Китобсиз кутубхона ёхуд қарор ижроси қачон таъминланади?

Фото: Mahalladosh
Фото: Mahalladosh

Мамлакатимизда китобхонлик маданиятини ошириш, аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китоб мутолаасини яхшилашга қаратилган қатор саъй-ҳаракатлар кенг қулоч ёзган. Кутубхоналарни бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётлар билан таъминлаш тизими ҳаракатга келди. Аммо Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги маданият бўлими қошида жойлашган кутубхонада бўлганимизда бу борада жиддий муаммолар тўпланганига гувоҳ бўлдик.

Маданият саройи замонавий кўринишда. Бино ичкарисига кирсак, кутубхоначи Т.Холиқулова ўранибгина ўтирган экан.

— Хоналар зах, — дейди Т.Холиқулова. — Қишда 3-4 кунгина иситиш тизими ишлади, холос. Қарздорлик эвазига қишнинг илк кунларидаёқ бино табиий газ тармоғидан узиб ташланди. Электр иситкичдан бироз фойдаландик, бироқ ёнғин хавфсизлиги ходимлари «Бундай иситиш ускунасидан фойдаланиш қонунга хилоф», дея олиб қўйишди.

Кутубхонанинг муаммоси биргина иситиш билан боғлиқ эмас. Айни пайтда 8 минг 200 нусхадаги турли адабиётларга эга бўлган зиё маскани атиги биттагина тор хонада жойлашган. Кутубхонада 5-6 та жавондан бўлак 1 та стол ва 3 та стул бор, холос. Бирор-бир ноёб китобни излаш, топган тақдирда ҳам, фойдаланиш мушкул. Нусха кўчириш зарурати туғилганда бу хизмат у ёқда турсин, маълумотларни ёзиб олиш ёки ўқиб чиқиш учун ҳам ҳеч қандай шароит яратилмаган.

Кутубхонанинг бурчагида мингдан зиёд китоб полнинг устига тахлаб қўйилган. «Кераксиз китобларми?» деган саволимизга кутубхоначидан «Хона тор, китоб жавонлари етишмайди. Бу муаммодан «катталар» хабардор», деган жавобни олдик.

Яхшиямки, мактаб дарслиги бор экан...

14 февраль — шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди кунини кутубхоначи 18-мактаб маъмурияти билан келишган ҳолда нишонламоқчи бўлган. Бобурнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган адабий-бадиий кеча мактаб маъмурияти томонидан маъқулланган. Бироқ тадбирга тайёргарлик жараёнида кутубхонанинг аҳволи ниҳоятда ночорлиги сезилиб қолди.

Халқимизда: «Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади» деган нақл бор. Т.Холиқулова ҳам йўлини топди. Тадбирга тайёргарлик мактаб дарслиги асосида ташкил этилди. Тадбир ўтказишга ўтказилдию, лекин ўқувчиларга буюк саркарда, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти, ижоди билан боғлик бирор-бир янги маълумот тақдим этилмади. Яхшиямки, мактаб дарслиги бор экан, акс ҳолда ҳамкорликдаги тадбир қолдирилармиди...

Сони бору сифати йўқ

Кутубхона юқорида таъкидланганидек, 8 минг 200 нусхадаги китоб фондига эга. Хўш, ушбу китобларнинг сифати қандай? Китобхонлар бу китоблардан фойдаланяптими? Бу китобларнинг 5 минг нусхадан зиёдроғи рус тилидаги илмий, бадиий, техник адабиётлар. Қизиғи, бирорта ҳам рус тилида мутолаа қилувчи китобхон бу ерга келмас экан. Демак, бу китобларни эҳтиёжи бор кутубхоналарга  жўнатиш, адабиёт алмашлаш вақти келган.

— Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар», Саид Аҳмаднинг «Уфқ», Лев Толстойнинг «Уруш ва тинчлик», Амир Темурнинг «Темур тузуклари» каби асарларни ўқиш ниятидаман, — дейди Зафаробод маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Салоҳиддин Нишонов. — Афсуски, бундай асарлар кутубхонада йўқ.

300 нусхани ташкил этувчи «Товаршунослик асослари», рус тилида чоп этилган «Спартак» деб номланган китоблар чанг босиб ётибди. Ҳанузгача бу китобларни бирор  китобхон варақлаб ҳам кўрмаган. Боиси бундай китобларга бу ерда эҳтиёж йўқ.

7 та китоб кўпми ёки оз?

Президентимизнинг «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарорида аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, қишлоқ аҳолисига кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини яхшилаш, кутубхоналарни миллий ва жаҳон адабиётининг нодир намуналари билан таъминлаш алоҳида таъкидланади.

Шунга қарамасдан, мазкур кутубхонада ҳанузгача бирор-бир тайинли иш бажарилмагани таажжубланарлидир. Хусусан, кутубхонага 2017 йилдан буён бор-йўғи 7 та китоб ажратилган. Китобхонлик маданиятини ошириш ҳаракатлари авж олаётган бир пайтда мутасаддиларнинг хатти-ҳаракатларини қандай изоҳлаш мумкин?

— Китоб ўқишга қизиқтириш мақсадида 50 нафардан зиёд ёшни кутубхонага олиб келдим, — дейди С.Нишонов. — Бироқ ҳаракатларим бесамар кетди. Боиси уларга керакли китобларни кутубхонадан топа олмадик.

Кутубхонага келиб ҳафсаласи пир бўлаётганлар фақатгина ўқувчи-ёшлар эмас. Улар орасида ишчи-хизматчилар, шифокорлар, меҳнат фахрийлари ҳам бор.

«Сичқон сиғмас инига...»

Бу сўзлар гўё кутубхонани тор хонага тиқиб қўйган Зафаробод тумани ҳокимлигига нисбатан айтилгандек. Негаки, ҳокимлик қошидаги маданият бўлими раҳбари кутубхона учун қўшимча хоналар зарурияти сезилаётган бир пайтда маданият саройидаги 2 та хонани бошқа ташкилотларга ижарага бериб қўйган.

— Кутубхонамизнинг аҳволи оғирлиги ҳақиқат, — дейди Зафаробод тумани ҳокимлиги маданият бўлими мудири Жаҳонгир Тотлибоев. — Вилоят кутубхонасидан мутахассислар таклиф этганмиз. Тез кунда уларнинг ёрдами билан кутубхонани тартибга келтирамиз. Қолаверса, бошқа тиллардаги адабиётларни ҳам алмаштиришга келишиб олдик. Кутубхонани шу бинодаги каттароқ хонага кўчириш тараддудини кўряпмиз.

Мутасаддининг сўзлари вазиятдан чиқиш учун айтилаётгандек гўё. Акс ҳолда керакли тадбирни аллақачон кўриб, китоб мутолаасини ёқтирадиган китобхонлар учун шарт-шароит яратиб бермасмиди? Ўйлаймизки, масъул мутасаддилар мулоҳазамиздан керакли хулоса чиқариб, мавжуд муаммо ва камчиликларга ечим топишади.  Зеро, биз бу мавзуга яна қайтамиз.

Бекпўлат ТОҒАЕВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш