Маҳалла халқимизга янада халқчил янада яқин, тузилмага айланади

Фото: Mahalladosh
Фото: Mahalladosh

Маҳалла жамиятда тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва қадриятларни асраб-авайлаш, оилалар жипслигини таъминлаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этишда халқимизга энг яқин ижтимоий тузилма ҳисобланади.

Бироқ, тан олиш лозим, сўнгги вақтларда соҳада бир қатор муаммолар йиғилиб қолганди. Хусусан, фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, фаолият самарадорлигини ошириш, кадрлар малакасини юксалтириш, бир сўз билан айтганда, маҳаллани халқнинг энг яқин маслакдошига айлантириш муҳим вазифалардан эди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 2 апрелдаги «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борадаги муаммоларга ечим топишда муҳим қадам бўлди.

Миллий матбуот марказида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши томонидан мазкур фармон мазмун-моҳиятига бағишлаб ўтказилган брифингда Республика кенгаши бошқаруви раиси Шавкат Жавлонов ҳужжатда белгиланган вазифалар, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ва яратилган имкониятлар хусусида батафсил маълумот берди.

Таъкидланганидек, мазкур фармон маҳалланинг жамият бошқарувидаги ўрни ва фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқаролар йиғинлари ишини ташкил этишнинг замонавий механизмларини жорий қилиш, соҳага малакали, бой ҳаётий тажрибага эга ва фидойи кадрларни жалб этишда муҳим дастуриламал ҳужжат бўлди.

Сир эмас, айрим жойларда фуқаролар йиғинлари фаолиятига маҳаллий ҳокимлик вакилларининг асоссиз аралашуви туфайли кадрлар қўнимсизлиги билан боғлиқ ҳолатлар учраб турар эди. Фармонда бундай салбий жиҳатларга йўл қўймаслик, улар фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш, фуқаролар йиғини раислари фаолиятининг кафолатлари юзасидан билдирган таклифлари ҳам тузилманинг аҳоли ҳаётида ўрни ва мавқеини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, фармонда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига фуқаролар йиғинлари томонидан фойдаланиб келинаётган давлат мулки бўлган биноларни бириктирилган ер майдонлари билан биргаликда хатловдан ўтказиш, уларни белгиланган тартибда фуқаролар йиғинларига мулк ҳуқуқи билан берилишини ҳамда ҳар чоракда тасдиқланган график асосида ҳудудий марказларда «Маҳалла маркази» мажмуалари ва намунавий лойиҳалар асосида фуқаролар йиғинлари биноларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳолати тўғрисида ахборот бериб бориш тоширилди.

Фармон ижросини таъминлаш натижасида, биринчи навбатда, маҳалланинг жамият бошқарувидаги ўрни ва аҳамияти янада мустаҳкамланади, иккинчидан, фуқаролар йиғинларининг аҳоли билан ишлаш ва ўзаро ҳамкорлик тизими тубдан такомиллаштирилади, учинчидан, фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котибларининг ойлик маошлари кўпайиши эвазига улар фаолиятининг самарадорлиги оширилади.

Бир сўз билан айтганда, янги фармон маҳалла фаоллари учун чинакам ваколат, имконият ва масъулият берди. Бу ишонч ва масъулиятни эса фақатгина фидойи меҳнат билан оқлаш, маҳалла институтини ҳар томонлама ривожлантириш, уларнинг иш фаолиятини янада жонлантиришга хизмат қилади.

Брифингда оммавий ахборот воситалари ходимлари ва маҳаллалар фаолларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.


Янги фармон келажакка ишонч уйғотди

Омон ХУШМУРОДОВ,

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қашқадарё вилояти кенгаши раисининг диний-маърифий масалалар бўйича ўринбосари:

— Таъкидлаш жоиз, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қашқадарё вилояти кенгашига маҳаллалардан тушган мурожаат ва аризаларнинг аксарияти маҳалла биноси учун жой ажратиш билан боғлиқ. Чунки айрим ҳудудларда йиғин маъмурий бинолари йўқлиги ёки зарур шароитлар яратилмагани оқибатида маҳалла фаоллари ва фуқаролар учун турли ноқулайликлар юзага келаётганди. Мазкур фармон билан ушбу муаммоларга ечим топилади.

Хусусан, Қашқадарё вилоятида айни пайтда 767 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Уларнинг аксарияти ўз биносига эга бўлмагани боис турли ташкилотларда ижарада «ўтирарди». Эндиликда фармон билан маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан фойдаланиб келинаётган давлат мулки бўлган биноларни бириктирилган ер майдонлари билан биргаликда хатловдан ўтказиб, белгиланган тартибда фуқаролар йиғинларига мулк ҳуқуқи билан берилиши кўзда тутилди. Шунингдек, туманлар ва шаҳарлар марказларида «Маҳалла маркази» мажмуалари ва фуқаролар йиғинлари бинолари намунавий лойиҳалар асосида қурилади. Шароит яхши бўлса, муаммоларга ечим топиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлашда самарага эришилади.

Фармоннинг энг муҳим жиҳатларидан яна бири шуки, эндиликда маҳалла раисларининг мажбурияти билан бир қаторда ваколатлари ҳам кенгайтирилади. Бу орқали маҳалла фаоллари ўз мажбурият ва вазифаларида белгиланган юмушлар билангина шуғулланадилар. Хусусан, фармонда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) кенгашлари ҳамда фуқаролар йиғинлари ходимларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, тааллуқли бўлмаган вазифаларни юклаш тақиқланди. Шунингдек, фуқаролар йиғинлари балансида бўлган биноларни бошқа шахсларга бириктириш ёки асоссиз равишда олиб қўйишга чек қўйилди.

Бир сўз билан айтганда, мазкур фармон халқнинг давлатга, маҳалла фуқаролар йиғинига ишончини оширишга хизмат қилади. Эртасига ишонган эл эса яратиш йўлида меҳнат қилади, куч ва вақт сарфлайди.


Маҳалла ҳаётидаги муҳим ўзгариш

Нормурод ИСОҚОВ,

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Навоий вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари:

— Ушбу фармон соҳани янада ривожлантириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, тизимда ишлар самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида меҳнат қилаётган фидойи кишиларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватловчи муҳим ҳужжат бўлди.

Ҳужжатда аҳоли мурожаатлари ва муаммоларини аниқлаш ҳамда ҳал этишда «маҳалла – сектор – халқ қабулхонаси – маҳалла» принципи асосидаги ҳамкорлик тизимининг жорий этилгани аҳоли билан янада самарали ишлаш имконини беради. Ҳар қандай муаммо лоқайдлик, эътиборсизлик туфайли юзага келишини инобатга олсак, Юртбошимизнинг ушбу фармони ижро этувчи органларни аҳоли билан яқин ва ҳамжиҳатликда ишлашга, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Эндиликда аҳолини қийнаётган муаммо ва масалаларни ҳал этиш  «қулоққа чалинган» гаплар асосида эмас, балки бевосита уйма-уй юриб, кенг жамоатчилик иштирокида кўриб чиқиш тизимининг амалга татбиқ қилингани масъуллар зиммасидаги масъулиятни янада оширади. Айниқса, фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги жамоатчилик  комиссиялари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида янги лавозимлар жорий этилгани, «Кексалар маслаҳати» гуруҳлари ташкил этиш ва улар учун яратилган шароитлар фаолият самарадорлигини ошириш, нафақат муаммоларни  кўтариб чиқиш, балки уларни бартараф этишда бевосита иштирок этиш, рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш сингари ваколатлар берилгани айни муддао бўлди.

Яна бир муҳим жиҳати, фуқаролар йиғинлари ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман, шаҳар кенгашлари томонидан амалга оширилиши ҳам соҳа ривожида муҳим омил. Сир эмас, айрим жойларда фуқаролар йиғинлари фаолиятига маҳаллий ҳокимлик вакилларининг асоссиз аралашуви туфайли кадрлар қўнимсизлиги билан боғлиқ ҳолатлар учраб турар эди.


Муаммолар ўз вақтида бартараф этилади

Муҳаммади АШУРМАТОВ,

Сирдарё вилояти Янгиер шаҳридаги «Обод юрт» маҳала фуқаролар йиғини раиси:

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқоридаги фармонини ўқиб, беҳад қувондим. Мазкур ҳужжат маҳалла раисларини узоқ йиллардан бери ўйлантириб келаётган масалаларни ўзида ифода этгани билан янада аҳамиятли бўлди.

Тан олиш лозим, шу вақтгача маҳалла раисларига бир қатор вазифалар юклатилган, бироқ мавжуд муаммолар ечимида имкониятлар чекланган эди. Маҳалла фуқаролар йиғини эшигига умид билан келган инсоннинг бирор муаммосини ҳал этамиз десак, «қўлимиз қисқалик» қиларди.

Қувонарлиси, янги фармонда фуқаролар йиғинлари раислари ҳар чоракда ўз маҳалласи ҳудудидаги долзарб муаммолар тўғрисидаги маълумотларни секторлар раҳбарлари ва Халқ қабулхоналарига тақдим этиб бориши алоҳида белгилаб ўтилган. Асосийси, бундан буён муаммолар секторлар раҳбарлари ва Халқ қабулхоналари томонидан тегишли дастурларда инобатга олиш учун тавсия этиб борилади. Шунингдек, фармонда фуқаролар йиғинлари органлари фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни имкон қадар қисқартириш, иш юритишда эскича механизмларга бутунлай барҳам бериш масаласининг кўтарилгани, айниқса, биз, маҳалла раислари учун айни муддао бўлди. Боиси, шундай вақтлар бўладики, кераксиз ҳужжатларнинг кўплигидан уларни қайси ташкилотга топшириш, ҳудуддаги ўтадиган йиғилиш ва мажлисларда қайси масала юзасидан ҳисобот беришни билолмай бошимиз қотарди. Эндиликда бундай тушунмовчиликларга бутунлай барҳам берилади.

Қолаверса, ушбу фармонда йиғин фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш, фуқаролар йиғини қарорига эътиборсиз муносабатда бўлиш ҳамда йиғин раиси фаолиятининг кафолатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Айтиш мумкинки, буларнинг барчаси фаолият самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.


Ваколатлар жавобгарликдан бошқа нарса эмас эди

Матлаб КЕНЖАЕВА,

Бухоро вилояти Ромитан туманидаги «Атторон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

— Сўнгги йилларда жамиятда маҳалланинг вазифа ва функциялари сезиларли даражада ошди. Одатда муайян ташкилотнинг вазифаси ошса, мавқеи ҳам шунга мос даражада юксалади. Аммо бу қоидани маҳалла тизимига нисбатан қўллаш имкони йўқ эди. Гарчи ҳужжатларда, оммавий ахборот воситаларида ўзини ўзи бошқариш органларига 30 дан ортиқ ваколат берилди, дейилса-да, бу фақатгина жавобгарликдан бошқа нарса эмасди.

Халқ ҳаётининг қайси соҳаси бўлмасин, бирор иш туғилдими, ижросига маҳалла сафарбар этилар, агар муаммо бўлса, жавоб бериш гали келганда нишон ҳам маҳалла эди.

Шу боис Президентимизнинг мазкур фармони барча маҳалла фаоллари учун кўнгилдаги орзунинг ушалиши бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Маҳалла тизимига ишга келган ҳар бир шахс, аввало, ҳудуддаги аҳоли фаровонлиги, кишилар турмуш шароитини яхшилаш, барчани бир мақсад сари бирлаштириш сингари вазифаларни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Бу ишлар эса табелда кўрсатилган саккиз соатлик иш вақтига сиғмайди. Биз ишнинг барча масъулиятини ҳис этиб ишга киришганмиз. Истаганимиз эса қадр ва эътибор эди. Президентимизнинг янги фармони бизга ана шу қадрни, эътиборни берди.

Фармонда фуқаролар йиғинлари раислари томонидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудга бириктирилган масъул ходимлари, сектор штаби аъзолари, йўл қурилиш, электр, газ, сув, канализация, коммунал ва ижтимоий соҳа вакиллари фаолияти юзасидан секторлар раҳбарлари ва Халқ қабулхоналарига киритган ёзма ахборотлари кейинчалик ушбу ходимларнинг рағбатлантирилиши ёки жазога тортилишига сабаб бўлиши таъкидланган. Бу маҳалла раисининг ваколати кескин ошгани, энди маҳалла кенгаши қарори ижроси қатъий назоратга олинишининг инъикосидир.

Тан олиш керак, илгари маҳаллага бириктирилган давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари турли комиссияларга аъзо бўлишса-да, комиссия йиғилишларида деярли иштирок этмасди. Энди маҳаллага нисбатан бу тахлит муносабат бўлмайди. Маҳалла том маънода жамоатчилик назорати ваколатини қўлга олди.


Муаммоларга ечим бўлган ҳужжат

Убайдулла МИНАВАРХЎЖАЕВ,

Тошкент шаҳар Яшнобод тумани «Беҳизор» маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

— Халқимизда «ҳа, деган туяга мадад» деган нақл бор. Маҳалла фуқаролар йиғинидаги узоқ йиллик фаолиятим давомида озгина эътибор ва илиқ муносабатдан кўнглимиз кўтарилиб, ғайратимиз ортарди. Бироқ аксарият ҳолларда ширин сўз ўрнига ҳар бир муаммо учун маҳалла фаоли сифатида дашном эшитардик. Очиғи, маҳалла ҳаётида фаол бўлиш, одамларни қийнаётган масалаларга ечим топиш — мен учун шарафли иш. Бироқ «ҳолва деган билан оғиз чучимайди», деганларидек, фуқаролар йиғинидан оладиган ойлик маошим рўзғор тебратишга етмасди. Президентимизнинг юқоридаги фармони эса соҳадаги бир қатор муаммолар сингари бу масалага ҳам ечим бўлди.

Қувонарлиси, эндиликда фармон билан маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва масъул котибларининг ойлик маошлари оширилади. Президентимиз бу масалага эътибор қаратиб ушбу ҳужжатда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ҳамда Молия вазирлигининг фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котиблари ойлик иш ҳақи фондини босқичма-босқич 1,5 бараварга ошириши белгиланган. Бунда ушбу ходимларнинг ойлик иш ҳақи жорий йил 1 майдан 1,25 бараварга ва 1 октябрдан 1,2 бараварга оширилади.

Таъкидлаш лозим, маҳалла тизимида шу вақтгача ташкилотлар билан ҳужжат алмашиш, ҳисоботлар топшириш кўп вақтни оларди. Баъзан бу ишларга кунлаб вақт кетарди. Фармонда ана шу жиҳатлар ҳам инобатга олиниб, бу масалага ечим топилган.

Яъни, 2019 йил 1 июлга қадар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан фуқаролар йиғинлари юқори тезликдаги Интернетда миллий сегмент маълумотларини узатиш тармоғига уланадиган бўлди. Шунингдек,  2020 йил 1 январга қадар «Электрон ҳукумат» тизими доирасида «Маҳалла» электрон маълумотлар базаси ишга туширилади. Бу эса ҳужжатлар билан боғлиқ ишларга кетадиган вақтни маҳалла ҳаётига оид бошқа масалаларга сарфлаш имконини беради.

Ўйлайманки, ушбу фармон маҳаллани одамларга янада яқинлаштириб, халқчил тузилмага айланишига ёрдам беради.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш