Маданият муассасаларининг ҳар қишлоқда бўлиши — замон талаби

Фото: Mahalladosh
Фото: Mahalladosh

Президентимизнинг 2017 йил 31 майдаги «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Бироқ Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида бу масала эътибордан четда қолгандек. Яъни маданият ва аҳоли дам олиш масканларини обод қилишда оқсоқликларга йўл қўйилмоқда.

Ҳоким қарори ўзгарди

1999 йил 22 февралда «Боғистон» маҳалласи ҳудудидаги собиқ болалар боғчасининг биносини туман маданият бўлими ихтиёрига бериш тўғрисида туман ҳокимининг қарори қабул қилинган эди. Икки бўлимдан иборат бинода бош мутахассис, ёшлар билан ишловчи мутахассис, бадиий раҳбар, овоз ёзиш режиссёри, тўгарак раҳбарлари учун алоҳида хоналар ажратилди. Бу ерда ижод қилиб, аҳолига намунали хизмат кўрсатиш мумкин эди. Бироқ орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, туман маданият бўлими хоналари туман ҳокимлигининг топшириғига кўра бошқа мақсадлар учун тақсимланди.

Шу бўлдию, туман маданият бўлимининг тўгараклари машғулотлар ўтказиш учун хонага ёлчимади. Албатта, тўгараклар ёпилгани йўқ, фақат машғулотлар болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда болалар мусиқа  ва санъат мактабида, турли умумтаълим масканларида фаолият кўрсатмоқда.

— Машғулотларни ҳали туман «Баркамол авлод» болалар ижодиёти марказида, ҳали қарасанг, болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтишга мажбурмиз, — дейди рассомлик тўгараги раҳбари Холида Худойбердиева. — Бошқа тўгаракларда ҳам аҳвол шундай.

Маданият бўлими ёпилдими?

Бугунги кунда туман маданият бўлими таъмирлаш мақсадида ёпилган. Идора ходимлари «Деҳқонобод» маҳалласидаги аҳоли дам олиш масканида фаолият юритаётган бўлишса, тўгарак раҳбарлари машғулотларни турли масканларда ўтказишга мажбур.

Туман вилоят марказига ёндош бўлгани боис мутасаддилар аҳоли маданий ҳордиқ чиқариш ва дам олиш учун шаҳарга бориб келса ҳам бўлаверади, деб ўйлаётган кўринади. Акс ҳолда туман маданият бўлимини собиқ болалар боғчасига жойлаштирилгани етмаганидек, унинг хоналарини бошқа мақсадларга ишлатишармиди? Қолаверса, вилоят марказидан 40-45 чақирим узоқликда жойлашган чекка ҳудудларда яшовчи аҳолига ҳам маданий хизмат кўрсатилиши керак-ку!

Мебель ишлаб чиқаришга айланган маданият маскани

Дўстлик қишлоғида узоқ йиллар фаолият кўрсатган ҳашаматли маданият маскани бугун мебель ишлаб чиқариш корхонасига айлантирилган.

— Мирзаобод туман маданият бўлимининг собиқ раҳбарларидан бири Дўстлик қишлоқ маданият уйини «Бўш ётган бино» сифатида ҳисоботга киритгани учун ана шундай ҳолат юз берди, — дейди туман ҳокими ўринбосари Раҳим Анорбоев. — Шу боис ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни истаган тадбиркорга бу бино «0» қийматида бериб юборилган.

Ҳозирги кунда қишлоқда аҳолининг дам оладиган маскани йўқ. 

Собиқ маданият уйининг довруғи катта эди

— Дўстлик қишлоғи аҳолиси учун маданият уйи сув ва ҳаводек зарур, — дейди қишлоқ маданият уйининг собиқ директори Набижон Ҳакимов. — Бир вақтлар ёшларнинг ташаббуси билан бадиий ҳаваскорлик тўгарагини тузгандик. Ўшанда маданият уйимизнинг бадиий ансамбли Россия Федерациясининг Ижевск шаҳрида бўлиб ўтган мусиқий фестивалда иштирок этиб, совринли ўринга сазовор бўлганди. Бундан ташқари, жамоамиз 2001 ва 2008 йилларда ўтказилган Республика телефестивалида ҳам муваффақиятли иштирок этган. 2013 йилда «Энг фаол қишлоқ маданият уйи» номинациясини қўлга киритганмиз.

Бугун эса ўша маданият уйи тарихга айланган. Набижон Ҳакимовнинг бу масалада мутасадди ташкилотларга қилган мурожаатидан сўнг бино аввалги ҳолатига қайтарилган. Аммо айни пайтда бу бино ишлаб чиқариш корхонаси сифатида тадбиркор ҳисобида.

Ҳар бир қишлоқда маданият ва аҳоли дам олиш масканлари бўлиши замон талабидир. Афсуски, борни йўқ қилиш осони. Шундай экан, масъуллар бундай қарор қабул қилишдан аввал мушоҳада юритиб, вазиятга холис ёндашишса яхши бўларди.

Тошпўлат ҲАЙИТБОЕВ

«Маhаllа»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш