«Энергетик ичимлик» танага қувват берадими ёки...

Куни кеча — 10 апрель куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунининг юртимизда энергетик ичимликлар истеъмолини тартибга солишга йўналтирилган нормалари кучга кирди. Унга кўра, эндиликда  таркибида 150 мг/л.дан ортиқ миқдорда кофеин ва (ёки) инсон организмига тонусни ўзгартирувчи таъсир кўрсатиш учун етарли миқдордаги бошқа компонентлар мавжуд бўлган ичимликлар — «энергетик ичимликлар»  ҳисобланади.

Эндиликда бундай ичимликларни ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилинишига йўл қўйилмайди. Соат 7.00 дан соат 22.00 га қадар энергетик ичимликларни телевидение ва радио орқали реклама қилиш тақиқланди. Реклама жараёнида мазкур ичимликларни ҳаддан зиёд истеъмол қилишнинг зарари тўғрисидаги огоҳлантириш, шунингдек, истеъмол қилиш тавсия этилмайдиган шахслар ҳақидаги ахборот ҳам эълон қилинади. Қонун талабларини бузган мансабдор, тадбиркор ва ёки бошқа  шахс тегишли равишда маъмурий жавобгарликка тортилади. Хўш, бу каби қатъий чоралар кўрилишига сабаб нима? Телевизор орқали ҳар куни тинмай реклама қилинаётган энергетик ичимликлар инсон организми учун чиндан ҳам зарарлими? Шу каби саволлар билан  мутахассисларга мурожаат қилдик.


Анатолий
ХУДАЙБЕРГАНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги овқатланиш гигиенаси бўйича бош мутахассиси, тиббиёт фанлари доктори, профессор:

— Энергетик ичимликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш инсон организмида фаолликни ошириб, ички резерв ишлашини фаоллаштиради. Оқибатда киши ичимлик таъсири ўтгач чарчоқ, уйқусизлик, асабийлик ва тушкунлик каби ҳолатларни туяди. Шунингдек, ушбу ичимликларда В витамини кўплиги боис кишида вақт ўтиши билан юракнинг тез уриши, бўғинларда увишиш каби ҳолатлар кузатилади. Айниқса, уни вояга етмаган ёшлар мунтазам истеъмол қилса юрак хасталиклари билан боғлиқ муаммолар, ваҳима ва ақлий нуқсонларнинг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. «Қувватбахш» ичимликлар кайфиятни кўтариши бор гап. Ҳаттоки, у танадаги чарчоқни бироз қолдиради ва ақлий фаолиятни яхшилашга ёрдам беради. Қизиғи шундаки, ушбу ичимликлар ўзингизнинг қувватингизни жамлаб, бир вақтнинг ўзида яна ўзингизга сарфлайди. Қолаверса, у турли касалликларни қўзғайди. Хусусан, қон босими, юрак-қон томир тизимида муаммоси борлар учун бундай ичимликлар қабул қилиш мумкин эмас. Ҳар қандай ҳолатда ҳам энергетик ичимликларни бир кунда кўпи билан икки банка истеъмол қилиш мумкин, холос. Меъёрдан зиёди артериал босимни ошириб, қондаги шакарнинг ортишига олиб келади. Қолаверса, энергетиклардаги витаминлар организмимиз учун зарур бўлган мультивитамин комплексининг ўрнини боса олмайди. Бундан ташқари, ичимлик таркибидаги кофеин кишини ўзига ўргатиб қўйиши, асаб тизими касалликларини келтириб чиқариши билан ҳам хавфли.


Шуҳрат ТЎХТАБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Энергетик ичимликларнинг инсон саломатлигига салбий таъсири бўйича илмий тадқиқотлар кўплаб хорижий давлатларда ҳам ўтказилган. Жумладан, озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Европа агентлиги (EFSA) берган маълумотларига кўра, 18-29 ёшда бўлган ёшларнинг аксарияти энергетик ичимликларни алкоголь маҳсулотларига қўшиб ичиши маълум бўлди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу усул алкоголнинг ўзидан заҳарланишдан кўра хавфлироқ.

Бундан ташқари, австралиялик олимлар ўтказган «Ўсмирларнинг энергетик ичимликларга нисбатан қарашлари, ҳиссиётлари» номли тадқиқотлар натижаларига кўра, ўсмирлар энергетик ичимликлар таркибида инсон саломатлигига хавф солувчи кофеин, гуарана ва таурин каби моддалар мавжудлиги ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмаслар. Ўсмирлар учун алкоголь ёки тамаки маркетинги сингари бу каби ичимликлар рекламаси ҳам жозибадор туюлади, бу эса уларда мазкур маҳсулотни истеъмол қилишга мойиллик туғдиради. Яна бир гап. Мутахассисларнинг таъкидлашича, «энергетик»ларни истеъмол қилиш бозори йилига 13-15 фоизга кенгайиб бормоқда. Асосий истеъмолчилар эса 18-35 ёшлилар. Россияда ҳаттоки, 12 ёшли ўғил-қизлар ушбу ичимликларни ичишни бошлаган.

2017 йилнинг 7-8 сентябрь кунлари пойтахтимизнинг ўнга яқин йирик савдо марказлари ҳамда таълим муассасаларида қувват берувчи ичимликларни истеъмол қилиш бўйича ўрганишлар ўтказишди. Якуний хулосаларга кўра, ушбу ичимликларни татиб кўрганлардан 35 фоизи уни «шунчаки қизиқиш учун» ичган.


Шоира КАРИМОВА,

психолог:

— Барча энергетик ичимликлар таркибида организм умумий тонусига таъсир қилувчи моддалардан таурин (2-амино­этансульфат кислотаси) тутқаноқ касаллигида дори воситаси сифатида қўлланилади. «Қувватбахш» ичимликлар суякнинг мўртлашишига олиб келади. Боиси у инсон организмидаги кальцийни ювиб юборади, бу асаб тизими учун ўта керакли модда ҳисобланади. Ёшлар бугун ушбу ичимликларни бир-бирига тақлид қилиб, истеъмол қилмоқда. Яна бир гап. Ачинарлиси, агар «қувватбахш» ичимликларни ичиш учун пул топа олмаса, ўғирликка қўл урмоқда, натижада  турли низолар келиб чиқаётир. Бу каби ичимликларнинг савдосидан кимдирлар моддий манфаат кўраётгани табиий. Бироқ у болаларимизнинг ошқозон ости безига таъсир қилиши, ўн икки бармоқларда яра ҳосил бўлишига, юзларига турли тошмалар тошиб кетишига сабаб бўлаётгани ҳам ҳақиқат.

Хўш, ушбу ичимликларнинг зарарли таъсири кўп бўлса, унда нима учун бозори чаққон? Ҳар қадамда уларнинг тарғиботи, рекламасига дуч келамиз? Ҳаттоки, телеканаллар ҳам ушбу ичимликларни тавсия қилиш билан овора? Психологларнинг таъкидлашича, инсон нимани кўп кўрса, у ҳақида тез-тез эшитса, мияга шу нарсани қабул қилиб кўриш сигнали узатилади. Натижада зарар келтирса ҳам унга талпинамиз, қўллаб кўрамиз, истеъмол қиламиз. Бировларнинг чўнтагини қаппайтиришимиз мумкин. Аммо зарарини ўзимиз чекамиз.


Бегали ЭШОНҚУЛОВ,

журналист:

— Танага тетиклик бағишлайман, дея «ваъда» қилаётган «қувватбахш» (энергетик) газли ичимликлар кун­оро кўпайиб бормоқда: бозори ҳам чаққон. Кўча-кўйда, жамоат жойларида, ҳаттоки, тўю томошаларда ҳам ушбу ичимликни истеъмол қилаётган кишиларни, айниқса, вояга етмаган ёшларни кўриш мумкин. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, ушбу ичимликни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш киши саломатлигига фойдаси кўпми ёки зарари?

«Ишнинг кўзини биладиган» кимсалар шу каби ичимликларнинг тарғиботини йўлга қўйишга эришиб олди. Турли совринли ўйинлар билан одамларнинг, айниқса, ёшларнинг эътиборини тортмоқда. Энди бир ўйлаб кўрайлик, дорихоналардан дори сотиб олиб унинг йўриқномаси билан танишганимизда ўша дорининг организмга фойдали ва зарарли томонлари ёзилади. Нега, «қувватбахш», дея аталаётган бундай ичимликларнинг зарарли томонлари ёзилмайди? «Қувватбахш» ичимликлар банкасининг устига эътибор берсангиз майда ҳарфлар билан (ўқишга қийналишингиз аниқ) тушунарсиз гаплар битилган, холос. Бу билан ишлаб чиқарувчи маҳсулоти ва ўзини ҳимоя қилаётгандек гўё. Буни қиморга аралаштириб юборишгани ачинарли.

Шоҳруҳ САИДОВ

«Mahalla»

Изоҳ 2
Собир

2019-04-15 14:28:45

Ҳали рекламасини тўхтатгани йўқку

Sokratjonuu

2019-04-16 10:44:18

Аввал рекламасини тўхтатайлик-да кейин ман қилайлик

Изоҳ қолдириш