Ота фарзандининг, жиян тоғасининг қотилига айланди

Яқин қариндошлар эт билан тирноққа ўхшайди. Уларни бир-биридан ажратишнинг оғриғи ва азобини тасаввур этиб бўлмайди. Афсуски, бугун орамизда бу ситамни яқинларига раво кўраётганлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, жорий йилнинг ўтган икки ойи мобайнида Тошкент вилоятида ота-бола, ака-ука, тоға-жиян ва эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар 8 та ҳолатда аянчли якун топди.

Фарзандининг қотилига айланган ота

Оққўрғон туманидаги «Гулистон» маҳалласида яшовчи Шерзод Намозов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) қўшни республикага мавсумий ишлаш учун кетмоқчи бўлди. Эрталаб йўлкира учун онасидан 50 минг сўм пул олиб, сафарга отланди. Бироқ тушдан сўнг маст ҳолатда уйига қайтиб келиб жанжал кўтарди. Нима учун ишга бормаганини сўраган ота-онасини ҳақоратлади.

Танбеҳ бермоқчи бўлган отасини эса бор кучи билан ерга итариб юборди. Ўғлининг «хурмача қилиқ»ларидан тўйган ота ошхона пичоғини олиб, жигаргўшасининг кўкрагига бир неча марта санчди. Эндигина ўттиз баҳорни қаршилаган йигит воқеа жойида вафот этди.

Тоғасини «сийлаган» жиян

Тошкент туманидаги «Уч чинор» маҳалласида истиқомат қилувчи Холмат Ҳусанов эса тоғасига раҳм қилмади. Яқин қариндошлар ўртасида ер талашишдан келиб чиққан можаро тоғага пичоқ санчиш билан якунланди. Тиббиёт бирлашмаси берган маълумотларга кўра, жабрланувчининг кўкрак қафасига орқа, ўнг ва чап томондан жароҳат етказилган.

Жанжалдан жиян ҳам ўз «насибаси»ни олди. Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг маълумотномасига кўра, Х.Хусановда бош мия чайқалиши, тери ости гематомаси, бўйин соҳасининг лат ейиши тан жароҳатлари аниқланган.

Қондошлар ўртасидаги жиноятлар руҳиятга боғлиқми?

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нима учун жон-жигарлар бир-бирига пичоқ ўқталмоқда? Бундай ҳолатларнинг урчишига ким ёки қандай омиллар замин яратяпти?

— Одамлар аламзадалик, ўз турмушидан қониқмаслик, оила ва жамиятда ўз ўрнини топа олмаслиги натижасида яқинларига зиён етказади, — дейди психолог Дилдора Раҳимова. — Бундай ҳолатларда киши руҳиятидаги ўзгаришлар унинг хатти-ҳаракатларида намоён бўлади. Масалан, биринчи воқеа аламзадалик маҳсули бўлса, иккинчиси, ўз манфаатларини ҳамманикидан устун қўйиш натижасида содир бўлган. Кишида бундай хулқ бирданига шаклланмайди. Оила аъзоларининг бир-бирига бефарқлиги, эр-хотин ўртасидаги сурункали жанжаллар, фарзанднинг қизиқишлари билан ҳисоблашмаслик кабилар бунга сабаб бўлади. Айниқса, руҳиятга салбий таъсир кўрсатувчи компьютер ўйинларини мунтазам ўйнаш ва жангари фильмларни доимий томоша қилиш ҳам киши дийдасини қотиради. Бир сўз билан айтганда, инсон характери у улғайган ва яшаётган муҳитда шаклланади.

Дарҳақиқат, оила-турмуш даражасидаги жиноятлар таҳлили уларнинг бир кунлик келишмовчилик ёки жанжал ортидан содир бўлмаганини кўрсатади. Йиллар давомидаги адоват қон-қариндошлар ўртасидаги ришталарни мўрт қилиб қўйган. Унинг узилиши учун эса биргина сўз, биргина қарашнинг ўзи кифоя. Пичоқ эса бунинг учун восита, холос.

Хўш, муносабатлардаги бу мўртликни наҳот қўни-қўшнилару маҳалла фаоллари пайқамади? Ёки билиб туриб билмасликка, сезиб туриб сезмасликка олишдими? Бу савол билан ҳар икки маҳалла фаолларига мурожаат қилганимизда, бу оилаларда кичик жанжаллар бўлиб турганини айтишди. Шундай ҳолатларда оила аъзолари билан суҳбатлар ўтказилганми, деган сўровимизга эса жўяли жавоб ололмадик.

...Бефарқлик, «Ўз муаммоингни ўзинг ҳал қил», қабилида тутилган ишнинг охири бахайр бўлмади. Ота фарзандининг қотилига айланди, жиян эса тоғасига қўл кўтарган йигит деган тамғани олди...

Нигора ЎРОЛОВА

«Mahalla»

Изоҳ 2
Muattar ar-Rashid qizi

2019-03-13 21:31:17

Xurmatli maqola muallifi yozilgan maqolangizda xayotda sodir bolayotgan ayanchli turmush tarzini yoritibsiz. Befarq bolmaganingiz un tasanno. Yon atrofimizdagi insonlarga ornak bolaylik. Qalamiz bundanda otkir bolsin. Ishlarizga omad.

Бехрузбек

2019-03-16 20:37:35

Яхши мавзуни кўтарибсиз, ҳозирги кунда бу каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Дарҳақиқат бу каби ҳолатларда маҳалланинг ўрни хам катта.

Изоҳ қолдириш