Эндиликда маҳаллаларда «тиббиёт посбонлари» фаолият юритади

Барчамиз иссиқ жонмиз. Вақт-бевақт тобимиз қочиб, шифокорга мурожаат қиламиз. «Тез ёрдам» келиб биринчи ёрдамни кўрсатгунча ҳам орадан маълум вақт ўтади. Марказдан узоқ, чекка ҳудудда истиқомат қиладиганлар учун бу вазият янада қийин, ҳар бир дақиқа бир соатдек ўтади.

Агар шифокор маҳаллангизда ёхуд қўшнингиз бўлса, тез ёрдам чақиришга ҳожат қолмайди. У биринчи ёрдамни кўрсатиб, дардингизни енгиллатиши мумкин. Бироқ бунга рухсат борми? Тегишли рухсатсиз муолажа қилишга эса барча ҳам унамайди.

Муаммонинг одилона ечими

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва бошқа мутасадди идоралар вакилларидан иборат Республика ишчи гуруҳи жойларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифатини ошириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиб, соҳада учраётган муаммоларни ҳал этиш бўйича тизимли иш олиб бормоқда. Хусусан, ана шундай масалалардан бири чекка, шифохоналардан олисда жойлашган аҳоли пунктларида яшовчи фуқароларнинг тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти билан боғлиқ.

Бу борада қишлоқ ёки маҳаллаларда пенсиядаги, кўп йиллик тажрибага эга шифокорлар тажрибасидан фойдаланиш катта самара беради. Зеро, азалдан қўни-қўшни, маҳалла-кўй уларга мурожаат этиб келади. Ана шу жиҳатни инобатга олиб, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний фаоллигини ошириш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва тиббий профилактика ўтказиш сифатини яхшилаш, фуқароларнинг санитария-гигиеник маданиятини юксалтириш борасида юртдошларимизнинг таклифларини инобатга олган ҳолда Навоий вилояти Хатирчи туманида илк бор «тиббиёт посбонлари» фаолияти тажриба тариқасида йўлга қўйилмоқда.

Тажриба — тараққиётга хизмат қилади

Эндиликда «тиббиёт посбонлари», яъни пенсиядаги олий маълумотли шифокорлар, шунингдек, тиббиёт муассасаларида ишлаб турган ходимлар бўш вақтида ўзлари яшайдиган ҳудудларда аҳолига уларнинг мурожаатлари асосида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, тиббий профилактика ўтказади. Албатта, бу ихтиёрий равишда амалга оширилади.

— Туман тиббиёт бирлашмаси тегишли қишлоқ оилавий поликлиникалари (ҚОП), қишлоқ врачлик пунктларининг (ҚВП) тавсиясига кўра, ҳудудда яшайдиган «тиббиёт посбонлари» рўйхати тузилди ва ушбу рўйхат халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан маъқулланди, — дейди Хатирчи тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Фазлиддин Усмонов. — Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда «тиббиёт посбонлари» ҳақидаги маълумотларни аҳолига таништириш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ва таълим муассасаларига юборилади. Улар «тиббиёт посбони» истиқомат қиладиган хонадонлар эшигига «Ушбу хонадонда шифокор истиқомат қилади» деган маълумотни ёзиб қўйишади. «Тиббиёт посбонлари»га туман тиббиёт бирлашмаси томонидан тегишли гувоҳнома ҳам берилади. Айни пайтда мазкур лойиҳани молиялаштириш бўйича ишлар йўлга қўйилмоқда. Жорий йилнинг апрель ойидан «тиббиёт посбонлари» тўлиқ фаолият юритишни бошлайди.

Таъминот қандай бўлади?

«Тиббиёт посбонлари» тегишли ҚОП, ҚВП томонидан зарур тиббий жиҳозлар, жумладан, тонометр, фонендоскоп, термометр ва дори воситалари жамланган сумка, мурожаат қилувчиларни қайд этиш дафтари билан таъминланади.

Улар ўзи яшайдиган ҳудуддаги аҳолининг мурожаатига асосан, маслаҳатлар беради, зарурат туғилса, биринчи тиббий ёрдам кўрсатади. Мурожаат қилувчининг илтимосига кўра, уни кўрикдан ўтказиб, муайян тиббиёт муассасасига юбориши ёки мутахассисга учрашиши тўғрисида тавсия беради. Зарур ҳолларда эса тегишли тиббиёт муассасаларига олиб боришда ҳамроҳлик қилади. Беморнинг соғлиғига оид маълумотларни кейинчалик тиббий хизмат кўрсатиш учун ҚОП ёки ҚВПларга етказади. Маҳаллаларда, таълим муассасаларида ва шу ҳудуддаги бошқа ташкилотларда аҳолининг соғлом турмуш тарзини, жисмоний фаоллигини ошириш, аҳолининг тиббий, санитария-гигиеник маданиятини юксалтиришга оид тушунтириш ишларини олиб боради.

Албатта, ҳудуд аҳолисига биринчи тиббий ёрдам беришда фаоллик кўрсатган, аҳолининг ҳурмати ва эътирофига сазовор бўлган «тиббиёт посбонлари»ни рағбатлантириш тизими ҳам йўлга қўйилади.

Қулай, фойдали ва зарур

Яна бир жиҳат, «тиббиёт посбонлари»нинг пайдо бўлиши аҳоли томонидан «Тез ёрдам»ни асоссиз чақиришларга чек қўйиши билан ҳам аҳамиятли бўлади. Тиббиёт муассасаси ва шифокор ҳамкорлиги қишлоқ врачлик пунктлари устидан шифокорлик назоратини амалга оширишда ҳам қўл келади. Энг муҳими, чекка-чекка, тиббиёт муассасаларидан олис ҳудудларда яшовчи аҳолига ўз вақтида, ишончли ва тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти ошади.

Хатирчи тумани тажрибаси ўзини оқласа, ушбу ташаббусни республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этиш кўзда тутилмоқда.​

Нодира ДУШАЕВ

Изоҳ 1
Тохир

2019-03-14 10:16:57

Зўр воқеа бўпти

Изоҳ қолдириш