Тест саволлари соддалаштирилади...ми?

Талабалик — олтин давр. Бироқ унгача бўлган абитуриентлик ҳам кўпчиликнинг ёдидан чиқмаса керак. Ҳар куни узоқ масофа босиб, қўшимча дарс ўрганиш учун ўқув марказларига бориш, бунинг орасида мактабдан берилган вазифаларни ҳам бажаришнинг ўзи бўлмайди. Бироқ ўқишга кириш, талаба бўлишдек эзгу орзу абитуриентга қанот бағишлайди. У ўзига бўлган юксак ишончи туфайли олдидан чиққан барча қийинчиликларни, синовларни мардонавор енгиб ўтади.

Аммо... Ойлаб, йиллаб тайёргарлик кўрилган имтиҳонда ўзи учун умуман нотаниш, мактаб дарсликларида учрамаган мавзуларда саволлар тушса, унинг руҳияти чўкиб, ўқишдан бутунлай кўнгли совиб кетиши мумкин.

Имтиҳон қўрқув эмас, ишонч уйғотиши керак

«Жарангли ундошнинг жарангсиз жуфти билан шаклдош сўз ясовчи қўшилган ўзлашма ўзак антонимига синоним сўз тўлдирувчи вазифасида келган гап иштирок этган қаторни топинг».

(2015 йил олий таълим муас­сасаларига кириш имтиҳонларида она тили ва адабиёт фанидан берилган савол.)

Ўзим ҳам уч  йиллик абитуриентлик «фаолият»им давомида бу каби саволларга кўп бор дуч келганман. Очиғи, бундай вазиятда билимга эмас, кўпроқ таваккалга таянилади. Кўзингизни юмиб, битта жавобни белгилаб кетаверасиз. Буёғи — пешонадан...

Тан олиш лозим, абитуриентлар бу каби саволларга жавоб топишнинг турли усулларини ўйлаб топишга ҳаракат қилишади. Натижада бункерлар, «ақлли каллалар» пайдо бўлади ва олий таълим муассасаларига киришда ҳалол рақобат йўқолиб, коррупция авж олади. Тасаввур қилинг, эндигина мактабни битирган ўқувчи давлат тест имтиҳонларига кирганда мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари дарсликларида ўқимаган, ўзи учун бутунлай нотаниш саволларни кўрганда қай аҳволга тушади? Шубҳасиз, кейинги йил имкон борича имтиҳонда ўзгалар кўмагидан фойдаланишга ҳаракат қилади. Бу эса ўз-ўзидан мактаб ўқитувчилари, олий таълим тизими ва Давлат тест марказига нисбатан салбий фикрларнинг шаклланишига сабаб бўлади.

— Таъкидлаш жоиз, ҳар йили осон даромад орттириш мақсадидаги баъзи «учар тадбиркор»лар Давлат тест маркази номидан турли ахборотнома ва имтиҳон саволлари тўпламини чоп этиб сотувга чиқаришади, — дейди Давлат тест маркази Ахборот хизмати раҳбари Орзиқул Бобоев. — Натижада ана шундай сохта саволлар тўпламини ўқиб имтиҳонга тайёргарлик кўраётган абитуриентлар имтиҳонда қийналиб қолишмоқда. Бу эса Давлат тест маркази ҳақида турли салбий фикрларнинг кўпайиб кетишига сабаб бўлаётир.

Ҳозирда тест топшириқларини янада соддалаштириш бўйича иш олиб борилмоқда. 2019 йил олий таълим муассасаларига қабул тест синовлари учун тест топшириқлари базаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган давлат таълим стандартлари, шунингдек, ўқув дастурларини инобатга олган ҳолда фан экспертлари ва мутахассислар томонидан шакллантирилади. Шу сабабли тест топшириқлари тавсия қилинган адабиётлар рўйхатидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилади ва базаси кенгайтириб борилади. Шунингдек, ҳар бир фан бўйича тузилган тест топшириқларини эксперт ва мутахассислар экпертизадан ўтказишади. Бу саволларнинг қийинлик даражасига қараб тегишли ўзгартиришлар киритиш имконини беради. Хусусан, аниқ фанлар бўйича бериладиган саволлар калкулятор ишлатмасдан ечиладиган даражада соддалаштирилмоқда.

Жорий йилдан бошлаб тарих ва география фанларидан тузиладиган тест топшириқлари таркибида ўқув дастурларига мувофиқ равишда харита, атлас ҳамда ёзувсиз хариталардан фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Имтиҳонда «бу саволлар дарсликда йўқ эди» деган эътирозлар бўлмаслиги учун Давлат тест марказининг www.dtm.uz сайтида қўшимча адабиётлар рўйхати эълон қилинган.

Имтиҳон — ўйин эмас...

— 9 йил давомида талаба бўлиш учун ҳаракат қилдим, — дейди Тошкент вилояти Қибрай туманидаги «Баҳор» маҳалласида яшовчи Расулжон Маҳмудов. — Бироқ насиб қилмади. Ҳар гал имтиҳонга кирганимда турли «томоша»ларнинг гувоҳи бўлардим. «Ректор гуруҳи»даги абитуриентларнинг тест саволларига жавоби ташқарида белгилаб киритилиши, «бункер»ларнинг «учар»лигини кўравериб, тўғриси, ҳафсалам пир бўлиб кетганди. Аммо ўтган йили жияним билими билан университетга ўқишга киргач, бу каби «ўйин»лар камайиб бораётганига ишондим.

Дарҳақиқат, бир вақтлар «танка», «бункер», «ректор гуруҳи» каби сўзлар абитуриентлар орасида оммалашиб кетганди. Бугун эса соҳада амалга оширилган ислоҳотлар самарасида бу каби нохолисликларга чек қўйилмоқда. Ўтган йилги давлат имтиҳонлари анчайин шаффоф ўтказилгани ҳам фикримизни исботлайди. Бироқ шундай бўлса-да, ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар ҳам йўқ эмас.

48 сония тақдирни ҳал қилади...ми?

Одатда имтиҳон уч соат давом этиши белгиланган. Ана шу вақт мобайнида билимидан фойдаланиб, саволларга тўғри жавоб берганлар ҳам, таваккал қилганлар ҳам бўлади. Яқинда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган бир воқеа вақт масаласига ҳам эътибор билан ёндашиш лозимлигини кўрсатди.

«Маълум бўлишича, пойтахтлик Сарвиноз Ибрагимова Давлат тест маркази мансабдор шахсларининг устидан шикоят ариза билан судга мурожаат қилган. Унинг айтишича, 2018 йилнинг 1 август куни Бухоро давлат тиббиёт институтига ўқишга кириш учун давлат имтиҳонини топширган. Тест синовлари бошлангач, ручка ёзмай қолгани боис маълум вақт йўқотган. Шунингдек, тест саволларини ечаётган вақтида (белгиланган 3 (уч) соат вақт тугамасдан) ўша ердаги назоратчи жавоблар варақасини топширишини талаб қилган. Абитуриент эса бир неча дақиқадан сўнг жавоблар варақасини назоратчига топширган. Назоратчилар у кечиккани учун далолатнома тузиб, жавобларни қабул қилмасликларини айтишган. С.Ибрагимова ўз вақтида топширганини айтишига қарамай, унинг жавоблар варағи қабул қилинмаган».

Аниқланишича, Сарвиноз имтиҳон қоғозини белгиланган вақт — 18:00 да эмас, 18:00:48 да яъни, 48 сония(!) кечикиб топширган. Тасаввур қилинг, йиллар давомида имтиҳонга тайёрлансангиз-да, аллақандай сабаблар билан яна 48 сонияни деб(!) меҳнатларингиз ҳам, орзуларингиз ҳам пучга чиқса...

Яна бир ҳолатда, Тошкент тиббиёт педиатрия институти кириш имтиҳонларида белгилаган тўғри жавоби нотўғри деб топилган жиззахлик Даврон Турсунов ҳам ДТМ устидан шикоят қилган.

Ҳар иккала ҳолат ҳам тегишли тартибда ўзгартирилиб, абитуриентларнинг талаби ҳақли деб топилган ва Давлат тест марказига мазкур хатоларни тўғирлаш бўйича ажрим чиқарилган.

Якунда масала абитуриентлар учун ижобий ҳал этилгани яхши. Бу ёшларни имтиҳонларнинг шаффоф ўтишига ишончини ошириш билан бир қаторда, масъулларнинг ўз вазифасига янада жиддий ёндашишини таъминлайди.

Билимнинг билимдан фарқи бор

Абитуриентларнинг тест саволларидан муваффақиятли ўтиши яхши, бироқ улар талаба бўлгандан сўнг юзага чиқадиган яна бир масала ҳам борки, бу – жиддий эътиборни талаб қилади.

— Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, давлат гранти асосида ўқишга кирган талабаларнинг аксарияти оддий саволларга жавоб беришга ҳам қийналишади, — дейди филология фанлар номзоди, доцент Қурдош Қаҳрамонов. — Масалан, «Равиш нима?» деган саволни берсам, таърифини сўзма-сўз айтишади, бироқ матнда топиб бера олишмайди. Маълум бўлишича, уларни ўқишга тайёрлаган репетиторлар, асосан, тест жавобларини ёдлашга ўргатади, лекин фанни етарлича тушунтириб бермайди. Энг ачинарлиси, бундай талабалар ёзма ишларда ҳам кўплаб имло хатоларига йўл қўйишади.

Эҳтимол, имтиҳон саволларининг мураккаблигидан уларда «дарсликлардаги мавзуларни ўрганиш орқали ўқишга кириш имконсиз» деган фикр шаклланиб қолгандир. Балки у мактаб, лицей ёки коллеждаги дарсларни қолдириб, фақат тест ёдлагани туфайли шу ҳолатга келиб қолгандир. Зеро, тил, адабиётни билиш назарий фактларни ёдлаш билан кифояланмайди. Қолаверса, тилни ўрганишда оғзаки ва ёзма нутқни ривожлантириш жуда муҳим.

Хулоса

Олтин давр остонасида турган ёшлар ҳар йили талаба бўлиш учун жиддий тайёргарлик кўришади. 2018 йили бўлиб ўтган давлат тест имтиҳонлари аввалгиларига нисбатан бирмунча шаффофлиги, адолатли ўтгани билан кўпчиликнинг қалбида ишонч уйғотди. Давлат тест маркази тест саволларини янада соддалаштириш бўйича иш олиб бораётгани эса бу борадаги ислоҳотлар бардавом бўлишини таъминлайди, деган умиддамиз. Ишонамизки, тез орада мактаб дарсликларидаги мавзуларни тўлиқ ва аъло баҳоларга ўзлаштирган ўқувчилар олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида «осмондан тушган» саволларга дуч келмай, ўз билим ва иқтидорларини намоён этиш имконига эга бўладилар.

Фарҳод ТОЛИПОВ

«Mahalla»

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш