Имтиҳон: ҳужжатлар камайди, имтиёзлар кўпайди

Кузатиб бораётган бўлсангиз, газетамизда абитуриентларнинг талаб ва истаклари асосида олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларига оид янгиликлар эълон қилиб борилмоқда. Бу гал олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги асосий ўзгариш­лар тўғрисида маълумот берамиз.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 апрелдаги «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 20 июндаги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор асосида абитуриентларга бир қатор қулайликлар яратилмоқда.

Тиббий маълумотнома талаб этилмайди

Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, мактаб, коллеж ёки лицейда турк тилини (инглиз, немис ва француз тиллари ўқитилмаган ҳолда) чет тили сифатида ўқиган абитуриентлар мазкур тилдан кўп балли баҳо тизими бўйича имтиҳон топширадилар. Бунинг учун тегишли ариза бериши зарур.

Эндиликда олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишда 086-У шакл бўйича тиббий маълумотнома талаб этилмайди.

Кимлар имтиҳонсиз ўқишга киритилади?

Қуйидагилар олий таълим муассасаларига қўшимча давлат грантлари асосида имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинувчилар қаторига киритилди:

— Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни аъло баҳоларга битирган битирувчилар — Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг тавсиясига асосан, бакалавриатнинг хорижий тил ва адабиёт, филология ва тилларни ўқитиш таълим йўналишларига;

— ҳар бир ҳарбий қисмдан биттадан ёш ҳарбий хизматчи қисм қўмондонлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти тавсияномасига мувофиқ.

Сиртқи таълимда қандай ўқиш мумкин?

Киритилган қўшимчалар билан сиртқи шаклда фақат тўлов-контракт асосида ўқиш мумкин. Ҳужжатлар ҳар йили 1 июлдан 30 июлгача қабул қилинади. Кириш имтиҳонлари дастурлари, баҳолаш мезонлари, топшириладиган фанлар (камида учта) блоклари имтиҳонлар бошланишидан олдин абитуриентлар эътиборига етказилади.

Кириш имтиҳонлари 16 августдан 25 августгача ўқитиш тилида ўтказилади. Имтиҳонларга ажратиладиган вақт олий таълим муассасаси қабул комиссиясининг қарори билан белгиланади. Ёзма (амалий) ишлар титул варақларига идентификация рақамини қўйиш йўли билан шифрланган ҳолда топширилади ва текширилади.

Имтиҳонлар тегишли бакалавриат йўналишидаги 3 та фандан тўпланиши мумкин бўлган максимал 189,0 баллдан келиб чиқиб баҳоланади. Ҳар бир фан бўйича саволлар блокидаги фаннинг ўрнига қараб максимал баллнинг 0 фоиздан 100 фоизгача бўлган оралиқда балл қўйилади.

Топширилаётган фанларнинг ҳар бири бўйича имтиҳон натижалари улар ўтказилганидан кейин 1-3 кун муддатда олий таълим муассасаси расмий веб-сайтида эълон қилинади. Синов натижаларидан норози бўлган тақдирда улар расман эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат ичида апелляция аризасини бериши мумкин. У 1-3 кун ичида кўриб чиқилади.

Ўқиш учун белгиланган тўлов 15 сентябргача тўланади, шундан сўнг ректор ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқни расмийлаштиради.

Кириш имтиҳонидан қайси фанлар олиб ташланди?

Магистратурага киришда махсус фанлардан (0 баллдан 100 баллгача) ва чет тилидан (0 баллдан 50 баллгача) синов ўтказилади. Бундан ташқари, олий таълим муассасаси битирувчисининг умумий рейтинги ёки фанларни ўзлаштириш кўрсаткичи аниқланади. Тўпланиши мумкин бўлган максимал балл — 250.

«Информатика ва ахборот технологиялари», «Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти» фанлари бўйича имтиҳонлар, илмий ва илмий-педагогик ишларга қобилиятини аниқлаш мақсадида суҳбатдан ўтказиш синовлар рўйхатидан чиқариб ташланди.

Шу билан бирга, олий таълим муассасасига кирувчига чет тили бўйича имтиҳон топширишдан озод қилиш имконини берадиган TOEFL ва IELTS тизими сертификатлари соҳибларининг балл кўрсаткичлари оширилди: TOEFL бўйича камида 72 балл, IELTS бўйича эса 5,5 балл. Илгари бу натижалар TOEFL бўйича камида 58 балл, IELTS бўйича эса 5 балл бўлиши керак эди.

Мақсадли қабул нима?

Олий таълим муассасалари учун белгиланган қабул квоталари таркибида ҳудудлар кесимида мақсадли қабул квоталари тасдиқланган таълим йўналишларига қабул қуйидаги тоифа абитуриентлар ҳисобидан амалга оширилади:

— муайян ҳудудда доимий яшайдиган (паспортдаги маълумоти бўйича);

— умумий ўрта (10-11-синфлар негизида), ўрта махсус, касб-ҳунар маълумоти тўғрисидаги тегишли ҳужжатга эга бўлган;

— кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон)дан муваффақиятли ўтган.

Ўқишини баҳорги семестрга қайта тиклаш бўйича ариза топшириш эса ҳар йили 15 январдан 25 январгача давом этади. Илгари 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январига қадар эди.

Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари диққатига!

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ижтимоий тармоқлардаги турли норасмий манбаларда олий таълим муассасаларига абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш бошланганлиги ҳақидаги хабарларни расман рад этади.

Республика олий таълим муассасаларига 2019/2020 ўқув йили учун қабул жараёни Ўзбекистон Республикаси Президентининг қабул тўғрисидаги қарори асосида қабул режалари тасдиқланган кундан бошланади.

Олий таълим тизимига оид энг сўнгги ва расмий ахборотлар билан бевосита вазирликнинг расмий edu.uz веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали танишиш мумкин.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш