«Мен маҳалла раисини сайлай оламанми?»

— «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги қонунга қатор ўзгартишлар киритилгани ҳақида эшитдим. Жумладан, энди йиғин раисини сайлаш ҳуқуқига эга бўлган вакиллар ҳар бир ҳудуд аҳолисининг сонидан келиб чиқиб шакллантирилар экан. Айтинг-чи, қонунда вакилларга қандай талаблар қўйилган? Ўзим ўқитувчиман, мен вакил бўла оламанми?

Исроил ОРТИҚОВ.

Самарқанд вилояти.

 

Элмурод ҚАРШИЕВ,

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бўлим бошлиғи:

— Қонунга кўра, эндиликда фуқаролар вакилларининг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида ўн икки фоизини ташкил этиши керак. Вакиллар маҳалла (шаҳарча, қишлоқ, овул) фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи, сайлов ёшига етган ва сайлаш ҳуқуқига эга бўлган аҳолининг умумий йиғилишида кўрсатилади. Бунда ташкилотчилик қобилиятига, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган кишиларнинг вакиллар сифатида сайланишига эришиш фуқаролар йиғинларининг келгуси фаолиятида муҳим ўрин тутади.

Фуқаролар вакиллари ўз ваколатини фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг навбатдаги сайлови бошлангани эълон қилингунига қадар амалга оширади. Раис лавозимига кўрсатилган номзодлар ёки уларнинг яқин қариндошлари вакил бўлиши мумкин эмас.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш