Номаълум сабабларга кўра иш кечикмоқда

Фото: Mahalladosh
Фото: Mahalladosh

«Mahalla» газетасининг 2018 йил 14 июлдаги 82-сонида «Номига тахлаб қўйилган қўлланмалар ёхуд эшигига қулф солинган кутубхона» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда пойтахтимизнинг Миробод туманидаги «Қўйлиқ ота», «Баратхўжа», «Баёт» маҳалла фуқаролар йиғинлари қошидаги кутубхоналарнинг аянчли аҳволи тўғрисида танқидий мулоҳазалар билдирилган.

Шундан сўнг таҳририятимизга Миробод тумани прокурори в.б., адлия маслаҳатчиси А.Г.Ахунов имзоси билан хат келди. Хатда: «Миробод туманида мавжуд 39 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг 38 тасида янги намунавий лойиҳалар асосида «Замонавий маҳалла» марказларини қуриш тўғрисида туман ҳокимининг қарори қабул қилинган. Ҳозирги кунда уларнинг 14 тасида қурилиш ишлари бошланган. Жумладан, «Баратхўжа», «Баёт», «Қўйлиқ ота» ва бошқа маҳалла фуқаролар йиғинлари идораларида янги намунавий лойиҳалар асосида қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда. «Баратхўжа», «Баёт», «Қўйлиқ ота» маҳалла фуқаролар йиғинлари янги биноларининг қуриш ишлари 2018 йилнинг декабрь ойига қадар тугатилиб, фойдаланишга топширилади. Шунингдек, янги бинони алоҳида кутубхона, мебель жамланмаси, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва интернет билан жиҳозлаш белгиланган», деган маълумотлар баён этилган.

Мутасадди раҳбарлар айтган санадан ҳам қарийб уч ой вақт ўтди. Хўш, маҳаллалардаги муаммолар ўрганилиб, уларга ечим топилдими?

Мақола чоп этилганидан сўнг «Қўйлиқ ота» маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддилари 200 га яқин турли бадиий ва илмий адабиётлар олиб келиб, йиғинда кутубхона ташкил қилишган.

— Ўтган йилнинг ёзида ушбу китобларни вақтинча олиб келган эдик, — дейди йиғин масъул котиби Феруза Риқсибоева. — Яқин кунларда фондимизни янада бойитишимиз керак. Аммо йиғин раиси ишдан бўшагани боис бу масалалар ҳал этилмай қолди. Айни пайтда масъул котиб, раис ва кутубхоначи вазифасини бир ўзим бажариб келяпман.

Пуч ёнғоқдан нима наф?

Бироқ тумандаги «Баратхўжа» маҳалла фуқаролар йиғинидаги камчиликлар киши кўнглини хира қилади.

Газетамизда эълон қилинган мақолада йиғин ходимлари ҳомий томонидан янги бино қурилаётганини, яқин кунларда шу жойга кўчиб ўтишини, қолаверса, кутубхона учун хона ажратилганини таъкидлашган эди. Бироқ бу гаплардан сўнг қанча сувлар оқиб кетмади, дейсиз. Аммо ходимлар ҳалигача ташландиқ, бунинг устига, бирор-бир шарт-шароити бўлмаган масканда ишлаб келмоқда. Хона бурчагидаги китоблар чанг босиб ётибди.

— Бино 2018 йилнинг сўнгига қадар қуриб, фойдаланишга топширилиши керак эди, — дейди «Баратхўжа» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тўлқин Ғофуров.— Бироқ номаълум сабабларга кўра, иш кечикмоқда. Бинода қурилиш ишлари тугалланган бўлиб, айни пайтда эшик ва дераза ромлари ўрнатиш баробарида жиҳозлаш ишлари олиб бориляпти. Кутубхона учун алоҳида хона ҳам бўлади. Ўшанда унинг фондини янгилаш, тўлдириш масаласига жиддийроқ эътибор қаратамиз. Албатта, бу борада фуқароларнинг кўмагига таянамиз.

Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилмоқда. Натижада улар ортиқча текширувлардан озод этилган. Бироқ бу тадбиркорлар гарданига тушган вазифаларни пайсалга солиб, режада кўрсатилган вақтда эмас, аксинча хоҳлаган муддатда бажаради, дегани эмас. Боиси ҳудуддаги 800 га яқин ёшлар орасида китобга қизиқувчи, мутолаани севувчилар, албатта, топилади.

Қоғозда қолган ваъдалар

«Баёт» маҳалласида кўзи ожизлар кўп. Улар ҳам, албатта, китоб ўқишни исташади. Ахир, техника асрида яшаяпмиз. Шундай экан, китобларнинг аудио вариантлари бор. Мутасаддилар йиғинга атиги бир нечта компьютер олиб беришса, ҳудуддаги кўзи ожизлар вақтни чоғ ўтказишган бўларди.

— Туман ҳокимига бир неча бор ушбу масалаларда мурожаат қилдик, — дейди йиғин раиси Х.Аҳмедов. — Бироқ ҳар сафар бир хил гапни эшитамиз: «Агар маҳалла «Обод маҳалла» дастурига тушмаса, унга бюджетдан маблағ ажрата олмаймиз. Аммо бирон-бир ҳомий чиқса, у билан ҳамкорлик қиламиз», дейишади. Кутяпмиз, эҳтимол, кимдир жонимизга оро кириб, фуқароларнинг дарду ташвишига қулоқ осар, шунда бизни қийнаб келаётган муаммолар ўз ечимини топар.

Бироқ ўша «ҳомий» чиқмаса, аҳвол шу кўринишда давом этаверадими, деган савол кишини ўйлантиради...

«Яхши отга бир қамчи...»

Яна бир гап. Муаммолар ўрганиб чиқилиб, улар қисқа давр ичида бартараф этилади, мазмунида таҳририятга жавоб хатни ёзишга ошиққан мутасаддилар «Баёт» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги камчиликларни ўрганиш у ёқда турсин, «қадам ранжида» қилишга эринишгани ачинарлидир.

Президентимизнинг «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойишининг ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар қилинаётган бир пайтда камчиликларга панжа ортидан қараётганлар хатти-ҳаракатини қандай оқлаш мумкин?

Бир-бирига ёндош маҳаллалардан қайтар эканмиз, бу ерда мутасаддилар давлатимиз раҳбарининг юқоридаги фармойиши мазмун-моҳиятини тўла англаб етмаганларига амин бўлдик. Акс ҳолда «Беш ой ичида барча муаммолар бартараф этилади», дея таъкидлаган «катта»лар аллақачон ваъдаларининг устидан чиқишмасмиди? «Яхши отга бир қамчи...», дейишганидек, бу галги мулоҳазаларимиздан масъуллар тўғри хулоса чиқариб, камчиликларни хўжакўрсинга эмас, амалда бажарадилар, деган умидда бу мавзуга яна қайтамиз.

Шоҳруҳ САИДОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш