кураги ер кўрмаган курашчи қизни дунё спортсеварлари яхши билишади. У кураш билан шуғуллана бошлаганида 12 ёшда эди. Қизиқиши, шижоат ва ҳаракатчанлигини кўрган мураббий Ҳамро Примқулов унинг келажаги ёрқин бўлишига ишонди. Шу боис шогирдини алоҳида эътибор билан тарбиялади. Ота-онасининг қўллаб-қувватлаши эса Г.Сулаймонованинг  муваффақиятларига пойдевор яратди.

Жаҳоннинг энг яхши аёл курашчиси

Ўн беш ёшида мамлакатимиз терма жамоасига қабул қилинган Гулнор фаолияти давомида тўрт карра Ўзбекистон чемпиони бўлди. Бундан ташқари, 2017 йили Истанбул шаҳрида ўтган жаҳон чемпионатида 52 килограмм вазн тоифасида аёллар ўртасида жаҳон чемпиони, шу йили Ашхободда ўтказилган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинлари ғолибига айланди. 2018 йилда Индонезияда ўтказилган XVIII Осиё ўйинларида олтин медални қўлга киритди. Шунингдек, Ҳиндистоннинг Туна шаҳрида ўтган Осиё чемпионатида қитъада тенгсизлигини исботлади. Қолаверса, спортчининг кўксини бошқа кўплаб хал­қаро ва маҳаллий мусобақаларнинг олтин медаллари безаб турибди.

«Ютуқлар кўп, истаклар ундан бисёр»

Халқаро кураш ассоциациясининг 2018 йил якунлари бўйича эълон қилган сарҳисобига кўра, Гулнор «Жаҳоннинг энг яхши аёл курашчиси» номига ҳам сазовор бўлди.

— Дадам илк бор спорт мактабига олиб борганида, албатта, дунё танийдиган курашчи қиз бўламан, деб аҳд қилгандим, — дейди Г.Сулаймонова. — Ютуқларим кўп, аммо ҳали забт этиш керак бўлган марралар ундан бисёр. Жумладан, Олимпия ғолиби бўлиш, рекордлар ўрнатиш ниятидаман. Муваффақиятларим омили барча шароитларни яратган мураббийларим, ота-онам, турмуш ўртоғим, қайнонам ва қайнотамнинг қўллаб-қувватлаши, деб биламан. Агар атрофдагилар спортчига қалбан ошно бўлмаса, у орзусига эриша олмайди. Бу, айниқса, аёл кишининг интилишларида яққол намоён бўлади. Курашчи йигитга турмушга чиққанман. Оилавий ҳаётга киришганимдан сўнг спортдан узилиб қолсам керак, деб ўйлагандим. Аммо бундай бўлмади. 2010 йили тўйимиз бўлиб ўтгач, мени, аввало, қайнонам Анорхол Жумаева қўллаб-қувватлади. «Замонавий Барчинойни келин қилганман. Барчинойим ўзининг иши билан шуғуллансин», дерди у. Мусобақалар, машғулотларга халал берадиган ҳар қандай рўзғор юмушларини оғринмай ўзлари бажарарди. Аммо, табиийки, ҳомиладорлик пайтларимда мусобақаларни йиғиштириб туришимга тўғри келди. Шунга қарамай, бу даврда рухсат этиладиган машғулотларни канда қилмадим.

Аввал келин, кейин чемпион бўлди

Ахир, Анорхол Жумаева спортчи қизни келин қилганидан мамнун. Келинини дунё таниса, юрт байроғини баланд кўтарса, бунинг нимаси ёмон?

— Набирали бўлганимдан кейин бола парваришини ўз зиммамга олдим, — дейди у. — Машғулотларга келиним билан бирга қатнаганман. У эмизикли оналар учун рухсат этилган машқлар билан шуғулланаётганида болани кўтариб турардим. Чақалоқ йиғлаганида Гулнорхон  танаффус қиларди. Кейинроқ мусобақаларга ҳам бирга қатнайдиган бўлдик. Бугун эса ҳаракатларимиз натижасини бутун дунё тан оляпти. Ўша пайтлар «Қайнона бўлсанг, ростмана қайнона бўл», деб мени изза қилган маҳалладошларим ҳам мум тишлаб қолишган.

Бугун Гулнор Сулаймонова саккиз ёшли Камронбек ва етти ёшли Фарид исмли ўғилларига ҳам спорт сирларини ўргатяпти. Айниқса, Фарид катта курашчи бўлишга бел боғлаган. Болалар оналарининг беллашувларини диққат ва ғурур билан кузатишади.

Дарвоқе, Гулнор сингари кўплаб ўзбек қизлари спорт ареналарида, халқаро фан олимпиадаларида, санъатда улкан муваффақиятларга эришаётгани барчамизни ғурурлантиради.

Нигина ШОЕВА

«Mahalla»

Изоҳ 3
дилрабо

2019-03-12 11:48:07

шундай қайноналар бизга ҳам насиб этсин

фарангиз

2019-03-12 11:49:07

Оиланинг мустаҳкамлиги ва келиннинг орзу умидлари учун баравар курашган қайнонаналарга тасанно

шоира

2019-03-12 12:20:41

келинга ҳам қайнонасига ҳам омад

Изоҳ қолдириш