Палахмондан отилган «ёқут тошлар» қаерларга тушмоқда

Аёлларнинг дарду ҳасрати, муаммо тўла «сандиғи» дастурхон устида, айни овқатланаётганингда «очилади». Бу гал ҳам шундай бўлди:

— Кейинги ҳафта яқин дугонамнинг никоҳ тўйи. Рухсат берсангиз, бормоқчи эдим, — дейди аёлим пиёлада чой узатаркан. — Аммо кийишга дурустроқ кийимим йўқ. Шунга...

— Дугонам дейсанми? — ажабланиб сўрадим.

— Ҳа, Назира бор-ку, олийгоҳда бирга ўқиган. Вақтида йигит бечораларни хўп сарсон қилганди. Эй, бу қиз тушмагурга не-не оилалардан совчи келмади, дейсиз. Ниҳоят, ўз тенгини топибди. Куёв бола ҳам «сюрприз» – кореялик экан...

Энди нима бўларкин?!

«Қўшни туманда яшайдиган бир қиз ҳиндистонлик ишбилармон йигитга турмушга чиққан экан. Интернет орқали танишганмиш. Қиз бечоранинг кўрмаган куни қолмабди. Айтишларича, яқинда ота уйига  қайтибди».

* * *

«Қизгинанинг ишончига кириб, унга қирқ қароқчи йиққан бойликни ваъда қилган чет эллик «куёвбола» бир марта кўриниш берибдию, шу билан жуфтакни ростлабди. Энди нима бўларкин?! Эҳ, бечорага жабр бўлди-да».

* * *

«Фалончининг қизи ўзига чет давлатдан муносиб куёв топибди. Никоҳ ҳам интернет орқали ўқилибди. Қизнинг ота-онаси тўйга рози эмиш. Куёв бола қандайдир фирмада раҳбар экан. Тиниб-тинчимаган одамлар-ей…»

Ора-сирада сизнинг қулоғингизга ҳам шунга ўхшаш «ваҳимали» гаплар чалинган бўлса, сира ажабланмайман.

Тан олиш керак, кейинги пайтларда баъзи ўзбек қизлари орасида чет элликларга турмушга чиқиш ўзига хос «мода»га айланди. Сулув маликаларимиз алпқомат, мард, жасур, танти йигитларимиз қолиб, хорижлик бўйдоқларнинг интернетда обдон оро берилган расмларига, қуруқ ваъдаларига маҳлиё бўлиб, уларни турмуш ўртоқликка сайламоқда. Аслида бу каби қизларнинг ўзи билмаган, танимаган, бунинг устига, миллати, дини, маданияти, урф-одати, яшаш тарзи бутунлай бошқа инсонга суриштирмай, синамай тегиб кетиши жуда қизиқ. Ҳар ҳолда ўзбекона оилада, ота-она бағрида ўсиб-улғайиб, ҳали турмушнинг аччиқ-чучугини тотиб улгурмаган қиз ўзга юртда, бегона инсонлар орасида ўзини ёлғиз ҳис қилмасмикин, деган ўй кишига тинчлик бермайди. Ажабланарлиси, баъзи «куёвтўра»ларнинг бўлғуси келин билан ёши орасида шунчалик тафовут борки, асти қўяверасиз. Худди «ота-болалардек»...

Статистик маълумотларга кўра, ҳозирги кунда чет элга турмушга чиқаётган қизларнинг аксари Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон давлатларидан ўзларига «суюкли ёр» топаётган экан. Айниқса, кореялик «Жумонг»ларнинг ўзбек қизларига роса ҳаваси кетган.

Куёв «сохта» экан

Бундан бир неча ҳафта олдин хитойлик йигитга турмушга чиқиб, ўзга юртда оғир синовларни бошидан кечирган наманганлик қизнинг ижтимоий тармоқларга жойлаган видеомурожаати кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. У Хитойдаги ҳар бир куни азоб-уқубатда ўтгани, айниқса, охирги вақтларда эрининг қийноқлари ҳаддан ошганини айтиб, юртдошларимиздан ёрдам сўраган. Эътиборлиси, ушбу аёл яқинда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмаги билан юртимизга қайтди.

— Халқимизда «Синалмаган отнинг сиртидан ўтма», деган ажойиб нақл бор, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Озода Исломова. — Афсуски, баъзи қизларимиз узоқдаги тўкин ҳаёт, «тиллодан тоғ»ни орзу қилиб, қолаверса, интернет тармоқларидаги романтик «учрашувлар»дан таъсирланиб, ўз тақдирини бутунлай бегона инсонлар қўлига ишониб топширмоқда. Айтиш керакки, бу каби ҳолатлар ўйламай босилган қадамнинг аччиқ «меваси»дир. Хитойлик йигитга турмушга чиқиб, ҳаётнинг оғир зарбаларига дучор бўлган қиз ҳам қилган хатосининг жабрини тортди. Ҳозирда қўмитамизнинг 11-46 рақамли ишонч телефонига шу каби масалалар бўйича бўлаётган мурожаатлар ҳам чуқур ўрганилиб, уларга тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда тезкор ечим топилмоқда.

Интернетдан келин излаймиз

Бугунги глобаллашув даврида интернет ҳаётимизнинг барча жабҳасига кириб борди. Айрим инсонлар наздида энди аввалгидек келин излаб, бўйга етган қизи бор оила дарвозасини тақиллатишнинг, «Остонангизни супургани келдик», дейишнинг асло ҳожати қолмади. Қизиғи, бундай масъулиятли вазифани ҳам «ўргимчак тўри» ўз зиммасига олди. Жумладан, бугун ижтимоий тармоқларда, хусусан, Telegram мессенжерида ўзига муносиб турмуш ўртоқ излаётганлар учун «Sovchi», «Sovchi.uz» каби кўплаб тижорий каналлар фаолият юритмоқда. Ушбу манзилларда оила қурмоқчи бўлган йигит ёки қиз ёши, бўйи, вазни, аввал оила қурган ёки қурмаганлиги, фарзанди бор-йўқлиги, қизиқишлари, бўлғуси умр йўлдошига бўлган талаблари ҳақидаги тўлиқ маълумотларни қолдиради. Фойдаланувчилар эса ўзига маъқул номзод билан боғланиб, келажак ҳаётини режалайди. Аммо ушбу каналларда чет эллик куёвлар ҳақидаги маълумотларни учратмадик. Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ишонч телефони – 10-08 рақамига қўнғироқ қилганимизда вазирликнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари бошқармаси мутахассислари билан боғланишимизни айтишди. Ушбу бўлимнинг масъул ходими эса «чет давлатларнинг тўй агентликлари бизда рўйхатдан ўтмайди», дея қисқагина жавоб берди.

Хўш, унда ўзга юртда яшовчи «бойвачча» куёвларга умр йўлдош топишда «ёрдам қўли»ни чўзаётган, қизларимизни чўпчакдан нарига ўтмайдиган ҳою ҳавасларга ишонтириб, уларни мўмай маблағга пуллаётганлар, остонамизни ҳатлаб, гулдек қизларимизни олиб кетаётганлар кимлар? Саволлар бисёр, жавоблар эса...

Маълумотларга қараганда, бугун Жанубий Кореяда мамлакатдаги бўйдоқларга хориждан муносиб келин топувчи бир қатор агентликлар фаолият юритмоқда. Улар маълум маблағ эвазига, асосан, Ўзбекистон, Вьетнам, Камбоджа, Хитой, Непал, Бангладеш, Филиппин, Ҳиндистон, Таиланд каби давлатлардан келин излаш билан шуғулланади.

Танлаб-танлаб топганим...

— Оила қуришнинг, умр йўлдош танлашнинг ўзига яраша масъулияти, жавобгарлиги бор. Шу боис буюк бобокалонимиз Амир Темур ҳам фарзандларига келин танлашдек масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган, — дейди  «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Зебунисо Шодиева. – Баъзан халқ ичида, одамлар орасида юриб, турли аянчли ҳолатларга, оғир вазиятларга тушиб қолган хотин-қизлар билан суҳбатлашамиз, уларнинг дардига қулоқ тутамиз. Хусусан, ўтган йили Нигора (исми ўзгартирилган) исмли ёш жувон бизга мурожаат қилди. Айтишича, у бундан бир неча йил аввал Самарқанд давлат чет тиллар институтини тамомлаб, магис­тратура босқичида ўқиш учун Германияга боради. Тақдир тақозоси билан ўша ерда араб миллатига мансуб йигит билан танишади. Кейинчалик икки ёш бир-бирига кўнгил қўйиб, оила қуради. Бу орада улар 2 нафар фарзандли бўлади. Аммо нимадир сабаб бўлиб, оила пойдеворига путур етади. Охирги вақтларда эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар, зиддиятлар, уриш-жанжаллар одатий ҳолга айланди. Афсуски, бундай носоғлом муҳит мурғак гўдаклар руҳиятига, уларнинг тарбиясига ҳам салбий таъсир этади. Шу боис норасида болаларни ҳукумат қонун доирасида ўз қарамоғига олиб, масъул ташкилот вакиллари оила катталарига 3 ой муддат психолог қабулида бўлиш, соҳа мутахассиси икки ёшни руҳан бирга яшашга тайёр деган хулоса бермагунча, фарзандлар уларга қайтарилмаслигини маълум қилади. Эътиборлиси, Германияда психологларнинг уч ойлик хизмати ўртача 3000 евро экан. Нигоранинг турмуш ўртоғи эса бундай маблағ бермаслигини айтиб, психолог қабулига боришни рад этади. Ноилож қолган аёл Ўзбекистонга келиб, биздан ёрдам сўрайди. Биласизми, Нигоранинг «Опажон, бежизга катталаримиз «Оила қуриш масаласига эътиборли бўлинглар», дейишмас экан. Бугун бошим деворга урилиб, ана шу сўзларнинг мағзини чақдим. Энди эса ўз ёғимга ўзим қовуриляпман», деган гаплари ҳалигача қулоқларим остида жаранглайди.

Динимиз бундай оилаларни маъқуллайдими?

— Ўзбек қизларининг бошқа миллат вакилларига турмушга чиқишини кимдир қалб амри дер, аммо шу ўринда муҳим масалани айтиб ўтиш лозим, — дейди Тошкент шаҳридаги Сирож-Солиҳ жоме масжиди имом-хатиби Шуҳратжон Қурбонов. — Динимиз белгилаган қонун-қоидаларга кўра, мусулмон эркаклар насроний ёки яҳудий динига мансуб аёлга (оташпараст, бутпараст, мажусий  аёлларга эмас) уйланишлари мумкин. Аммо мусулмон аёлнинг бошқа динга мансуб киши билан турмуш қуриши мумкин эмас. Агар муслимага уйланишни истаган бўлғуси куёв ислом динини қабул қилса, шундагина динимиз бундай никоҳга рухсат беради.

Хулоса

Мақолада тилга олинган қизлар тақдирига кимдир ачиниш, яна кимдир эса «Менга нима, тегса тегиб кетавермайдими» қабилида муносабат билдириши мумкин. Аммо лоқайдлик, эътиборсизлик кун келиб барчамизни жиддий муаммоларга рўбарў қилишини унутмасак бўлгани. Шундай экан, аёлларимиз, мунис опа-сингилларимизни кўз қорачиғидек асрайлик, эъзозлайлик, йигитлар! Ана шунда миллатимиз шаънини ҳимоя қилган бўламиз.

Саъдулло ТУРСУНОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш