“Қўшнимни ижтимоий тармоқ орқали танидим”

Собир ака давр билан ҳамнафас яшайди. Бир ташкилотнинг раҳбари бўлса-да, ижтимоий тармоқларда фаол.

Facebook тармоғида ҳамкасблар, хусусан, журналистлар билан суҳбат қурар экан, унинг эътиборини нотаниш интернет фойдаланувчисидан келаётган кетма-кет “SPAM” (яъни зарарли маълумотлар тарқатувчилар устидан шикоят тарзидаги илова) тортди. Собир ака вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида  “SPAM” тарқатаётган Лола исмли аёлга ёзди. Уларнинг суҳбатидан сўнг бу ҳолат тармоқнинг хатоси экани маълум бўлди.

— Кечирасиз, Собир ака, сизни кўрганман чоғи. Турмуш ўртоғингизнинг исми Гулчеҳра эмасми? — деди янги дўст.

Собир ака лол қолди.

— Ҳа, шундай, — деб ёздию кейинги жавобни кутди.

— Тор кўчада яшайсиз-а? Раиса опа деган қўшнингиз ҳам бор, шундайми?

Собир ака аёлнинг гапларидан ҳайрати ошди.

— Сиз буларни қаердан биласиз?

— Билмаслигим уят, ахир биз қўшнимиз... Мен 56-уйда яшайман. Кўчиб келганимизга 2-3 йил бўлди.

— Анваржоннинг турмуш ўртоғимисиз? Қаранг-а танимаганимни. Ўтган йили уй тўйи қилганингизда боргандик-ку. Анвар билан анча бўлди кўришмадик.

Беш-олти уй наридаги иккала қўшни энди ижтимоий тармоқда дўст. Бу воқеани Собир ака ҳамон кулиб эслайди. Қўшнимни ижтимоий тармоқда топдим, дея замоннинг устидан кулади. Ахир айрим қўшнилар ўзаро кирди-чиқди қилмай қўйишган бир даврда ҳеч бўлмаса интернет орқали ҳол-аҳвол сўрашиб турганга нима етсин...

Моҳичеҳра ЛАТИПОВА

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш