ҚВПда кимлар ишлайди?

Фото: Mahalladosh
Фото: Mahalladosh

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятда 83 та қишлоқ врачлик пункти фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, улар замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Бундан кўзланган асосий мақсад — тиббий хизмат сифатини ошириш, тиббиёт ходимларининг чекка ҳудудлардаги аҳоли билан ёнма-ён бўлиб, уларнинг туман марказларидаги тиббиёт муассасаларига овора бўлиб бормаслигини таъминлашдир.

Хўш, бугун ушбу ҚВПларнинг ҳаммасида ҳам тиббий хизмат талаб даражасида йўлга қўйилганми? Яратиб берилган шарт-шароитлардан тўлиқ фойдаланиляптими? Ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида Муборак тумани Алишер Навоий номли маҳалладаги Гулшан қишлоғида жойлашган Туркистон қишлоқ врачлик пунктида бўлдик.

Тушлик вақти тугаган, бироқ...

Эшикдан кирар эканмиз, пешлавҳадаги ёзувни ўқиб ҳайратимиз ошди. Имло хатолари билан ёзилган ушбу пешлавҳани эътиборсизларча илиб қўйган ҚВП ходимларидан аҳоли саломатлиги йўлида масъулият билан ёндашишини кутиш мумкинми? Шу хаёл билан ичкарига кирдик.

Ҳаммаёқ сув қуйгандек жим-жит. Ичкарида бир нафар ҳамширадан бошқа ҳеч ким йўқ. Ўзини Ситора Абриева деб таништирган ҳамширанинг изоҳ беришича, қолган ходимлар тушлик қилиш учун чиқиб кетишган экан(аслида тушлик аллақачон тугаб бўлганди). Қишлоқ врачлик пункти мудираси Фарида Холмўминова билан телефон орқали боғланишга ҳаракат қилдик, лекин натижа бўлмади.

Беморлар уйда даволанишади

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нурмўмин Камолов ҳамроҳлигида ичкаридаги аҳволни кузатамиз. Хоналар эски, таъмирталаб. Бинонинг бир тарафи таъмирталаблигидан ёпиб қўйилган. Ҳаво илиқ бўлишига қарамасдан хоналар зах тортган, совуқ.

Қишлоқ врачлик пункти 2100 нафардан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади. Беморларга биринчи тиббий ёрдам, тиббий кўрикдан ўтказиш, профилактика ишларини олиб бориш, ҳомиладор аёлларни ҳар ойда тегишли кўрикдан ўтказиш, чақалоқлар ва болаларни даврий тақвим бўйича эмлаш,  зарур ҳолларда беморларни туман тиббиёт бирлашмасига йўналтириш каби ўнлаб вазифаларни бажариш пункт зиммасига юклатилган. Амалда эса...

ҚВПнинг иккита хонасида беморлар кундузи ётиб даволаниши учун кроватлар қўйилган. Лекин олий маълумотли шифокор йўқлиги, хоналар совуқлиги учун беморлар бу ерда ётишдан кўра, уйида даволанишни афзал кўришади.

Муолажа хонасини чанг босган, дори-дармонлар ҳам етарли эмас

Дориларнинг сақланиш ҳолати билан қизиқиб муолажа хонасига кирдик. Хонани чанг босгани етмаганидек, биринчи ёрдам учун мўлжалланган дориларни кўриб ҳайрон қолдик. Шкафда атиги 15 турдаги дори-дармонлар бор, холос. Дардига даво излаб келган беморга биринчи ёрдам кўрсатиш учун аслида шу дорилар кифоями? Ҳамширанинг айтишича, бор дорилар шу шкафга қўйилган.

Бугун одамларда талабчанлик ошган. Халқимизнинг тиббий маданияти юксалиб, сифатли тиббий хизмат кўрсатилишини истайди. Бизга шу ҳам бўлаверади, деган тушунча анча эскирди. Халқ дардини тинглаш, унга малҳам бўлиш жараёни кетаётган бир даврда ҳамон мудраётган гулшанликларнинг масъулиятсизлиги ҳеч қайси мезонга тўғри келмайди.

Ваъда берилди

— Эътирозларингиз тўғри, — дейди қишлоқ врачлик пункти мудираси Фарида Холмўминова. – Ҳақиқатан ҳам, пешлавҳадаги ёзув бизнинг эътиборсизлигимиз сабабли 2015 йилдан буён турибди. Уни тезлик билан алмаштирамиз. Камчиликларни тузатамиз, биринчи ёрдам учун керакли дори-дармонларнинг барчасини олиб келамиз. ҚВПни тўлиқ таъмирлаш учун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига хат билан чиққанмиз. Жорий йилда хоналар тўлиқ таъмирдан чиқарилади.

Ишонамизки, ҚВП мудирининг бу ваъдаси шунчаки ваъдалигича қолиб кетмайди. Ахир, бугунги куннинг муҳим шартларидан бири — инсон саломатлигини мустаҳкамлаш билан боғлиқ эканлигини барчамиз яхши тушунамиз.

Тиббий хизмат сифати ҳокимлар эътиборига боғлиқ

— Муборак, Нишон, Миришкор, Деҳқонобод туманларидаги олис қишлоқлардаги ҚВПларда олий маълумотли шифокорлар етишмаслиги учун ўрта маълумотга эга тиббиёт ходимлари фаолият олиб боради, — дейди Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси амбулатория поликлиника хизмати бўйича бош мутахассиси Чори Ризаев. — Тиббий хизматнинг яхши йўлга қўйилмагани эса туман ҳокимларининг муносабатига боғлиқ деб ўйлайман. Чунки қайси туманда ҳоким тиббиётга эътиборли бўлса, ўша ҳудуддаги тиббиёт муассасалари талабга жавоб бераётир.

Демак, бу борадаги ислоҳотларнинг самараси, асосан, ўзимизга боғлиқ. Бинобарин, барча бўғиндаги раҳбарлар янгиланиш ва ўзгаришлар моҳиятини теран ҳис этиб, шу асосда иш юритишлари, омманинг мушкулини осон қилиш учун ғайрат ва ташаббускорликни янада оширишлари лозим. Унутмайлик, соғлом ҳаёт умр зийнати ва бардавомлигини белгилайдиган асосий мезондир.

Шоҳиста БОЗОРОВА

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш