Ёшлар билимга эмас, базмга меҳр қўйса

Жамшид анчадан буён шундай вазиятни кутиб юрган эди. Ҳам қўшниси, ҳам синфдоши Лайлога болаликдан кўнгил қўйган. Бироқ ҳар қанча совға-салом, дил изҳорию ширин сўзлар кор қилмади. Қиз рўйхушлик бермади. Куни кеча дўсти Шокир яна гап топиб келди: Лайлони бошқа бир йигит мактабдан уйигача кузатиб қўйганмиш. Буниси энди яра устига туз сепгандай бўлди...

Бугун барча синфдошлар сумалак қайнатиб, ўйин-кулги қилиш учун йиғилган. Уй эгалари ҳам ёшларга халақит бермайлик, деб қўшнисиникига чиқиб кетишган. Жамшид атай ярим тун бўлишини кутди. Дадилроқ бўлиш учун қишлоқ чеккасидаги дўкондан «юз грамм» отиб ҳам олди. Шундан сўнг дўсти Шокир орқали Лайлони ҳовли тўридаги ўрик тагига алдаб чақирди. Ҳамма нарсадан бехабар қиз айтилган жойга яқинлашди ҳамки, қўлидан тортган шарпадан қўрқиб, қичқириб юборди. Аммо унинг овозини на қўшнилар ва на мусиқанинг овозини баланд қилиб рақсга тушаётган синфдошлари эшитди...

Баҳор келиши билан қўни-қўшнилар, қариндошлар бир ҳовлига йиғилиб, сумалак тайёрлашади. Қут-барака, баҳор тимсоли бўлган ушбу тотли таомни тайёрлаш барчага бирдек завқ-шавқ улашади. Аммо балоғатга етмаган мактаб ўқувчиларининг тўпланиб, бир кеча-кундуз ёлғиз ўзлари сумалак тайёрлаши тўғри эмас. Айниқса, қишлоқ мактабларининг юқори синф ўқувчилари бундай тадбирларни ҳар йили оммавий равишда ўтказиб келишади. Ана шундай «базм»ларда ёшларнинг қиз талашиб уришиб қолгани, тунда кўчага чиқиб безорилик қилгани ёки бошқа кўнгилсиз ҳолатлар рўй бергани бот-бот қулоғимизга чалиниб қолади.

Аввалроқ Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги қишлоқларнинг бирида 8-синф ўқувчилари сумалак қайнатишгани ҳақида эшитгандик. Сумалакка қишлоқдаги бошқа йигит-қизлар ҳам «бирров»га келиб кетишади. Айрим ғараз ниятли кишилар байрам дастурхонидаги ичимликларга дори қўшиб қўяди. Уларни истеъмол қилган болалар сархуш бўлиб, ўзини билмай қолган. Бир кунлик базм, ўйин-кулги оқибати бутун умрлик пушаймонга айланганди ўшанда...

Сархушлик — нохушликлар дояси

Юқорида қишлоқ ҳудудларида кўп учрайдиган ҳолатга эътибор қаратдик. Шаҳарларда ҳам бундай базму жамшидлар кам эмас. Айниқса, ўсмирларнинг туғилган кунини дабдабали нишонлаш авж олган.

Тўғри, бу қувончли кунни дўстлар даврасида ўтказиш яхши, албатта. Бироқ бундай шодиёналар ўсмирларнинг кириши мумкин бўлмаган тунги клубларда ёки қоронғи тушгандан сўнг турли ресторан, кафеларда ўтказилиши кишини ташвишга солади.

Баъзи ота-оналар фарзандини шундай қувончли кунда хафа қилиб қўйишдан қўрқади ва айтган пулини бериб, уни қаерда сарф этишини назорат қилмайди. Натижада бола ҳатто спиртли ичимликлар истеъмол қилиши мумкин. Кўпчилик нохушликлар эса айнан сархушликдан келиб чиқади. Ўсмирлар, одатда, ўзларини катта одамдек ҳис қилишади. Шу боис тақиқланган жойларга боришни, ўзбошимчалик билан иш қилишни истайди. Айнан мана шу даврдаги ножўя қўйилган бир қадам ўсмир тақдирининг бутунлай ўзгариб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

«Болам элдан ажралмасин», деб...

Юқоридагидек ҳолатлар, биринчи навбатда, ота-онанинг фарзандининг юриш-туриши, келажак тақдирига бефарқ муносабати, ўқитувчиларнинг ўз касбига масъулият билан ёндашмаслигининг ҳосиласидир. Шунингдек, бу ҳолатга оила, маҳалла, таълим муассасаси вакилларининг ўзаро ҳамкорликда иш юритмаслиги, «сен менга тегма, мен сенга тегмайман» қабилидаги қарашлари сабаб бўлаётир.

Айтишларича, ўсмирлик даври инсон учун ҳам руҳий, ҳам жисмоний жиҳатдан эврилишлар, ўзгаришлар даври бўлар экан. Уларда қизиққонлик, талабчанлик, ўзини улғайгандек, ҳаммадан кучли ҳис қилиш ҳолати кучаяди. Ҳиссиётларини жиловлай олмай, бир умрлик хатога йўл қўйиши ҳам мумкин. Шу боис бу даврда ота-она огоҳликни йўқотмаслиги керак. Кўпчилик «Болам элдан ажралмасин», деб фарзандининг турли байрам тантаналарига боришига ижозат беради. «Дўстлари билан бирга-ку» дея хотиржамликка берилиб, қаерда юрганини сўрашни унутади. Бола ҳаётига бундай совуққонлик ва эътиборсизлик билан қараш, ҳушёрликни йўқотиш салбий оқибатларга олиб келади.

Шуни унутмаслик керакки, фарзандларимизнинг ўткинчи базму жамшидларга меҳр қўймаслиги, ўқиш ва ўз устида ишлашдан чалғимаслигини таъминлаш, энг аввало, биз, катталарнинг бурчидир. Маҳалла, таълим муассасаси, ота-оналар бу масалада ҳамкорликда ишласа, албатта, юқорида тилга олган ҳолатларнинг олди олиниши шубҳасиз.

Дилором ЗОҲИРОВА,

ТАТУ Қарши филиали академик лицейи

маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш