Тобора нархи қимматлашаётган маҳсулотни кимлар сотяпти?

Фото: Mahalladosh
Фото: Mahalladosh

Ҳар қандай жамиятда инсон саломатлиги ва соғлом ҳаёт тарзи бирламчи омилдир. Тозалик ва озодалик эса ҳаёт пойдевори десак, муболаға бўлмайди. Инсон танасининг мустаҳкамлигида гўшт ва гўшт маҳсулотларининг ўрни катта. Статистик маълумотларга кўра, республикамизда ҳар бир фуқаро йилига 43,2 килограмм гўшт истеъмол қилади. Бироқ гўштнинг сифати, мол қаерда ва қандай шароитда сўйилгани, истеъмолга яроқли-яроқсизлиги, мутахассислар таъбири билан айтганда, таклиф қилинаётган маҳсулотнинг ҳужжати, лаборатория текширувларидан ўтгани билан ҳамма ҳам қизиқавермайди.

Сифатига кафолат борми?

Пойтахтимиздаги айрим бозорларда бўлганимизда гўшт савдоси билан шуғулланиб келаётган кишиларнинг хатти-ҳаракатларидан бироз таажжубландик.

Хусусан, «Қўйлиқ» ҳамда «Миробод» деҳқон бозорининг Фарғона йўли шохобчаси (халқ орасида «Рисовый бозор» деб танилган)нинг гўшт расталари ва қассобхоналарида антисанитария ҳолатларни кузатдик. Қолаверса, баъзи қассобларнинг махсус кийимлари талабга жавоб бермайди. Уларнинг айримларида тиббий кўрикдан ўтганини тасдиқловчи ҳужжатлар — тиббий дафтарчанинг ўзи йўқ. Шунингдек, жиҳозлари (асбоблар, кунда, илгич ва ҳоказолар) ҳам озодаликдан йироқ.

Хўш, энди виждонан айтайлик, шундай жойдан қарийб 40 минг сўмдан харид қилинган гўшт соғлиқ учун зарарли эмаслигига ким кафолат беради? Сотувчими, қассобми ёки молнинг эгаси?

— Бозордаги гўштлар ҳар куни ветеринария назоратидан ўтказилиб, сўнг сотувга қўйилади, — дейди «Қўйлиқ» деҳқон бозори ветеринария-санитария экспертиза лабораторияси ходими Анвар Рихсиев. — Агарда сотувчи ёки қассоб белгиланган тартибга амал қилмаса, уларга нисбатан чоралар кўрилади. 2019 йилнинг ўтган даври давомида 180 нафар қассоб огоҳлантирилди ва ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилмагани учун 2 нафар сотувчига нисбатан қонуний чоралар кўрилди.

Тадбиркор билганини қилса...

Ҳар бир инсон истеъмол қилаётган маҳсулотлари таркибига эътибор қаратади. Бироқ «Миробод» деҳқон бозорининг Фарғона йўли шохобчаси ҳудудида жойлашган якка тартибдаги тадбиркорга қарашли қассобхонанинг санитария ҳолатини кўриб ҳафсаламиз пир бўлди. Қассоблар учун  шарт-шароит яратилмаган. Хона деворларида қон доғлари. Гўшт майдалаш кундаси абгор ҳолатда. Бир томонда суяклар, бошқа томонда чиқинди. Бу ерда тозалаш ишлари қачон олиб борилгани номаълум.

Аҳолига гўшт маҳсулотларини тайёрлаб бераётган ушбу жойдаги санитар аҳвол инсонлар саломатлигига жиддий зарар етказмаслигига ким кафолат беради? Бу борада бозор маъмурияти ҳамда ветеринария ходимларидан изоҳ сўраганимизда улар «қассобларнинг фаолиятига биз аралаша олмаймиз. Қолаверса, бу ер бозор маъмуриятига қарамайди», дея таъкидлашди. Ўз манфаатини одамлар саломатлигидан устун қўяётган бундай «тадбиркор»ларга нима учун шаҳар кенг? Ўзи хон, кўланкаси майдон «шоввозлар»нинг тегирмонига ким сув қуймоқда?

Дарҳақиқат, бугун давлатимиз томонидан тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлганларга кўплаб қулайликлар яратилмоқда. Хусусан, улар ортиқча текширишлардан озод. Бироқ бу ҳар ким билганича иш тутади, дегани эмас. Айниқса, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотни инсонлар истеъмол қилишса.

—– Қорамол кушхоналарда белгиланган тартибда сўйилганидан сўнг, биринчи навбатда, ветеринария кўригидан ўтказилиб лаборатория хулосасидан сўнг сотувга чиқарилиши лозим, — дейди Миробод тумани давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ходими Рустам Турдиев. — Айрим ҳолатларда фуқаролар томонидан ҳамда кушхоналар мутасаддиларининг лоқайдлиги оқибатида белгиланган тартибга риоя қилмаслик ҳолатлари учрамоқда. Бундай қоидабузарликлар кечирилмас ҳолат, албатта. Боиси лаборатория кўригидан ўтказилмаган гўшт бирор касалликка чалинган қорамолники  бўлиши ҳеч гап эмас. Натижада одамлар саломатлигига зарар етиши мумкин. Айнан «Миробод» деҳқон бозорининг Фарғона йўли шохобчасида ҳар 6 ойда мониторинг ўтказиб келмоқдамиз. Белгиланган тартибга риоя қилмаган савдогарларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмоқда. Бозор ҳудудида жойлашган хусусий тадбиркорга тегишли қассобхонанинг санитар ҳолати бўйича ҳам уларни кўп огоҳлантирганмиз. Аммо бу ерда ишловчи ишчиларни иш берувчи тез-тез ўзгартиргани боис уларга тиббий дафтарчалар очиш қийин бўлмоқда.

50 тоннага яқин гўшт яроқсиз деб топилди

Миробод тумани давлат санитария-эпидемиология назорати маркази, шаҳар ветеринария ходимлари билан «Миробод» деҳқон бозоридаги озиқ-овқат маҳсулотларининг яроқлилик муддатини кўздан кечирдик. Аммо минг афсуски, «ишнинг кўзини билган» «шоввоз»лар муддати ўтиб кетган озиқ-овқат маҳсулотларини расталардан олиб ташлаш ўрнига, харидорларга бамайлихотир сотаётгани маълум бўлди. Ачинарлиси, бу маҳсулотларнинг қарийб 80 фоизи ёш болалар учун мўлжалланган бўтқа ва шунга ўхшаш егуликлардир. Қолаверса, ишчилар махсус кийим, ҳатто тиббий дафтарчаларга ҳам эга эмас.

— Айни пайтда Тошкент шаҳридаги деҳқон бозорларида 27 та ветеринария-санитария экспертиза лабораториясида икки юзга яқин ходимлар фаолият юритиб келмоқда, — дейди Тошкент шаҳар ветеринария бошқармаси бошлиғи Малика Сатторова. — Нафақат гўшт, балки сут ва сут маҳсулотлари мутахассисларимиз томонидан текширувдан ўтказилганидан сўнг сотувга чиқарилади. Агарда белгиланган тартибларга риоя қилинмаса,  тегишли чоралар кўрилмоқда. Биргина 2018 йилнинг ўзида 50 тоннага яқин гўшт, сут ва бошқа маҳсулотлар истеъмол учун яроқсиз, деб топилиб, йўқ қилинди. Шунингдек, белгиланган қонун-қоидаларга амал қилмаган тўрт юзга яқин кишилар 34 миллионга яқин жаримага тортилда.

24 та кушхонанинг фаолияти нега тўхтатилди?

Пойтахт ҳудудида жойлашган, ветеринария, ветеринария-санитария талаблари ва меъёрларига тўлиқ жавоб бермайдиган, ҳайвон сўйиш учун мослаштириб олинган сўйиш жойларининг фаолияти тўхтатилиб, келгусида бу каби корхоналарни ташкил этишга йўл қўймаслик юзасидан ташкилий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, белгиланган талабларга жавоб бермайдиган чорва ҳайвонларини сўйиш жойлари инвентаризациядан ўтказилиб, 24 тасининг ветеринария-санитария хулосалари бекор қилинди.

Яна бир гап. Жорий йилда дастлабки ветеринария текшируви натижасида турли касалликлар билан зарарланган чорва молларининг 150 кило­граммдан зиёд гўштининг сотувга чиқарилиши тақиқланди. Ноқонуний тарзда тегишли ветеринария ҳужжатларисиз сотиш учун келтирилган 1 минг 300 килограммдан ортиқ гўшт лаборатория текширувларидан ўтказилгандан сўнг истеъмолга яроқсиз, деб топилди ва белгиланган тартибда йўқ қилинди. Бу каби ҳолатларга йўл қўйган 13 нафар фуқаро қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилди.

Шоҳруҳ САИДОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш