Сарҳад оша сарғайиб қолманг...

Биринчи манзара

Толибнинг бу гал хорижга бориб, яхши ишлаб қайтишига ҳеч қандай тўсиқ йўқдай эди. Ўзи ишлаб келган жой, синашта ҳамроҳлар, мўмайгина даромад...

Шу боис аэропортда одам савдосига қарши курашишга оид тарқатилган буклет, телевизорда намойиш этилаётган роликлар ҳам уларни ортиқ хавотирга солмади. Тўғриси ҳам, уларни ҳеч ким ёт элда мажбурий меҳнатга мажбурламади, аммо...

Ўшанда Толибнинг бригадаси катта ҳажмда буюртма олди. Тўлови ҳам яхшигина. Бор-йўғи икки юз метр узунликда хандак қазиш керак. Тош ва гил қатламдан иборат ерни қазиш осон эмас экан. Қаттиқ меҳнатдан терга ботиб қизиган Толиб атрофдагиларнинг ҳай-ҳайлашига қарамай иссиқ кийимларини ечиб, юпун аҳволда ишда давом этди.

Ўзимизнинг иссиқ табиатимизда бу одатни кўп бора такрорлаган Толибга ушбу ҳаракат қимматга тушди. Қаҳратон аёз ўз кучини кўрсатди. Эртаси куни у иситма зўридан ўрнидан туролмади. Мусофирчилик, ноқонуний миграция сабаб бирорта касалхонага мурожаат қилишолмади. Ҳамхоналарининг ўзлари билганча олиб келган дорилари, қилган муолажалари нима бўларди. Оқибатда соғлом, ўз оёғида келган Толибни замбилда ватанига қайтариб юборишди.

У оиладагиларнинг елиб-югуриши, шифокорларнинг саъй-ҳаракати билан омон қолдию аммо оёққа туролмади. Аравачага буткул михланган Толибжон фақат давлатнинг пенсиясини кутиб ётишни эп кўрмади. Косибликни ўрганиб, аввалига пойабзалларни ямаб, таъмирлаб турди. Аста-секин кредит олиб янги оёқ кийимлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

— Ўзимизда шунча шароит бор экан, мен аҳмоқ бўлиб ёт элларда сарғайиб юрган эканман, — дейди у. — Афсус, оёғим бутлигида шу тадбиркорликни бошламаганим...

Иккинчи манзара

Иброҳим олий маълумот дипломини қўлга олиб, давлат ташкилотида иш бошлади. Уйланиб, фарзандли бўлгунча маоши қониқтириб турганди. Аммо икки-уч йилдан буён нуфузли давлат идорасида ишлаб бири икки бўлмагани, аксинча мактабда номини ҳам ёзишга қийналадиган синфдош ўртоқлари хорижга ишлагани чиқиб, машинали, уй-жойли бўлгани алам қилди.

Шу сабаб аёли билан бирга хориж сафарига отланди. Ҳамиша қонуний асосда иш кўргани боис барча тегишли ҳужжатларни расмийлаштирди.

Барчаси яхши эди. Яхшигина иш (олий маълумотли, рус тилини яхши билишини ҳисобга олиб, цехда бригадирликка тайинлашди), маоши ҳам чакки эмас. Эр-хотинга заводга қарашли уйдан квартира ҳам беришди.

Аммо... Бир куни эр-хотин ишдан бемаҳал қайтишаётганда кўчадаги маст-аласт йўловчилар аёлига гап отишди. Аслида жавоб қайтармаса, ҳалиги йўловчилар ўз-ўзига овора бўлиб кетаётганди. Бироқ шунчаки ўтиб кетишга Иброҳимнинг ғурури йўл қўймади. Вазият даҳанаки жанжалдан муштлашувга кўчди. Кўпчилик барибир кўпчилик-да, етти-саккиз киши томонидан ўласи қилиб калтакланган йигитни уйга кўтариб олиб киришди. Талатўпда бировининг оёғи талоғига теккан экан. Ёрилибди. Эртаси куни Иброҳимнинг тобутини аёли ҳамроҳлигида уйига қайтаришди.

Учинчи манзара

Янги хонадошининг қўшни мамлакат фуқароси эканини билиб Шермат, очиғи, қувонди. Тили бир бўлмаса-да, ҳар ҳолда яқин. Дини, урф-одатлари муштарак. Ростдан ҳам, хонадошлар тезда чиқишиб кетишди. Ҳамроҳи намоз ўқир экан. Эрталаб саҳарда унинг намоз ўқиётган вақтида чўзилиб ётишга уялди ва қўл-бетини ювиб, хонадошининг ҳаракатларини кузатиб турди.

Шерматнинг ўзига ихлос билан қараётганини кўрган хонадоши уни ҳам намоз ўқишга, ислом амалларини бажаришга даъват эта бошлади.

Аввалига фақат намоз ҳақидаги машғулотлар кейинчалик диний адабиётлар мутолаасига кўчди. Ҳамроҳи шариат, ҳидоятдан сабоқ бериш асносида аста-секинлик билан онгига таъсир ўтказиб, экстремистик руҳни сингдира борди. Бир пайтлар қондан қўрқадиган, бировга озор беришга ботинмайдиган Шермат интернетдаги худкушлик, бўғизлаш лавҳаларини киприк қоқмай томоша қиладиган, «жиҳод» йўлида ўзи ҳам шу ишларга орзуманд кайфиятга тушиб қолди.

Энди унинг бутун вужуди тезроқ қўлига қурол олиб Сурия давлатида кечаётган қонли урушларда ўз биродарлари сафида туриш, ИШИД байроғини баланд ҳилпиратиш, у ердаги музаффариятдан сўнг ислом қўшини билан туғилиб ўсган она тупроғини ҳам фатҳ этиш орзусида ёнди.

Аммо унинг қабиҳ ниятлари ушалмади. Юртга қайтиш маҳали божхона кўригида телефонидан диний-экстремистик руҳдаги адабиётлар, видеолавҳалар, ёзишмалар фош этилиб, ҳижратга чиқаётган бошқа «мурид»лари йўли ҳам тўсилди. Ўзи қонуний жазосини олгани баробарида ота-онаси, фарзандлари, маҳалладошлари юзини шувут қилди...

— Ҳидоят излаб, жиноят йўлига қандай қадам босганимни сезмай қолибман, — дейди Шермат суддаги иқрорномасида. — Хориждалигимда интернет орқали Ўзбекистонда мусулмонларнинг таъқиб остида эканлиги ҳақида кўп ёзишарди. Кўрмай-билмай ана шу иғволарга ишондим. Ўзимча исломни қутқармоқчи бўлдим. Аммо келганимда билдимки, барча тасаввурларим сароб экан. Ҳақиқий ислом ўзимизда экан. Бу ерда бир муддат диний китобларни ўқиб, ҳақиқат йўлини англадим, мен киришган «жиҳод», «шаҳидлик» қабоҳатдан бошқа нарса эмаслигига амин бўлдим.

Муаммо нимада ёхуд тарғиботда нотўғри йўл

Матбуот, телевидениеда гап меҳнат миграцияси ҳақида борганда, албатта, фуқарони алдаб хорижга кетишга кўндирган ўртакаш(Марат)нинг номардлиги, кейин унинг қулликка сотилгани, паспорти олиб қўйилганлиги ёзилади. Аммо шунча огоҳлантирилувларга қарамай, нега яна кўпчилик хорижда ишлашга интилмоқда?

Бунинг энг асосий сабаби —  муаммо ва ечимнинг ўз ўрнида қўйилмаганлигидир. Тўғри, хорижга борганда паспорти олиб қўйилиб, қулликка ҳукм қилинганлар бордир, аммо бу мигрантлар қатламининг уч фоизини ҳам ташкил этмаса керак. Мана, юқоридаги учта ҳолатда ҳам иштирокчилар қулликка тушиб қолишмаган. Аммо ёт элдаги ҳаёти фожиа билан тугамоқда.

Иккинчидан, доимо хориждаги меҳнатнинг ёмон оқибатлари, ўзимизда у ердагидан-да яхшироқ меҳнат шароитлари ва маошлар борлигини бонг уриш баробарида амалий мисолларга келганда тилимизни тишлаймиз. Натижада ўша шахс қўшнисининг хориждан тўлиб-тошиб келганини кўриб, чипта олиш учун отланади.

Шу боис ҳам, аввало, ушбу тоифадаги шахсларга «изласангиз шу ердан ҳам топасиз», деб эмас, тайёр иш ўрнини кўрсатишимиз керак. Бу борада маҳаллаларимизда меҳнат ташкилотлари билан ҳамкорликда ҳар ойда янгиланган иш ўринлари рўйхатини осиш борасида келишув бор. Аммо кўп ҳолларда у ёки бу томоннинг ҳафсаласизлиги сабаб иш ўринлари рўйхатлари компьютер тубида қолаверади.

Рости, ўзимизда ҳам хорижга нисбатан даромадгир меҳнатлар бор. Масалан, қурилиш соҳасида. Айни пайтда юртимизнинг барча ҳудудларида кенг миқёсда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Объектни тезроқ топшириб, янги объект олиш, буюртмачининг ишончини қозониш учун ҳам қурилиш ташкилотлари ишчилар сонини кўпайтиришдан манфаатдор. Ойлик маошлари ҳам чаккимас. 1,5-2,5 миллион сўм атрофида. Тағин уч маҳал овқат, етарли шароитлар ҳозирланган ётоқхона. Россияда ҳам қурилишда ишлаган оддий ишчилар қанча олишини билмадигу, аммо уйга узатишаётгани 250-300 АҚШ доллари атрофида. Сўмга чақсак, деярли шу пул.

Яна бир манба. Тадбиркорлик йўналиши. Бу борада ҳам давлатимиз раҳбари томонидан кўплаб имкониятлар яратилмоқда. Аммо банк кредитлари ҳақида тарғибот ишларининг яхши йўлга қўйилмаганлиги, бу борада бюрократик тўсиқларнинг ҳали ҳам мавжудлиги оддий аҳолини банк эшигига боришга чўчитиб турибди.

Бошқа манба эса — томорқачилик. Мазкур соҳани ривожлантириш учун кенг миқёсда тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Сармоя сифатида уруғлик, мевали дарахт кўчатлари, наслли мол ва паррандалар тақдим этилмоқда.

Аммо бу борада ҳам айрим «Томорқа хизматлари» ташкилотларининг кўзбўямачиликка уринишгани, тақдим этилаётган хизматлар ёки парранда, уруғлик маҳсулотларининг сифатсизлиги аҳолининг ушбу тизимга ишончсизлигини келтириб чиқармоқда.

Хулоса

Ватандошларимизнинг сарҳадлар ортида сарғайишгани ғуруримизга тегса, аввало, тарғибот борасидаги ишлар тизимини қайта ишлаб чиқишимиз, аҳолига мавҳум гаплар эмас, Президентимиз яратиб берган имкониятлар ва имтиёзлар негизида аниқ даромадгир манбаларни тақдим этишимиз, бюрократик тўсиқларни бартараф этишимиз керак.

Акбар РУСТАМОВ

«Маhаllа»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш