Тоза ичимлик суви ҳамон муаммо...

Газетамизнинг шу йил 12-сонида «Mahalla» бонг уради!»  рукни остида «Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ...(ми?!)» сарлавҳали танқидий мақола чоп этилган эди. Унда Наманган вилоятининг Поп туманидаги айрим маҳаллаларда тоза ичимлик суви тақчиллиги муаммоси кўтарилиб, таҳлилий мулоҳазалар билдирилганди. Хўш, орадан ўтган бир ойдан зиёдроқ вақт мобайнида қандай ўзгаришлар юз берди?

Танқидий-таҳлилий мақолада Поп туманидаги «Қўшминор» маҳалласида сув билан боғлиқ муаммолар қаламга олинган. Хусусан, катта ҳудуд — умумий узунлиги 95 километрга тенг жойни қамраб олган маҳалла аҳолиси, асосан, Чодаксойдан сув ичиши, афсуски, кейинги вақтларда сой сувининг тез-тез ифлосланаётгани, айниқса, баҳор фаслида сел-тошқин, ёзда чиқиндилар ташланиши, куз-қишда эса сув ҳажмининг камайиши боис истеъмолга яроқсизлиги билдирилганди. 

— Ўтган йили Республика ишчи гуруҳи аъзолари келиб, ўрганиб кетганидан  сўнг тузилган «Йўл харитаси»га мувофиқ, бироз иш бошлангандай бўлди, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Заҳриддин Қаландаров. — Ҳатто марказий Навоий кўчамизга яқин жойда тик қудуқ қазиб, сув ҳам чиқарилди. Афсуски, қувончимиз узоққа чўзилгани йўқ. Тармоқ тортиш ишлари маблағ йўқлиги сабабли ўлда-жўлда қолиб кетди.

Газетада чоп этилган танқидий мақоладан сўнг «энди ўзгариш бўлса керак», дея кутаётгандик. Уч-тўрт кун аввал туман «Сувоқова» корхонасидан бир гуруҳ вакиллар келиб, ушбу қудуқдан тармоқ тортиш учун ҳисоб-китоб қилишди. Айтишларича, бунинг учун катта маблағ зарур экан. Лойиҳани тез орада ишлаб чиқиб, туман ҳокимлигига киритишга ваъда беришди. Энди унинг натижасини кутиб турибмиз.

Йиғин раисининг айтишича, шу кунларда кучли ёғингарчиликлар сабаб Чодаксой суви тез-тез лойқаланиб турибди. Бу эса муаммони янада жиддийлаштирмоқда. Маҳалла аҳолиси ҳали-ҳамон тоза ичимлик сувини нақд пулга сотиб оляпти. Бу масалада хусусий транспорт эгалари ёрдам бериб туришибди. Шунда ҳам фуқаролар йиғини аралашуви билан. Чунки тоғолди ҳудудга уловини қийнаб, сув келтирадиган мард кам топилади.

Очиғи, тоғу тошлардан бошланувчи табиий Чодаксой Попнинг мазкур тоғолди ҳудудида асосий сув манбаси ҳисобланади. Ундан ҳам аҳоли истеъмол қилади, ҳам экинлар суғорилади. «Қўшминор»дан юқорига — шимоли ғарб томон тоғнинг ичкарисига қараб юрсангиз, Чодаксой 9 та маҳалла ҳудудидан оқиб ўтишини кўришингиз мумкин. Энг ташвишлиси, ушбу ҳудудда яшовчиларнинг, қолаверса, кун исиши билан дам олиш мақсадида ташриф буюрувчи сон-саноқсиз меҳмонларнинг «шарофати» билан Чодаксой чиқиндига тўлади. Хуллас, «Қўшминор»га тоза ичимлик суви тармоғи зарур. Бу ишга масъул «Сувоқова» корхонаси Поп тумани филиали раҳбарларини эса «кундузи чироқ ёқиб» топиб бўлмади.

Шунингдек, мақолада Поп шаҳридаги «Пахтакор» ҳамда «Ипак йўли» маҳаллаларидаги кўп қаватли тураржой  ва ҳовлиларда яшовчи аҳоли «Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ» қабилида иш тутаётгани ҳам таъкидланган эди. Ўрганишлар натижасида ҳар икки маҳаллада кўча бошидаги жўмраклар янгиланаётгани, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайиб, тўлов интизоми мустаҳкамланаётгани маълум бўлди. «Пахтакор» маҳалласида эса кўп қаватли тураржойларнинг атрофида ободонлаштириш қизғин давом этмоқда. Энг асосийси, ҳудуддаги ариқлар тозаланиб, сув йўллари тартибга келтирилмоқда. Демак, танқидий фикрлар ҳеч бўлмаганда туман марказида яшовчи аҳолини «уйғотибди».

Илҳомжон РАҲМАТОВ

«Mаhаllа»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш