Маҳалла идорасини ҳашар йўли билан қургандик, лекин...

«Маhаllа» газетаси ҳам шаклан, ҳам мазмунан ўзгариб, халқ билан ҳамнафас нашрга айланди. Биз,  Наманган вилояти Чортоқ шаҳри Алишер Навоий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси, фаоллари, қариялари газетанинг биронта сонини қолдирмай ўқиймиз. Чоп этилган мақолалар юзасидан суҳбатлашамиз. Юртимиз ҳаётидан, биз каби инсонлар турмушидан олинган воқеалар ҳам завқлантиради, ҳам шодлантиради, баъзан эса афсуслантиради.

Айниқса, кўплаб кишиларни қийнаб келаётган муаммолар газетанинг куйинчак журналистлари томонидан холис ўрганилиб, бартараф этилаётгани юртимизда сўз эркинлиги, матбуот мустақиллиги таъминланаётганидан далолат беради. Бундан қувонмай бўладими?

Севимли нашримиз бизнинг маҳалла билан боғлиқ мурожаатни ҳам эътиборсиз қолдирмади. Газетанинг жорий йил февраль ойи 9-сонидаги «Маҳалла биносини нега олиб қўйишди?» сарлавҳали мақолада маҳалла фуқаролар йиғинимиз биносига бошқа ташкилот кўчиб киргани, йиғин ходимлари идорасиз қолгани ҳар томонлама ўрганилиб, таҳлил этилди. 

Дарҳақиқат, 9 ойдан ошдики, тўрт минг нафардан зиёд аҳолининг дардига қулоқ тутадиган, маслаҳатлашадиган масканимиз йўқ. Одамлар учун кунни кун, тунни тун демай ишлаётган жонкуяр ходимлар таъмирталаб, эски, икки хонада қолишмоқда. Ана шундай абгор шароитда ҳам улар биз, нуронийларга, фуқароларга хизмат қилмоқда. Газетада исми тилга олинган нуроний онахон Жўрахон Қобулова 75 ёшда бўлса-да, маҳалла учун тиним билмайди, бирон-бир муаммо туғилса, куннинг қайси вақти бўлмасин, оғринмасдан ёрдамга шошади. 50 йилдан ортиқ шу маҳаллада бир сўм ҳақ ҳақида ўйламасдан, жамоатчилик асосида меҳнат қилиб ҳамманинг дардини эшитиб, малҳам бўлиб келади. Тўй-маросимларда бош-қош, маслаҳатгўй, ўрни келса, қаттиққўл бундай нуронийлар маҳалламизда жуда кўп. 

Ана шундай фидойи кишиларнинг саъй-ҳаракати, тиниб-тинчимаслиги боис маҳалла биноси ҳашар йўли билан қурилганди. Ўша ҳашарда элнинг катта-кичиги иштирок этган. Битгач, маҳалламизга файз кирганидан, жамоатчилик йиғилиб беминнат маслаҳатлашадиган жойимиз борлигидан қувонгандик. Афсуски, бу қувонч узоққа чўзилмади. 

Ҳаммадан ҳам биз — кексаларга қийин бўлди. Чунки ёзда салқин, қишда иссиққина хоналарда йиғилардик, кимнинг уйида нотинчлик, ким тўй бошлабди, кимнинг таъзиясини қандай ўтказиш керак — ҳаммасининг маслаҳатини пишитардик. Узоққа бориб юрмасдан, пенсия пулларимизни ҳам шу ерда олиб, маҳалладаги янгиликлардан хабардор бўлардик. Боз устига, жамоатчилик комиссиялари аъзолари сифатида йиғин ишларига кўмаклашардик. Айни пайтда эса қийналиб қолдик, йиғиндаги жамоатчилик комиссиялари аъзолари жамланадиган, фикрлашадиган жойга муҳтожмиз.
Вилоят, республика идораларига ёзган хатларимиз жавобсиз қолди. Хайриятки, «Маhаllа» газетасидан келиб, бу ҳолатни ўрганишди. Дилимиздаги гапларни эшитиб, шу мавзуни ёритишди. Аммо ҳозиргача мутасаддилар бирор ўзгариш қилишмади. Бугун оммавий ахборот воситаларининг нуфузи ортиб бормоқда, йиллаб занг босиб ётган муаммоларнинг ечилишида журналистлар ўрни ортмоқда. Биз ҳам маҳалламиз биноси билан боғлиқ тушунмовчиликлар тез орада барҳам топиб, адолат қарор топишига, халқ виждонига айланган маҳалла учун муносиб эътибор кўрсатилишига ишонамиз. 

Абдулҳамид УМАРОВ, Раҳимахон МАҲМАДАЛИЕВА, 

Зуҳрахон ШАРИФБОЕВА, Алишер Навоий номидаги 

маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш