Назар ЭШОНҚУЛ: «Хориж сериаллари вақтга қўйилган «бомба» (суҳбат)

Назар Эшонқул ёзувчи сифатида ҳам, «Туташ тақдирлар», «Опа-сингиллар», «Лола», «Мафтуна» каби телесценарийлари билан сценарист сифатида ҳам мухлисларга яхши таниш. Шунингдек, адиб «O’zbektelefilm» давлат унитар корхонаси Бош муҳаррири, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги Бадиий кенгаши аъзоси ҳамдир. Газетамизнинг бу галги сонида таниқли ёзувчи, сценарист Назар Эшонқулнинг миллий сериаллар, тарихий кинолар, бугунги сценарийнавислик тўғрисидаги фикрлари билан қизиқдик.

Кучли бадиий асардан яхши кино чиқмаслиги мумкин

Адабий асар ҳам, киносценарий ҳам, аввало, бадиият маҳсули. Бу ҳолат уларнинг ёндош ва турдош эканидан дарак беради. Ҳар иккаласи ҳам бадиият қонунларига амал қилади, сюжет, фабула, тугун, ечим каби талабларга бўйсунади. Шу жиҳати билан улар уйғун, бир-бирига яқин.

Аммо бу икки турнинг фақат ўзигагина хос хусусиятлари ҳам борки, бу фарқ адабий асар билан киноасар битта, деган қарашни орадан кўтаради. Масалан, киносценарий адабий асар сингари драматургияга амал қилса-да, аввало, тасвирий ечимга таяниб яратилади. Бадиий асарларни китобхон ўқиб, тасаввур орқали мағзини чақса, фильмни кўриш, киноижодкорларнинг тасаввури, тасвирий бадиий ечими орқали мазмунини англайди, хулоса қилади.

Ҳар қандай яхши ёзувчидан яхши киносценарист чиқавермайди. Бадиий асарни сценарийлаштириш уни қайта яратиш каби мураккаб жараён. Баъзилар машҳур бадиий асарнинг киносини кўриб, нега асарни борича кўрсатмади ёки мана бу жойи китобида йўқ-ку, дея савол беришади. Чунки киносценарист бадиий асарни тасвирга мослаштириш учун эпизод ёки бирор воқеани қўшиши, олиб ташлаши мумкин, яъни адабий асарнинг тасвирий фабуласини яратиши керак бўлади.

Айтиш керакки, шу кунгача кўплаб бадиий асарлар асосида кинолар суратга олинган. Ҳатто «Ўткан кунлар», «Уруш ва тинчлик», «Жиноят ва жазо» каби машҳур асарларга бир неча маротаба мурожаат қилинган. Лекин уларнинг ҳеч бири асарни тўлақонли акс эттиролмаган. Сабаби — бадиий асар сўз санъати намунаси, ёзувчининг ўз дунёқараши, тасаввури маҳсулидир. Уни тўлалигича визуал киноасарга айлантириш анча мушкул. Бу кинематография тарихида бир неча марта исботланган. Жумладан, Г.Маркес, Ч.Айтматов каби машҳур адиблар ҳам ўз асарларининг кино вариантидан кўнгли тўлмаган.

Тарихий шахсларнинг образини яратиш учун кучли интеллект керак

«Амир Темур» фильмининг кутилган натижани бермагани, томошабинлар орасида оммалашмаганининг сабаби, менимча, бу — интеллектда. Амир Темур миллат фахри, ғурури, миллий давлатчилигимиз тимсоли. Томошабин фильмда ана шу сифатларга мос қаҳрамонини кўргиси келади. Бундай талаб тарихий қаҳрамонлар қиёфасини яратишга халақит беради. Бироқ шу талабдаги қаҳрамон яратилмаса, яхшиси, фильмга қўл урмаган маъқул.

Амир Темур образини яратиш учун ижодкордан жуда катта билим, интеллект, салоҳият, маҳорат, интуиция талаб этилади. Шу боис бу образнинг ҳар бир чизгисини тарихчилар, психологлар, адиблар, рассомлар, миллий мафкурачилар, ҳаммаси биргаликда ишлаб чиқиши керак. Унинг образига қараб, дунё миллатимиз ҳақида тасаввур қилади. Тарихий қаҳрамонлар ҳақида фильм яратишда ана шу масъулиятни ҳис этиш керак ва шунга муносиб фильм олиш зарур.

«Жалолиддин Мангуберди» фильми олинади

Амир Темур фильмидан кейин кўп йиллар ўтиб, яқинда «Исломхўжа» бадиий ҳужжатлаштирилган тарихий фильми суратга олинди. Бу фильм тўғрисида томошабинлар томонидан турли фикрлар билдирилди. Менимча, бу фильмга баҳо беришда унинг жанридан келиб чиқиб ёндашиш керак. «Исломхўжа»дан тўлақонли бадиий фильм хусусиятларини талаб қилиш ярамайди. Ушбу киноасар — бадиий ҳужжатлаштирилган, илмий-тарихий кино маҳсулотдир. Фильм Исломхўжа шахсининг тарихимизда тутган ўрнини тасвирий ечимда кўрсатиб берди, даврнинг тасвирий манзараси ҳақида тасаввур тақдим қилди. Ана шу жиҳати муҳим. Шунга кўра таҳлил қилинса, бу асар ўзбек киноиндустуриясида янгилик экани англашилади.

Кўп йиллардан бери Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди ҳақида роман ёки қисса ёзиш учун материаллар йиғиб юрардим. «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ушбу тарихий шахс ҳақида сериал олиш учун олти-етти кишига сценарий ёзишга буюртма берган экан. Улар томонидан тайёрланган киноасарлар Бадиий кенгашнинг эътирозларига сабаб бўлди. Шундан сўнг агентлик мутасаддилари менга ушбу шахсга аталган сценарийни ёзишни ишониб топширишди. Бадиий асар яратиш учун йиғиб юрган материаллардан фойдаланиб, «Жалолиддин Мангуберди» сценарийсини ёздим. Сценарий Бадиий кенгаш томонидан тасдиқланди.

Аммо ҳали у қайси ­режиссёрга топширилади, қаерда суратга олинади, бу ҳақда тўлиқ маълумотга эга эмасман. Билганим, агентлик бу ҳақда бош қотиряпти, изланяпти. Энг мураккаб жойи — Жалолиддин Мангуберди ҳам миллий қаҳрамон. Шу жиҳати билан бу фильмни суратга оладиган гуруҳ зиммасидаги масъулият жуда катта. Агентлик раҳбарияти бу ҳақда бир тўхтамга келса, худо хоҳласа, иш бошланади, халқимиз яна битта тарихий қаҳрамони ҳақидаги фильмни кўради, деб ўйлайман.

Сериаллар ортида қандайдир ғоя ётади

Дунё тажрибасидан маълумки, сериал, бу — фақат бадиият, таъсирчан воқелик ёки шунчаки томоша эмас. Энг аввало, у — тарғибот ва мафкурадир. Менинг бу фикримга қўшилмаганлар дунё сериаллари нима мақсадда ишлаб чиқарилаётгани, кимлар унга пул тикаётгани, кимлар ғоя тақдим қилаётгани билан қизиқиб кўришлари мумкин. Ҳар қандай сериалда у ёки бу ғоя тарғиб қилинади. Бу факт. Қаерда ишлаб чиқарилмасин, энг холис сериал, бу — одамийликни тарғиб қилган сериалдир.

Баъзи хориж сериалларидаги «оммавий маданият» унсурларининг хавфли жиҳати,  у — секин портловчи бомбага ўхшайди, аввал сезилмайди. Ёт қарашлар тафаккурга сингиб, кейин майл ва хоҳишга, сўнгра амалий ҳаётга кўчади. «Мумкин экан», «У ҳам мендек экан», «Бундай муомала, бундай муносабат, бундай аҳлоқ, бундай одоб эркинлик намунаси экан!» деган қарашни шакллантиради. Шу жиҳати билан хавфли. Бу қарашлар жамиятимиз асоси — оилалар мустаҳкамлигини сақлаб турган, оиланинг муқаддаслиги тўғрисидаги қадриятларимизга зимдан путур етказади.

Агар Ғарб социологларининг сўнгги йиллардаги ўз халқи келажагидан хавотирга тушиб ёзган тадқиқотларини ўқисангиз, бир нарсага амин бўласиз: улар Ғарбнинг маънавий фожиаси — бу оиланинг муқаддаслигига путур етгандан сўнг бошланди, деган яхлит хулосага келишган. Биз эса ана шу муқаддас тушунчанинг емирилишига сабабчи бўладиган бадиийлашган «томоша»га оммавий маҳлиё ҳолатидамиз. Ёт ғояларнинг оммалашишини чеклаш, бу — цензура эмас, миллатни, унинг муқаддас фазилатларини, ўзлигини асрашдир.

Катта асарлар катта маблағ талаб этади

Ёт ғояларга қарши курашишда энг яхши услуб — миллий кино ва сериалларимизнинг салмоғини оширишдир. Тўғри, бугунги кунда медиа маҳсулотларимиз, айниқса, миллий сериалларимиз сон жиҳатдан анча кўпайди, аммо сифат, ижтимоий қамров жиҳатидан ҳали кутилган натижага эришганимиз йўқ. Бу, энг аввало, малака, савия, қолаверса, мамлакат иқтисодиёти билан боғлиқ ҳолат. Нега мамлакат иқтисодиёти билан боғлаяпман, чунки яхши, кенг қамровли сериал катта бюджетни талаб этади. Бадиий етуклик учун кўп ижодий қувват сарфланади, ижодкорлик эса энг қиммат товардир.

Бизда сериаллар ишлаш борасида катта тажриба энди шаклланяпти. Аммо ютуқларимиз ҳам кам эмас. Жумладан, «O’zbektelefilm» давлат унитар корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган миллий сериалларга Россия, Украина, Қозоғистон, Болгария, Хитой, Вьетнам каби давлатлар қизиқиш билдираётганининг ўзиёқ сериалларимизнинг экспорт истиқболи борлигини кўрсатади. Яқинда Қозоғистон компаниялари «Саодат» ва «Ўгай она» сериалларини сотиб олишди. Ўзбек кинематографияси мана шундай ривожланишда давом этар экан, тез орада, албатта, кўзланган мақсадга эришамиз.

«Mahalla» мухбири

Санжар ЭШМУРОДОВ ёзиб олди.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш