Сайловга вақт оз қолди, аммо тараддуд қандай?

Жорий йилнинг май ойида мамлакатимизда муҳим ижтимоий-сиёсий жараён — фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови бўлиб ўтади. Айни пайтда ҳар бир ҳудудда мазкур жараёнга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Сайловнинг қай тарзда ўтиши, аввало, ҳудудлардаги ишчи гуруҳлар ва кўмаклашувчи комиссиялар фаолиятига, вакиллар жонбозлигига ҳамда номзодларнинг қандай саралаб олинишига боғлиқ.

Хўш, бу жараёнлар ҳудудларда қандай олиб бориляпти, сайловга масъул шахслар ўз масъулиятини ҳис этяптими, аҳоли фуқаролар йиғини раиси сайлови ва сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлардан хабардорми? Ўз маҳалласи учун жон куйдирадиган, халқ дарди билан яшайдиган ташаббускор, ҳар томонлама муносиб номзодлар танлаб олиняптими?

Олий Мажлис Сенатида бўлиб ўтган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида бу каби масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Аввалгиларидан фарқ қилади, бироқ...

Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, янги таҳрирда  қабул қилинган «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги қонун асосида ўтказиладиган бу галги сайлов аввалгилардан ҳам аҳамияти, ҳам ҳуқуқий-ташкилий жиҳатлари билан кескин фарқ қилади. Эътибор беринг: раислар яширин овоз бериш асосида 3 йил муддатга сайланади, сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг камида 12 фоизи иштирок этиши шарт. Ваҳоланки, маҳалладек муҳим институт раҳбари тақдирини илгари 30-40 нафар вакил ҳал қилар эди.

Шу боис бу йилги сайловга дастлаб оқсоқоллар сайловини очиқ-ошкора, шаффоф ва адолатли ўтказиш мақсадида ҳукумат даражасида аниқ вазифалар белгилаб олинди. 7 та минтақавий ишчи гуруҳи тузилиб, сайловни ўтказишга кўмаклашувчи Республика комиссиясининг аъзолари ҳудудларга амалий ёрдам кўрсатиш учун бириктирилди.

Натижада сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи 214 та ҳудудий комиссия ҳамда 9019 та фуқаролар йиғинида ишчи гуруҳлар тузилиб, сайловни юксак даражада ўтказиш учун муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Таъкидланганидек, шу кунга қадар маҳаллаларда 1 млн. 700 минг нафар киши иштирокида янги таҳрирдаги «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги қонун мазмун-моҳиятини кенг оммага тушунтиришга қаратилган 26 мингдан ортиқ тадбир ўтказилди. Республика комиссияси ташаббуси билан мамлакат бўйича 11 минг нафардан зиёд сайлов ташкилотчилари учун минтақавий семинар-тренинглар ташкил этилди. Маҳаллалар кесимида сайлов ҳуқуқига эга бўлган 20 млн. 812 минг нафардан зиёд фуқаролар рўйхати шакллантирилди.

Оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарлик кўриш жараёнини тизимли равишда ёритиб бормоқда. Теле ва радиоканалларда, босма ва интернет нашрларида 2 мингдан зиёд материаллар эълон қилинди.

Айрим мутасаддилар эътиборсиз бўлмоқда

Йиғилишда Сенат Кенгаши томонидан тузилган Республика комиссияси саъй-ҳаракати билан ана шундай ишлар амалга оширилганига қарамасдан, айрим мутасаддиларнинг эътиборсизлиги Ўзбекистон фуқаролари учун муҳим ҳисобланган тадбирга тайёргарлик кўришда камчиликлар мавжудлигига сабаб бўлаётганлиги қайд этилди.

Хусусан, Сенат Кенгаши томонидан тузилган Республика комиссиясининг аксарият аъзолари айнан сайлов билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун ўзлари бириктирилган ҳудудга бирор марта ҳам боришмаган. Деярли барча ҳудудларда бевосита сайлов ўтказиладиган манзил ва объектлар рўйхатини шакллантириш ишлари сусткашлик билан олиб борилмоқда. Сайловни ташкил этиш ва ўтказишга масъул бўлган вилоят ва туман, шаҳар даражасидаги комиссияларнинг эътиборсизлиги оқибатида аксарият ишчи гуруҳлар раҳбарлигига сайлов қонунчилигидан, бу тадбирнинг моҳиятидан деярли бехабар шахс(нафақадаги фуқаролар, бандликка кўмаклашиш маркази ходими, фермер хўжалигининг иш юритувчиси, мажбурий ижро бюроси ходими, мактабгача таълим муассасасининг тарбиячиси, руҳшуноси, ҳатто оддий ҳайдовчи)лар тайинланганлиги айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, баъзи вилоят, туман ва шаҳарларда шу пайтга қадар тегишли комиссияларнинг масъул котиблари ҳам тайинланмаган. Бу масалага Самарқанд, Сирдарё, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ҳамда Тўрақўрғон, Косонсой, Амударё, Кегейли, Беруний, Нуробод, Ургут, Пахтачи туманлари ва Самарқанд шаҳрида мутлақо эътибор қаратилмаган.

Айрим ҳудудий комиссиялар янги таҳрирдаги «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги қонуннинг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказишда масъулиятсизликка йўл қўйган. Хусусан, бундай ҳолатлар Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Сурхондарё вилоятларида кузатилмоқда.

Билим ва кўникмалар оширилди

Йиғилишда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Шавкат Жавлоновнинг фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) лавозимларига тавсия этилаётган номзодларни саралаб олишга кўмаклашувчи минтақавий Республика ишчи гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Қайд этилганидек, Республика ишчи гуруҳларининг маҳалла институтига оид билим кўникмаларини ошириш мақсадида жорий йилнинг 23-24 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида 18 соатдан иборат «Маҳалланинг асосий вазифалари ва номзодлар билан ишлашнинг психологик жиҳатлари» мавзусида ўқув-семинарлар ўтказилди. Шунингдек, Республика ишчи гуруҳлари томонидан ҳудудларда иш жараёнида фойдаланишлари учун маҳалла раисларига қўйиладиган талаблар бўйича тавсиялар, маҳалла раиси лавозимига номзодларнинг билим даражаси, савияси ва дунёқарашини аниқлаш бўйича саволнома, ҳудудий ҳокимликларнинг ташкилий-назорат гуруҳлари томонидан амалга ошириладиган асосий вазифалари бўйича йўриқнома ишлаб чиқилди. Шу билан бирга, 9019 та фуқаролар йиғини аҳолиси сони, ижтимоий-маънавий муҳит ва ҳудудий географик жойлашуви бўйича тоифаларга ажратилди. Тоифаларга асосан, йиғин раисига қўйиладиган талаблар ишлаб чиқилди.

Мазкур ҳужжатлар тайёр ҳолатда чоп этилиб, Республика ишчи гуруҳлари аъзо­ларига тарқатилиб, жорий йилнинг 26 мартидан ҳудудларга хизмат сафарига юборилди.

Номзодлар шакллантирилмаган...(ми?)

—— Афсуски, топшириқ ижросига ҳамма жойда ҳам бир хил муносабатда қаралмаяпти, — дея таъкидлади Ш.Жавлонов. — Бир қанча сектор раҳбарлари томонидан ўзи масъул бўлган ҳудудларда танланган маҳалла раислигига кўрсатилган номзодлар билан суҳбатлар ўтказилмаган. Жорий йилнинг 4 апрель ҳолатига кўра, Республика ишчи гуруҳ
аъзолари томонидан 158 та (78%) туман ва шаҳарлардаги 6742 та (75%) фуқаролар йиғини раислари лавозимларига тавсия этилган 21738 нафар (43%) номзодлар билан суҳбатлар ўтказилиб, 6706 та (74%) фуқаролар йиғинига 13957 нафар (64%) номзод тавсия этилди. Таҳлилларга кўра, аксарият вилоятларда олдинги тартибда, яъни кимнидир маҳаллага раис қилиб қўйиб қўйсак бўлди, қабилида иш қилинмоқда. Сайловга қисқа вақт қолди. Лекин шу кунга қадар баъзи жойларда маҳалла раислигига номзодлар захираси шакллантирилмаган. Мисол учун, Андижон шаҳридаги «Ёйилма», «Соғлом авлод», «Баркамол», «Боғи эрам», «Боғишамол», «Ўзбекистон 20 йиллиги», Денов туманидаги «Саноатчилик», «Ўрикли», Жарқўрғон туманидаги «Гулистон» маҳаллаларида йиғин раислари лавозимига номзодлар шакллантирилмаганлиги оқибатида амалдаги раислар билан суҳбат ўтказиш билан чекланилган, холос.

Бошқарув малакаси ёки иш тажрибасига эга бўлмаган номзодлар тавсия этилмоқда

«Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида йиғин раиси лавозимига номзодлар қоида тариқасида олий маълумотга эга бўлиши кераклиги белгилаб қўйилган бўлишига қарамасдан, тавсия этилган номзодларнинг 4800 нафари (34%) ўрта-махсус, 810 нафари (6%) ўрта маълумотга эга номзодлар тавсия этилган.

Энг ачинарлиси, туман (шаҳар) комиссиялари томонидан бошқарув малакаси ёки иш тажрибасига умуман эга бўлмаган номзодлар тавсия этилган. Мисол учун, Навоийда 53 фоиз, Сирдарё ва Фарғонада 51 фоиздан, Тошкент шаҳрида 40 фоиз, Тошкент, Самарқанд вилоятларида 39 фоиздан шакллантирилган номзодлар Республика ишчи гуруҳи аъзолари томонидан нолойиқ деб топилган.

Тавсия этилган номзодларнинг Қорақалпоғистон Республикасида 19 нафари, Андижонда 34 нафари, Жиззахда 12 нафари, Наманганда 13 нафари, Тошкент вилоятида 21 нафари, Сурхондарёда 18 нафари, Фарғонада 24 нафари, Хоразмда 16 нафари, Тошкент шаҳрида 13 нафари умуман бошқарув тажрибасига эга эмас. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги «Элобод» маҳалласига 1980 йилда туғилган 16-сонли мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси, Чимбой туманидаги «Темир жолгузари» маҳалласига саноат коллежи механиги, Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги «Ўрғу», «Дўнгқишлоқ», Балиқчи туманидаги «Юзчинор», «Қўрғонча», «Дарё бўйи», «Баркамол», «Туркистон», «Саховат», «Афсона» маҳаллаларига 7-10 йиллардан буён мавсумий ишлар билан шуғулланиб келаётган фуқаролар, Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги «Оқбулоқ» ҳамда Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги «Катта минглар» маҳаллаларига ҳайдовчи, Навоий вилояти Кармана туманидаги Алишер Навоий номли маҳалласига уй бекаси, Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги «Сувти» маҳалласига Пахта тозалаш заводи қоровули, Зангиота туманидаги «Тарнов» маҳалласига электрик, Сурхондарё вилояти Денов туманидаги «Мингбулоқ» маҳалласига қоровул, Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги «Зангиота» маҳалласига сантехник лавозимларида ишлаётган иш тажрибасига эга бўлмаган фуқаролар тавсия этилган.

73 ёшдан ошган номзодлар қўйилаётган вазифаларни уддалай оладими?

Яна бир мисол, Тошкент вилоятида 18 нафар, Сурхондарёда 13 нафар, Қорақалпоғистон Республикасида 8 нафар, Наманганда 12 нафар, Сирдарёда 9 нафар номзоднинг ёши 73 ёшдан юқори. Савол туғилади, бу номзодлар ҳозирги кунда маҳалла тизимига юкланган вазифаларни қай даражада уддалай олишади?

Ш.Жавлонов юқорида қайд этилган камчиликларни бартараф этиш мақсадида бир қатор вазифаларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, 2016 йилда ўтказилган сайловлардан кейин 243 нафар маҳалла раиси нолойиқлиги учун вазифасидан бўшатилганини, шундан, 52 нафари хизмат лавозимини суиистеъмол қилганлиги учун жавобгарликка тортилганини қайд этиб, муҳтарам Президентимизнинг маҳалла раиси лавозимига аҳоли ўртасида ҳурмат-эътиборга эга бўлган, маҳалланинг муаммолари, халқнинг дарди билан ёниб ишлайдиган раисни сайлаш бўйича берган топшириқларини йиғилиш қатнашчиларига яна бир бор эслатиб ўтди.

* * *

Танқид ва таҳлилий руҳда ўтган тадбирда ҳар бир комиссия аъзосига жойларда аниқланган муаммоларни бартараф этиш ҳамда натижалар ҳақида Республика комиссиясини жорий йил 15 апрелга қадар хабардор қилиш топшириғи берилди.

Йиғилишда аҳолини сайлов ҳақида бохабар этишда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланиш, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишни янада фаоллаштириш бўйича вазифалар ҳам белгиланди.

Тадбирда Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев қатнашди.

Олий Мажлис Сенати ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари

фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика

кенгаши маълумотлари асосида тайёрланди.

 

Изоҳ 1
Машарипова гулбазар

2019-04-15 12:20:14

Аввалдан 10 йилдан буён махалла раиси ва котиби лавозимида ишлаб келаетган урта маьлумотли еши 51 да уз номзодини куйиши мумкунми олдиндан рахмат Коракалпогистон Республикаси Нукус шахри

Изоҳ қолдириш