Бемаза қўшиқ айтиш учун УЯТ керакмас...

Халқимиз санъатсевар. Ижод йўлини тутган кишининг қадри баланд. Аммо санъаткор зиммасида катта масъулият ётади. У хоҳ хонанда, актёр, раққоса бўлсин — ижодда изланишдан толмаслиги, ўзи ҳам адашмаслиги, асосийси, ўзгаларни адаштирмаслиги лозим. Чунки санъаткор эл назаридаги инсон.

Бироқ ҳамма санъаткорлар ҳам ушбу масъулиятни тўлиқ ҳис қилмаяпти. Айрим «санъаткор»лар «яратган» қўшиқларини эшитиб ачинади киши. Мазмунан саёз, ғализ. Айниқса, сўнгги пайтларда чет эл мусиқаларига енгил-елпи матнни қўйиб куйлаш урфга кирди. Баъзи клипларда миллий маданиятимиз, ахлоқий мезонларимизга мос келмайдиган лавҳалар учраётгани асрлар оша бизгача етиб келган санъатимизга путур етказаётгандек, гўё.

«Сузишни билмасаям шуртиклари бор...»

Баҳром Назаров ва «Божалар» гуруҳи ижросидаги «Йўқ-йўқ» қўшиғи видео­клипи эътиборимизни тортди. Клип чет элда суратга олинган. «Шоввоз»лар очиқчасига Европа хонандаларига тақлид қилгани сезилиб турибди. Ўзлари калта шимдаю бошларида дўппи. Қўшиқнинг матни эса «ўта бетакрор»:

«...йўқ дема, йўқ дема

 Таиланд қизи йўқ дема,

 Зебо холамнинг қизига ўхшагансан, йўқ дема.

Бутсилари бор.

 Кимоноси бор,

 Сузишни билмаса-ям шуртиклари бор-бор...».

Қизиқ, бу билан хонандалар нима демоқчи ўзи? На маъно, на мазмун бор. Улар шеър қандай ёзилишини унутишганми ёки шу олди-қочди гапларни шеър, деб ижод қилиб юрибдиларми?

Яна бир эстрада гуруҳининг қўшиғи матнига эътибор беринг:

«Лайлидек, Шириндек шириндир Салима,

 Мажнундек, Мажнундек мафтунман, Салима.

Сурмали, сурмали, қошлари ўсма-ўсмали,

Жозибали Салима, Салима...».

Бор-йўғи шу. Наҳотки хонандалар замонавий эстрадани шундай тасаввур этишни бошлашди?

Шодмонқул САЛОМ, шоир:

— Шеърда туйғу бўлиши керак. Унинг бош мезони эзгуликка хизмат қилиш. Бу мезон шеърнинг куйга солинган ҳолати — қўшиққа ҳам дахлдор. Уни тинглаган инсоннинг диди юксалиши керак. Афсуски, бугунги ўзбекча қўшиқларда матн учинчи даражали бўлиб қолди. Қўшиқда шеърнинг даражаси ҳамиша биринчи ўринда туриши шарт. Мувозанат бузилдими, энди у «қўшиқ» эмас. Тан олиш керак: Маҳмуд Намозов, Оғабек Собиров, Ойбек Ҳамроқулов, Дилшод Раҳмонов сингари санъаткорларимиз том маънода билимли, фидойи. Улар туфайли ўзбек қўшиқчилигини халқ эъзозлайди. Атлас лозим кийиб қийшанглаётган айрим йигитчалар ана шулардан ўрнак олиши, устоз кўриши керак. Негаки, ёшлар уларга ишонаётир, эргашаётир.

«Бемаза қўшиқни телевидениедагилар ҳам қайтарсин»

«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси Бадиий кенгаш мутахассисларининг таъкидлашича, Бадиий кенгаш муҳокамасидан муваффақиятли ўтган савияли қўшиқларни айрим телеканаллар «Бизнинг форматимизга тўғри келмайди», деган баҳона билан рад этишмоқда. Натижада халқ эъзозидаги қўшиқчилар телеканаллар «диди»га мослашишга мажбур бўлишаётир.

Матлуба ТЕМУР ҚИЗИ,

«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси масъул ходими, Бадиий кенгаш аъзоси:

— Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, санъатни пул топишнинг осон йўли ёхуд бир эрмак деб биладиган қўшиқчилар кўпайиб кетди. Бироқ устоз кўрган, соҳада суяги қотган, профессионал ижрочилар ҳам йўқ эмас. Аммо уларнинг меҳнатларини шунчаки ҳаваскор, яъни биров куйлаган қўшиққа лабини қимирлатиб турадиганлар йўққа чиқармоқда. Энг ачинарлиси, ўша «ижрочи»лар орқали санъатимизга баҳо беришмоқда. Яна бир гап. Дейлик, хонанда бемаза «қўшиқ» тайёрлаб ойнаи жаҳонга тақдим этди. Бундан биз мутлақо бехабармиз. Хўш, нега энди телевидениедаги муҳаррирлар, мутасаддилар ўша қўшиқни кенг жамоатчиликка узатади? Улар ҳам қайтарсин. Бироқ минг афсуски, тижорат каналлари ўз оёғи билан келган мўмайгина даромаддан воз кечишдан кўра, бетутуриқ қўшиқни эфирга узатишни афзал билмоқда. Бу «қўшиқ»лар такрор ва такрор айланавериб, ёшларнинг қулоғига сингиб кетади. Оқибатда онг заҳарланади, қўшиқ таъсирига тушиб фикрлаш, мушоҳада қилиш, ҳақиқий санъатни фарқлай олмаслик каби ачинарли ҳолатлар авж олади.

Телевидение ва радиода тарғиботчи бўлса...

Мусиқа ва қўшиқчилик издан чиққандек, назаримизда. Айниқса, хонандаларнинг беўхшов қилиқлари киши кўнглини хира қилади. Ачинарлиси, мана шундай хатти-ҳаракатларни ўзида жамлаган клиплар телеканаллар орқали ботма-бот эфир юзини кўрмоқда. Кўнгилочар газеталар эса ана шуларни «замонамиз қаҳрамонлари», «эстрадамиз юлдузи» дея олқишлаётгани ҳам бор гап.

Дилмурод СОЛИБОЕВ,

«Менинг Юртим» телеканалининг мусиқий муҳаррири:

— Эфирга узатилаётган ҳар қандай клип, аввало, каналимизнинг Бадиий кенгашидан ўтади. Агар белгиланган тартибга мос келмаса, хусусан, хонанданинг клипи ёшлар тарбияси, томошабин маънавияти учун зид бўлса, эфирга узатмаймиз. Кўпинча, шундай ҳолатларда «Бошқа телеканалларда клипларимиз кетади-ку, сизлар нега қайтарасиз?», дея хонандалар биздан хафа бўлишади.

Хулоса

Санъат аҳлига кўпчилик тақлид қилади. Шундай экан, санъатнинг мислсиз гўзалликларини мухлисларга тақдим этиш билан бир қаторда, санъаткор деган шарафли номга доғ туширмай юриш ҳар бир ижодкорнинг асосий вазифасига айланмоғи лозим.

Юртбошимиз таъбири билан айтганда, «Санъаткор одоби, юриш-туриши, кийиниш маданияти, муомаласи билан бошқаларга, энг аввало, ёшларимизга ўрнак бўлиши зарур».

 

Шоҳруҳ САИДОВ

«Mahalla»


Дарвоқе...

Муносиблар лицензия олади

2018 йилнинг якунига қадар «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси мутасаддиларига тақдим этилган 185 та  видеоклипдан  75 таси  жузъий камчиликлари боис қайта тўғирлаш учун тавсия қилинган. 48 та видеоклип умуман талабга жавоб бермагани учун кераксиз деб топилди. Шунингдек, малака ва мезон талабларига жавоб бермагани боис 165 нафар лицензия талабгорига рад жавоби берилди.

Концертлар юз фоиз жонли ижрода бўлади

2019 йилдан концертлар 30 фоиз жонли ижрода бўлади. Яккахон концерт дастурлари кейинги йилларда 100 фоизда ижро этилади.

Яна бир гап. Баъзан савиясиз қўшиқ куйлагани учун лицензияси олиб қўйилса-да, тўйларга бориб қўшиқ айтаётган санъаткорларга ҳам чора кўрилади. «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси бу йил ушбу жараёнга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. 2019 йилда Ички ишлар вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда қўшма рейдлар ўтказилиши режага киритилган. Демак, эндиликда хонандалар тақиқланган қўшиқларини тўйларда ҳам ижро этиши мумкин эмас.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш