Андижонда нега оилавий ажралишлар кўп?

Ўтган йили Андижон вилоятида 30 минг 344 та никоҳ қайд этилди. Аммо бунинг акси ўлароқ, 4 минг 149 та оила қонуний ажрашди. Оилавий ажралишлар 2017 йилга нисбатан 23,8 фоизга ортди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Шаръий никоҳда яшаб, турмушига дарз кетганлар ҳам оз эмас.

«Чумолининг ҳам уйи бузилмасин», дея оилани муқаддас билган халқимизнинг нега «ижтимоий жароҳат» даражасига кўтарилган муаммога ҳанузгача малҳам топа олмаётганидан ташвишланади киши. Ахир, бир оиланинг барбод бўлиши камида ўн-ўн беш кишининг бахтига чанг солмайдими? Бир рўзғор бузилиши неча қуда-андаларни бир-бирига ёвлаштиришини тасаввур қилиш қийинмас.

Ёвлашган одамлар яшайдиган маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳит барқарор бўлишига ким кафолат беради? Ахир, «Менинг маҳалламда оилавий ажралиш бўлмаслиги керак!», «Биз оилавий ажралишларга қаршимиз!» шиори остида ўтказилаётган тадбирлар натижаси юқоридаги рақамларга бориб тақаладими? Бундай маънавий-маърифий тадбирларнинг самарасизлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Шароит яхшию, натижа ёмон

Бугун одамлар телевидениенинг деярли барча каналлари орқали эфирга узатилаётган енгил-елпи сериаллар билан андармон бўлиб, давлатимизнинг оила мустаҳкамлиги, соғлом авлод тарбияси ҳақидаги муҳим ҳужжатларидан бехабар қолаётгандек. Бироқ айни шу масалада жонбозлик, қатъийлик кўрсатиши лозим бўлган мутасаддилар нега бу фармон ва қарорлар ижросини етарли даражада таъминлай олишмаяпти? Куюнчаклик, иштиёқ, ташаббус ва фидойилик сезилмаётганининг боиси нимада? Нега «Қайноналар кенгаши» жамоатчилик тузилмаси ҳанузгача ўз сўзини айтиб, таъсирини кўрсата олмаяпти?

Президентимизнинг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида оилани асраб-авайлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигига эришиш бўйича долзарб вазифалар белгилаб берилган эди. Ҳужжат асосида шаҳар, туман хотин-қизлар қўмиталарига хизмат машиналари ажратилди. Йиғиннинг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси бевосита ҳокимлик ходимига айлантирилди. Демак, ҳукумат томонидан оила мустаҳкамлигини таъминлаш учун барча шарт-шароитлар яратилиб, бу йўналишга эътибор яна давом этяпти. Бироқ ғалвир сувдан кўтарилганда, ҳолат анча аччиқ ва ачинарли экани яққол кўзга ташланмоқда. Атиги бир йил давомида оилавий ажралишларнинг қарийб 24 фоизга ортиши бу муаммо мутасаддилар назоратидан қанчалар четда қолаётганидан далолат эмасми?

Маълумотларга кўра, вилоят бўйича 3 минг 429 та нотинч оиладан 3 минг 171 таси яраштирилди. Яна 3 минг 35 та никоҳ қонуний расмийлаштирилди. 1 минг 249 та қайд этилмаган туғилганлик, никоҳ ҳолатлари аниқланиб, уларга ҳуқуқий баҳо берилди. Аслини суриштирсангиз, бажарилган иш, кўрилган чора сифатида тилга олинаётган бу рақамлар замирида ҳам кишини мушоҳада юритишга чорлайдиган қалтис саволлар бор. Негаки, ажралиш ёқасига келган ёки шаръий никоҳ билан ҳаёт кечираётган бу оилалар бир кун, бир ойда пайдо бўлмаган. Айнан ана шундай мураккаб, қийин ҳолатга тушиб қолгунича улар билан жиддий, виждонан шуғулланадиган мутасаддилар нега жим туришди, нега жамоатчилик эътиборини шу масалага қаратишмади, нега вақтида бонг уришмади? Сабаби аён, яна бепарволик, лоқайдлик, «сен менга тегма...» қабилидаги муносабат...

Худди шундай аҳвол вилоятнинг Шаҳрихон, Андижон, Жалақудуқ, Избоскан, Олтинкўл ва Қўрғонтепа туманларида кўпроқ учраётгани ҳеч кимга сир эмас.

«Ташаббусни қўлга олган» отахон

Улуғнор туманида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеа юз берди. Келинидан кўнгли тўлмаган қайнона ўғлини «онаси ўпмаган» қизга уйлантиришга қарор қилди. Одатдагидай, «бу оила нега биринчи келинини қувлаб соляпти, бир балоси бордирки, оила бузиляпти» деб ўйламайдиган иккинчи хонадон соҳиблари йигирма йил нозик гул каби бағрида авайлаб ўстирган фарзандини қўшқўллаб узатишга рози бўлди. Ҳамма иш хамирдан қил суғургандай битаётган эди. Фақат тўй куни имом-хатиб ФҲДЁ «қоғози»ни кўрмагунча никоҳ ўқишга кўнмади. Қудалар бу жиҳатни ҳисобга олишмагани боис қийин аҳволга тушиб қолдилар. Аммо «қаловини топсанг, қор ҳам ёнади», «ўлимдан бошқасининг иложи топилади» деганларидек, қишлоқ врачлик пунктида ишловчи қуда — йигитнинг отаси «ташаббусни қўлга олиб», шартта ўзи никоҳ ўқиб қўя қолди. Шу билан иш битди.

Оила парокандалиги бўйича юқори кўрсаткичга эришган Шаҳрихон туманида эса имом-хатибнинг ўзи «нонини бировга олдиришни эп кўрмай», тўртинчи марта уйланаётган куёвнинг «сазасини сўндирмади». Хўжаобод туманидаги «Шаҳрихонсой» маҳалласидан Жалақудуқ туманига келин бўлиб тушган Муқаддас ота-онаси вафот этгач, қайнона-қайнотасига ёқмай қолди. Бу орада у касаллик орттириб бир фарзанди билан ҳайдалди. Ўртадаги никоҳ бузилмай туриб, йигит яна чимилдиққа кирди. Энди катта тўй-томоша қилиб уйланган йигит ёлғиз фарзандига алимент тўлашга бўйни ёр бермаётганига нима дейсиз?

Хулоса

Ҳар қандай нарсани барбод қилиш осон. Аммо барпо қилиш мушкул. Шу жумладан оилани ҳам. Турмуш қурган эр-хотин авваламбор, фарзандининг тақдири борасида масъулиятни ҳис этиши лозим. Шундагина оилаларнинг ажралишлари камаярмиди?..

Абдумутал АБДУЛЛАЕВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш