Сайлов тенглик, муқобиллик ва ошкоралик тамойиллари асосида ўтмоқда

Фото: Mahalladosh
Фото: Mahalladosh

Айни пайтда юртимиздаги барча маҳаллаларда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови уюшқоқлик билан ўтказилиб, муносиб номзодлар сайланиши таъминланмоқда.

Ишчан, ташаббускор, фаол номзодлар сайланмоқда

ТОШКЕНТ ШАҲРИда бўлиб ўтаётган сайловларда аҳоли орасида ҳурмат-эътибор қозонган, кўпчиликни эзгу ишларга эргаштира оладиган, энг муҳими, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар мазмун-моҳиятини дилдан тушуниб, уларни рўёбга чиқара биладиган фаол ва ташаббускор инсонларнинг сайланишига алоҳида эътибор қаратиляпти.

Пойтахтимиздаги мавжуд 508 та маҳалланинг раис лавозимларига муқобиллик асосида бир нечтадан номзод кўрсатилган бўлиб, сайловлар демократик тамойиллар асосида ташкил этилмоқда. Жумладан, Мирзо Улуғбек туманидаги Нодирабегим номли маҳаллада бўлиб ўтган сайловда фуқаролар йиғини раислиги учун икки нафар номзод — Ёқубжон Қўшоқов ва Хайрулла Зиямуҳаммедов вакилларга ўз режалари ҳақида сўзлаб берди.

Ё.Қўшоқовнинг дастуридан ҳар бир оила билан суҳбатлашиш, «Оила — маҳалла — таълим муассасаси» ҳамкорлигини кучайтириш, нотинч оилалар билан ишлаш каби эзгу мақсадлар жой олган. Х.Зиямуҳаммедов эса маҳаллани ободонлаштириш, ижтимоий, маънавий муҳитни яхшилаш, салбий иллатларнинг олдини олиш йўлидаги ишларни янада жадаллаштиришни мақсад қилган. Сайлов натижаларига кўра, Хайрулла Зиямуҳаммедов маҳалла раиси этиб сайланди.

— Маҳалланинг нуфузи, унинг жамият ҳаётида тутган ўрни тобора ортиб бораётир, — дейди Х.Зиямуҳаммедов. — Жумладан, давлатимиз раҳбарининг «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан, эндиликда маҳалланинг аҳоли билан ишлаш ва ўзаро ҳамкорлик тизими тубдан такомиллаштирилади, йиғин раислари ва масъул котибларининг ойлик маошлари кўпайиши эвазига улар фаолиятининг самарадорлиги оширилади. Рости, бундай ўзгаришларни анча вақтдан буён кутаётгандик. Мазкур маҳалла раиси сифатида фаолият юритаётганимга 11 йил бўлди. Маҳалладошларим томонидан менга яна бир бор юксак ишонч билдирилгани зиммамга катта масъулият юклайди. Бу ишончга келгусида амалий ишларимиз билан жавоб берамиз.

«Ҳамма иш фақат раиснинг гарданига тушиб қолмаслиги керак»

ФАРҒОНА ВИЛОЯТИда ҳам сайлов ўзига хос уюшқоқлик, кўтаринкилик руҳида ўтмоқда. Бу жараёнда аҳолининг фаол иштирок этаётгани уни муқобиллик, шаффофлик тарзида ўтказиш, номзодлар ичидан ҳар жиҳатдан ташаббускорларни саралаб олиш имконини бермоқда.

Фарғона туманидаги «Миндонобод» маҳалласи истиқлол шарофати билан ривожланиб бораётган аҳоли масканларидан. Кейинги йилларда ҳудудда бунёд этилган 1 минг 350 та намунали хонадон, 24 та кўп қаватли тураржой маҳалла қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди. Кўчалар ораста кўринишга келтирилди, замонавий маиший хизмат кўрсатиш тармоқлари фойдаланишга топширилди.

Албатта, ҳар қандай тараққиёт ва ривожланиш ҳамжиҳатлик, ташаббус кўрсатиб ишлаш, аҳоли бошини бир мақсад сари қовуштириб иш олиб боришга боғлиқ. Сайловда иштирок этган 200 нафардан зиёд вакиллар янги маҳалла раисини сайлашда масаланинг айни шу жиҳатларига алоҳида эътибор қаратишди. Якунда Мамадсоли Саидибрагимов энг кўп овоз тўплаб, «Миндонобод» маҳалла фуқаролар йиғини раислигига сайланди.

— Қирқ йилдан буён шу маҳаллада яшайман, — дейди Ҳалимжон ота Юсупов. — Сайловда кўз ўнгимизда улғайиб, камолга етган, ҳаракатдан тўхтамайдиган, ташаббускор номзодга овоз бердим. Тўғри, маҳалламиз, аҳоли турмуш тарзида катта ўзгаришлар юз берди. Бироқ бу ҳамма иш жойида дегани эмас. Раисликка номзод ўз дастурида йиғин ҳаёти билан боғлиқ кўплаб масалаларга алоҳида эътибор қаратгани айни муддао бўлди. Лекин бу борадаги ишлар фақат раиснинг гарданига тушиб қолмаслиги керак. Биз ҳам ўз амалий ҳаракатларимиз, қўллаб-қувватлашимиз билан унга амалий ёрдам берсак, эртанги кунимиз янада фаровон, дастурхонимиз тўкин-сочин бўлаверади.

«Ўзимиз ишонган, тажрибали номзодга овоз бердик»

СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИда ҳам сайлов жараёни юқори кайфиятда ташкил этилмоқда. Ҳудуддаги 718 та маҳалла фуқаролар йиғинида жараённи ана шундай руҳда ўтказиш режалаштирилган.

Узун туманидаги «Янгирўзғор» маҳалласида бўлиб ўтган сайловда раисликка кўрсатилган беш нафар номзоднинг қайси бири шу масъулиятли лавозимга муносиблиги ҳақида 236 нафар фуқаролар вакиллари атрофлича мулоҳаза юритишди. Номзодларнинг келгуси фаолият дастурлари ҳам кенг таҳлил қилинди. Пировардида энг муносиб номзод учун овоз беришди. Унга кўра, Мастура Маъмуржонова энг кўп — 138 та овоз тўплаб, маҳалла раиси лавозимига сайланди.

— Сайловда фуқаролар йиғини раиси лавозимига ўзимиз ишонган, тажрибали, ҳар бир масалага масъулият билан ёндашадиган, маҳаллада обрў-эътибор қозонган номзодга овоз бердим, — дейди маҳалла фаоли Абдурайим Ҳошимов. — Унинг келгуси фаолият дастури менда илиқ таассурот қолдирди. Айниқса, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни, томорқа хўжалигини янада ривожлантиришга қаратилган ғоялари барчага маъқул келди. Шу билан бирга, ёшларни турли зарарли иллатлардан ҳимоя қилишга йўналтирилган истиқболли лойиҳалари маҳалладошларимиз томонидан илиқ кутиб олинди.

300 нафар вакил кимни сайлади?

САМАРҚАНД ВИЛОЯТИдаги 1094 та маҳалла фуқаролар йиғинида янги раис сайланиши режалаштирилган. Шу кунгача 700 га яқин йиғинда мазкур тадбир юқори савияда уюштирилди. Айни чоғда сайлов шаҳар ва туманларда фуқаролар вакиллари фаоллигида қизғин давом этмоқда.

Оқдарё туманидаги «Кумушкент» йиғинидаги сайлов ҳам демократик тамойилларга мос ҳолда ўтказилди. 4 минг 700 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган маҳалла раислигига уч нафар номзод кўрсатилган бўлиб, улар келгуси фаолият дастурлари билан 300 нафарга яқин вакилни таништирди.

— Маҳалла аҳолисининг ушбу тадбирга ўта масъулият билан ёндашганидан қувондик, — дейди мазкур йиғинда сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ раҳбари Р.Худайбердиев. — Хусусан, вакиллар томонидан барча номзодларнинг келгуси фаолият дастурига жиддий эътибор қаратилди. Яширин овоз бериш натижасига кўра, шу вақтгача маҳалла раиси бўлиб ишлаб келаётган Ҳусан Ўролов энг кўп овоз тўплаб, қайта сайланди. Ишонамизки, вакиллар ишонч билдирган раис ҳудудни бундан-да обод қилишга, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшади.

«Энди муаммоларни уйма-уй юриб ўрганамиз»

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ Нурота туманидаги «Эшони Судур» маҳалласида ташкил этилган сайловда фуқароларнинг фаоллиги, уларнинг эртанги кунга ишончи яққол сезилиб турди. Бу уларнинг номзодлар келгуси фаолият дастури билан атрофлича танишиб, зарур тавсиялар ҳамда ғояларини беришида ҳам ўз исботини топди.

195 нафар вакил иштирок этган сайловда дастлаб икки нафар номзод ўзларининг сайловолди дастури билан қисқача таништириб ўтди. Шундан сўнг маҳалла раиси яширин овоз бериш йўли билан аниқланди. Натижаларга кўра, шу пайтгача бу лавозимда ишлаб келган Ўрол Раҳимов қайта сайланди.

— 2003 йилдан буён маҳаллага раислик қилиб келаман, — дейди Ўрол Раҳимов. — Аммо бу йилги сайловда номзодимни қўяр эканман, елкамда улкан масъулиятни ҳис қилдим. Шунинг баробарида Юртбошимиз томонидан биз, маҳалла ходимлари фаолиятига кўрсатилаётган эътибор туфайли менда янги куч, шижоат пайдо бўлди. Маошларимиз оширилди, фуқаролар мурожаати билан ишлаш борасидаги ваколатимиз кенгайди. Эндиликда аҳолини қийнаётган муаммо ва масалаларни ҳал этиш «қулоққа чалинган» гаплар асосида эмас, бевосита уйма-уй юриб, кенг жамоатчилик иштирокида кўриб чиқилиши масъуллар зиммасидаги масъулиятни янада оширади. Қисқаси, имконият ва шароит бор, эътибор ва рағбат етарли, энди фақат ишлаш керак.

Овоз бериш масъулияти

ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИда ҳам сайлов уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Ҳудуддаги 768 та маҳалла фуқаролар йиғинининг барчасида бу жараённи юқори савияда ташкил этиш кўзда тутилган.

Жумладан, Деҳқонобод туманидаги маҳаллаларда ҳам сайлов белгиланган қоидалар асосида ўтказилмоқда. Бунда туман кўмаклашувчи комиссияси ҳамда ишчи гуруҳлар амалга оширган тайёргарлик ишлари муҳим аҳамиятга эга бўлди.

— Сайловни уюшқоқлик билан ўтказишга ҳудудимизда яшаётган ҳар бир фуқаро муносиб ҳисса қўшди, — дейди Оқиртма қишлоқ фуқаролар йиғини фаоли Исмат Пўлатов. — Масалан, ишчи гуруҳ томонидан ташкил этилган умумий йиғилишларда уларнинг фаоллиги яққол сезилиб турди. Зеро, ҳудуд ободлиги ҳамда унинг янада гуллаб-яшнаши кўп жиҳатдан янги сайланган раиснинг ташаббускорлиги ҳамда ташкилотчилигига бевосита боғлиқ. Шу боис фуқаролар вакиллари номзодларнинг фазилатларига алоҳида эътибор қаратдилар. Уларнинг келгуси фаолият дастурларини синчковлик билан ўрганиб чиқишди. Ўз навбатида, ўзларининг таклиф-тавсияларини беришди. Номзоди қўйилган беш нафар фуқаронинг барчаси сайловчиларга яхши таниш. Яширин овоз бериш орқали амалга оширилган жараёнда одамларга номзодни эркин танлаш имконияти яратилди. Якунда кўпчилик овоз билан Юсуф Қирашаров раис лавозимига сайланди.

Рағбат — иш самарадорлигига хизмат қилади

ХОРАЗМ ВИЛОЯТИда бўлиб ўтаётган сайловларда ҳам юртдошларимизнинг фаоллиги кўзга яққол ташланмоқда. Муҳим ижтимоий-сиёсий жараён ҳудуддаги 512 та маҳалла фуқаролар йиғинида байрамона тарзда ўтказилмоқда.

Ана шундай сайловлардан бири Гурлан туманидаги «Навбаҳор» маҳалласида ташкил этилди. Маҳалла раислигига икки нафар номзод кўрсатилган бўлиб, улар сайловчиларни ўзларининг келгуси фаолият дастурлари билан таништирди. Вакиллар номзодларнинг келгуси фаолият дастурлари баробарида, уларнинг шахсий фазилатларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Якунда кўпчилик мақбул топган номзод — Нориммат Алламов раис лавозимига сайланди.

— Менга ишонч билдиргани учун йиғин аъзоларидан миннатдорман, — дейди Нориммат Алламов. — Айни чоғда бу зиммамдаги масъулиятни янада оширади. Сир эмас, бугун маҳалла тизимига кенг имкониятлар яратилмоқда. Айниқса, Президентнинг «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони анчадан буён йиғин фаолларини қийнаб келаётган аксарият масалаларга ечим бўлди. Тўғри, маҳалла иши — шарафли юмуш. Бироқ баъзан фаолларнинг оладиган маоши рўзғор тебратишга-да зўрга етарди. Шу маънода, фармон билан йиғин раиси ва масъул котибининг ойлик маошлари оширилгани айни кўнглимиздаги иш бўлди. Бу рағбат, ўз навбатида, бизга янада самарали ишлаш, одамларни қийнаётган муамоларни бартараф этишда куч-қувват бағишлайди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) сайлови демократик тамойилларга мос ҳолда, юксак савияда давом этмоқда.

Мухбирларимиз хабарлари

асосида тайёрланди.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш