Бўм-бўш бинолар қачон таъмирланади? (Фоторепортаж)

Фото: Mahalladosh
Фото: Mahalladosh

Бугун ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган тадбиркор учун барча имкониятлар эшиги очиқ. Буни, ҳатто, энг олис қишлоқ ва овулларда ишбилармонлик муҳити қарор топаётгани, одамлар яратилган имтиёзлардан унумли фойдаланаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Аммо беш қўл баробар бўлмаганидек, бу борада айрим жойларда сусткашликлар, ўзибўларчилик ҳолатлари ҳам кўзга ташланмоқда.

Тадбиркорлар инвесторни «хоҳлашмаса»...

Жумладан, Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги «Адолат» маҳалласида бўлиб, бунга яна бир бор амин бўлдик. Йиғин ҳудудига киришимиз билан бизни бўш турган, абгор ҳолатдаги қаровсиз бинолар «қарши олди». Хўш, вақтида қурилишига анча-мунча маблағ сарфланган бинолар нега бундай ҳолга келиб қолди?

— Маҳалладаги 9 та бино «Зилола» масъулияти чекланган жамиятига қарашли бўлиб, унда Давлат активларини бошқариш агентлигининг улуши 74 фоизни ташкил этади, қолган улуш эса 40 нафар жисмоний шахсга тегишли, — дейди Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимлиги бош мутахассиси Равшан Тўраев. — Объектларни қайтариб олиш мақсадида агентликка бир неча бор мурожаат қилдик. Афсуски, натижа бўлмади. Бу ерда инвесторлар иштирокида ишлаб чиқариш корхоналарини ишга туширмоқчи эдик, бироқ хусусий мулк эгалари рози бўлишмади.

«Бўзчи билганини тўқийди», деганлари шу бўлса керак-да. Акс ҳолда аравани ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа тортишдан кимга наф? Хўш, тадбиркорлар нима учун инвесторлар билан ҳамкорлик қилишни хоҳламади?

— Бу бинолардан фойдаланилмаётганига 10 йилдан ошди, — дейди «Зилола» масъулияти чекланган жамияти мулкдорларидан бири Жўра Наврўзбоев. — Жамият мулкдорлари инвестор таклифига рози бўлишмаганига сабаб — уларнинг ўзлари бу ерда тадбиркорликни йўлга қўймоқчи эди. Аммо бинолардан унумли фойдаланиш учун катта сармоя керак. Бино акцияларининг асосий улуши эса давлат тасарруфида. Агар давлат активларини хусусийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинса, бўш бинолар ўз сармоядорига эга бўлади.

— Очиғи, жамиятга қарашли биноларнинг кўп қисми унинг ижрочи директорлари томонидан талон-торож қилинган, — дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Рўзиев. — Бу бўйича далолатнома тузиб, тегишли ташкилотларга топширганмиз. Галдаги вазифамиз — жамиятни ўзгартириб, молиявий соғломлаштириш учун «Йўл харитаси» ишлаб чиқишдан иборат. Шундан сўнг уни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этамиз. Чиқарилган қарорга асосан, корхона ё сотилади, ё бўлмаса, ишончли бошқарувга берилади.

Раис тақиллатган эшиклар нега «очилмади?»

Маҳалла аҳлининг айтишича, бир вақтлар ҳудудда маданий-маърифий, турли кўнгилочар тадбирлар доимий равишда ўтказиб турилган. Бунда йиғиндаги маданият маркази баҳоли қудрат «хизмат қилган». Бироқ марказнинг бугунги ҳолатини кўриб, унга нисбатан «маданият» сўзини ишлатишни-да билмайсиз. Маҳалла фаоллари бу ҳолатни ҳудудга ишбилармонлар бириктирилгани, тез орада бунёдкорлик ишлари бошланиши билан изоҳлашди, холос.

Йиғиндаги «Туябўғизкимё» корхонасига элтадиган йўл ёқасидаги чиқиндилар уюми ҳам дилни хира қилади. Тўпланавериб, гўё тепаликка айланган чиқиндилар билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

— Чиқиндиларни олиб кетиш бўйича тақиллатмаган эшигим қолмади, — дейди маҳалла раиси Дониёр Ҳайдаров. — Бу масала бир неча бор оммавий ахборот воситаларида ҳам ёритилди. Бироқ таёқ барибир яна бизнинг бошимизда синаётир. Бўш турган биноларга келсак, улар бизнинг балансимизда эмас. Шу боис ҳеч нарса қилолмаймиз. Билсангиз, йиғинимизда шунча қаровсиз, бўм-бўш турган бинолар бўлса-да, ўзимизда хизмат биноси йўқ. Шу боис қўшни маҳалла билан битта бинода фаолият юритяпмиз.

Хўш, йиғин раиси тақиллатган эшиклар нима учун «очилмади?» Масъул ташкилотлар бу ҳолатга нега бефарқ? «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонаси туман филиали бошлиғи Рустам Ниёзовнинг таъкидлашича, ушбу йиғинга ташкилот томонидан график асосида хизмат кўрсатилади. Бироқ чиқиндилар учун алоҳида қутилар ажратилган бўлса-да, йиғин аҳли уларни дуч келган жойга ташлаб кетмоқда. Натижада шундай ҳолат юзага келмоқда.

Сирасини айтганда, эътибор кутаётган бинолар, ободонлаштириш ишларидаги камчиликларга қарамай, йиғинда ижтимоий муҳит барқарорлиги таъминланган. Ўйлаймизки, бундай ишларга ҳамоҳанг тарзда тез орада бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш чоралари кўрилади, ҳудуд ободлигига эътибор кучайтирилади. Биз эса мавзуга яна қайтамиз.

Нигора ЎРОЛОВА тайёрлади.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш