Эшон ким, саййид-чи?

Ҳар бир нарсанинг улуғи бўлади. Кунларнинг ичида жума шарафли бўлса, ойлар орасида Рамазон алоҳида эҳтиромга сазовор. Башарият орасида пайғамбарлар улуғ. Пайғамбарлар орасида ҳам улуғлари бор. Улуғларнинг улуғи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. У зотнинг авлоди ҳам ҳанузгача ҳурматга лойиқ.

Пайғамбар авлодлари «саййид» дейилади. Саййид – ўзбек тилида хўжа, улуғ, мустақил, ҳукмдор, жаноб маъноларида келади («Ўзбек тилининг изоҳли луғати» 3-жуз). Айримлар саййидларни тўралар ҳам дейишади. Саййидларга Али, Ақил, Жаъфар ва Аббос авлодлари киради.

Айрим манбаларда Ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг хотинлари Фотима розияллоҳу анҳодан туғилган фарзандлари «саййид», бошқа хотинларидан туғилганлари «хўжа» дейилади, деб ёзилган. Бу нотўғри. Ҳазрат Алининг бошқа хотинларидан туғилган фарзандлари ҳам саййидлар дейилади. Саййидлар фақат Ҳазрат Али зурриёдлари эмас, юқорида номлари зикр қилинган Али, Ақил, Жаъфар ва Аббос зурриёдлари ҳам саййидлар ҳисобланади.

Юз марталаб жар солса ҳам саййид бўлиб қолмайди

Пайғамбаримизнинг авлодларини, яъни саййидларни ҳурмат қилиш лозим. Аммо ўзлигини унутиб, Яратганнинг амрларига бўйсунмасдан «айниган», «диндан узоқлашган» бўлса-чи? Унда улар асло ҳурмат қилинмайди. Зеро, саййидлик даражаси уларга дин туфайли берилгандир. Динини унутиб, ибодат қилмаса, у кунига юз марталаб «Мен саййидларданман!» деб жар солса ҳам саййид бўлиб қолмайди.

Чунончи, Пайғамбар авлоди бўлган киши амалий жиҳатдан Пайғамбар меросхўри бўлиб, у зотнинг ишларининг давомчиси, дин кўрсатмаларини мукаммал бажариб, одоб-ахлоқ жиҳатидан инсонларга пешво бўлиши керак. Қуруқ саййидлик даъвоси билан уни насаби унга заррача ҳам наф бермайди. Бу каби сохта «саййид»ларни ҳурмат қилганлар эса гуноҳкор бўладилар.

Имом Табороний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки фосиқни ҳурмат қилиб «Саййидим» деса, шак-шубҳасиз Роббисини ғазаблантирибди», деганлар.

Инсон яхши амалларига яраша мукофотланади

Инсон савлати, бойлиги, молу ­дунёси, насабию мансаби, оқу қоралигига қараб эмас, тоат-ибодати, тақвоси, парҳезкорлиги билан ­эъзозланиб, яхши амалларига яраша мукофотланади.

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 13-оятида: «…Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир…» деб адолат мезонини ўрнатиб қўйган.

Саййидлар ҳурмат қилинишининг сабаби, улар Аллоҳни таниб, Унинг қил деганларига амал қилиб, қилма деганларидан четланганлари учундир. Агар улар Аллоҳ берган қадру қийматига, улуғлигига яраша амал қилмасдан куфрони неъмат қилсалар, ўзларининг кимлигини унутиб, айниган, фосиқ бўлишса, уларнинг биронтасини ҳам ҳурмат қилиб бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суюкли қизлари Фотимага: «Эй, қизим! Отам пайғамбар, деб насабингга суянма, амалингни билиб қил, зеро, ҳар бир жон қилган амалига қараб мукофотланади», деганлар.

Инсонларнинг бир-биридан ҳеч қандай ортиқлиги йўқ

Одамларда табиатан ўзларини бошқалардан юқори олиб мақтаниш одати бор. Шу сабабдан олдинги замонда ўтган боболаридан бири хон бўлган бўлса, биз хонларданмиз, деб исмларига хон қўшиб айтиши, тўра ўтган бўлса, биз тўраларданмиз, деб тўра қўшиб айтиши, бек ўтган бўлса, бек қўшиб айтиши, шоҳ ўтган бўлса, биз шоҳларданмиз, деб шоҳ қўшиб айтиши, амир ўтган бўлса, биз мирларданмиз, деб мир қўшиб айтиши одат бўлган. Аслида эса бошқалардан ҳеч қандай ортиқлиги йўқ. Бир ота – Одам алайҳиссалом ва бир она – Момо Ҳавводан таралган оддий инсондир. Аслида инсоннинг бошқалардан ортиқлиги фақат парҳезкорлиги ва тақвоси билан бўлади.

Шунинг учун илгарилари ўтган улуғларимиз насаблари саййид авлодидан бўлсалар ҳам ўзларини паст олиб, камтарлик билан исмларига қул қўшиб айтишган. Масалан, Қул Хожа Аҳмад, Асрорқул, яъни Аллоҳнинг қули, бандаси эканликларига иқрор бўлишган. Дарҳақиқат, ҳаммамиз Аллоҳнинг бандаси, яъни қулимиз. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримизнинг номлари зикр қилинган жойда Муҳаммад абдуҳу деб, у зотнинг банда эканлигини қўшиб айтилади. Биронта китобда Пайғамбаримизни Муҳаммадхон дейилган эмас.

Эшоннинг маъноси нима?

Халқимиз орасида эшонлармиз, деб ўзини юқори оладиганлар ҳам бор. Хўш, эшон ким? Бизнинг диёримизда тариқат илми ривожланган бўлиб, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хўжа Али Ромитаний, Бобои Саммосий, Нажмиддин Кубро, Аҳмад Яссавий, Хўжа Аҳрор Валий, Шайх Ховандитоҳур, Занги ота ва бошқа бир қанча авлиёлар етишиб чиққан. Улар халқимизни комиллик сари етаклаб, комил инсон бўлиш йўл-йўриқларини ўргатишган. Шу боис уларни араб тилида шайх, форс ва ўзбек тилларида пир дейишган. Шайх ёки пирнинг луғатдаги маъноси чол, қариядир. Истилоҳда эса устоз маъносида ишлатилади. Яъни тариқат илмининг устози. Бу йўлни хоҳловчиларни мурид, яъни шу йўлни хоҳловчилар дейилгани бўлади. Тариқат пирлари хоҳ катта, хоҳ кичик бўлишига қарамай, халқимиз уларни зъзозлаб, ҳурматларини жойига қўйиш учун беодоблик бўлмасин деб, исмларини айтмасдан эшон дейишган. Эшон форс, тожик тилларидан олинган бўлиб, «улар» маъносида келади.

Бу насаб эмас, фақат ҳурмат учун айтиладиган сўз. Демак, бир киши кўп ибодату зикрлар қилиб, ҳурматга сазовор бўлиб, эшон бўлган бўлса, унинг ўғил-қизи ҳам эшон бўла олмайди, уларни эшон авлодлари дейилмайди. Эшон бўлиш учун отасидек динга, шариату тариқатга хизмат қилган бўлиши керак.

Содда халқимиз тушунмаган ҳолда, ундай даъвогарларни ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормаса ҳам, намоз ўқимаса ҳам, турли-туман гуноҳлардан қайтмаса ҳам эшон деб юришади. Улар асло эшон эмас.

Бугунги кунда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг авлодлари дунёнинг турли тарафларида ҳаёт кечириб келмоқдалар. Улар қайси номлар билан аталмасин, қандай ҳаёт кечирмасинлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳурматлари сабабли ҳурмат қилинишга ва иззат қилинишга муносиб ва сазовордирлар.

Азим МУСУРМОНОВ,

Тошкент вилояти Бўка туманидаги

Равот жоме масжиди имом-хатиби.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш