Тил — давлатнинг тўлақонли мустақиллиги белгиси

Фото: Mahalladosh
Фото: Mahalladosh

Ўзбек тили — қадимий ва бой тил. Собиқ тузум даврида бу тил камситилди. Унинг улкан лексик салоҳияти, маъно нозикликларини теран ифодалай олиш хусусиятлари, жозибаси тан олинмади. Ҳатто ўша даврларда миллати ўзбек бўла туриб, Ўзбекистонда яшаб, она тилимизда сўзлашишдан ор қиладиган, мустабид тузум манфаатлари учун ўзлигидан мосуво қилинган авлод шаклланди. Зеро, она тилини билмасдан, уни севмай туриб, инсон қандай ватанпарвар бўлсин?

«Муножот»ни тинглаб сел бўлмаса, юрт ҳақидаги шеърлардан юраги гупурмаса, дунё минбарларида мадҳиямиз янграганда, кўзлари қувончдан ёшланмаса, бундай одам давлатимизнинг келажагини ўз тақдири билан бирга қандай тасаввур қилади?

   Назаримизда, ижтимоий тармоқларда катта баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган «Русский язык нам не чужой» мақоласи муаллифлари(афсуски, уларнинг барчаси зиёли, халқимиз ардоғидаги юртдошларимиз) ана шундай туйғулардан йироқдеклар. 1995 ва 2004 йилларда янги таҳрирда қабул қилинган «Давлат тили тўғрисида»ги қонунда рус тили «миллатлараро мулоқот тили» сифатида эслатилмаганига эътироз билдиришган «ташаббускорлар» рус тили орқали ўзбек миллати нафақат «буюк рус маданияти, балки жаҳон маданияти ва илм-фани билан танишгани»ни иддао қилишган. Мазкур мурожаат туфайли ижтимоий тармоқлар жунбушга келди, айрим зиёлилар, тилшунослар жуда кескин фикрлар билан чиқди.

Бундай ҳолатни «абсурд» дея баҳолаётганлар, «ташаббускорлар» ортида яширин сиёсий кучлар борлигини тахмин қилаётганлар, ҳатто қаҳру ғазабини ифодалаётганлар ҳам йўқ эмас. Яқин ўтмишда Украинада рўй берган қонли низоларга айнан тил масаласи сабаб бўлгани эса хавотирланишга арзийдиган, бундай балонинг юртимизда такрорланишидан ташвиш уйғотадиган сабаблардир.

Аслида ўзбек тилига бундан 30 йил бурун давлат тили мақоми берилган. Ўтган муддатда она тилимиз ўз мавқеини тўла мустаҳкамлаб ололмади, аксинча ҳалигача таъқиблардан, чекловлардан қутулганича йўқ. Ваҳоланки, тилимиз ўз ёзувига(гарчи лотин алифбосига ўтишимиз йилдан-йилга ортга сурилаётган бўлса-да), давлат тили мақомига эга. Манбаларга кўра, бугун дунёда 50 млн.дан ортиқ киши шу тилда сўзлашади. Тилимизга эътибор етарли эмаслиги эса, назаримизда, унинг ахборот-коммуникация технологиялари, интернет тили даражасига кўтарилмаётгани, бу борада тегишли илмий-тадқиқот ишлари етарлича олиб борилмаётгани билан боғлиқ.

Қолаверса, юқори ташкилотлар ўртасидаги ёзишмаларда ҳали-ҳануз рус тили ҳукмрон. Айрим давлат ташкилотларининг сайтларида рус тили мутлоқ устунликка эга.

Шу ўринда юртимизда байналмилал маҳаллалар кўплигини таъкидлаш зарур. 9091 та маҳалланинг аксариятида турли миллат ва элатга мансуб юртдошларимиз бир оила аъзоларидек аҳил ва иноқ яшамоқдалар. Уларнинг ҳар бири ўз тили ва маданияти, урф-одатларидан эмин-эркин фойдаланмоқда, фарзандларига миллий қадриятларини ҳеч қандай тазйиқсиз сингдириб бормоқда. Қувонарлиси, маҳаллаларда ўзаро аҳиллик, меҳр-мурувват, яхши қўшничилик, саховат туйғулари бардавом.

Бу манзаралар Конституциямиз нормаларига ҳамоҳанг. Асосий Қонунимизнинг 4-моддасида мустаҳкамланганидек, «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади». Лекин расмий тил сифатида рус тилига кенг ўрин берилиши, шундоғам етарлича ривожлана олмаётган она тилимиз равнақига болта уриши тайин.

Шундай экан, энди узоқ йиллардан бери ҳал бўлмаётган масала — лотин ёзувига асосланган алифбомизни ислоҳ этиб, тўлиқ жорий этишни кечиктириб бўлмайди. Ўзбек тилига тўғри ва адолатли муносабатни шакллантириш, унга ҳар томонлама эътиборни кучайтириш, тилимизни замонавий илм-фан, интернет тилига айлантириш ҳаракатларига жиддий киришиш даври келди.

Шу пайтгача крилл алифбосидан лотин алифбосига ўтиш ҳақида гап кетганда ёш авлод — мустақиллик ёшлари юқори доираларга чиққанда бу масалага ўз-ўзидан чек қўйилади, деган фикрларга ишониб келганимиз ҳам бор гап. Лекин авлодлар алмашинувини кутишимиз қанчалик тўғри? Пайсалга солинаётган вақтдан айримлар ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қолиши мумкинлигини балки энди тушуниб етармиз?

Тил давлатнинг тўлақонли мустақиллиги белгиларидан бири эканлиги, унинг манфаатларига путур етиши давлат тақдирига соя солишини яхши биламиз. Шу маънода, рус тили бўйича чиқиш қилган зиёлиларнинг ҳаракатини ўзимизга, тилимизга муносабатимизга тутилган кўзгудек қабул қилиш жоиз. Она тилимизга муносабат шу даражага тушиб қолгани энди барчани ҳушёр торттирармикан?...

Хулоса қилиш мумкинки, ҳар соҳада ўзбек тилининг мавқеини ошириш, айни йўналишдаги изланишлар, хатти-ҳаракатларни жадаллаштириш керак. Аммо бу жараёнда зинҳор эркин сўзлашувда қайсидир тилга чеклов ёки тақиқлар қўйиш ярамайди. Ҳар ким ўзи истаган тилда бемалол мулоқот қила олиши, ўз навбатида, шу юрт фуқароси сифатида ўзбек тилини билиши ва ҳурмат қилиши мақсадга мувофиқдир.

Шавкат ЖАВЛОНОВ,

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини

 мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқаруви раиси.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш